
Тошкентда 19,6 минг йўловчи йўл ҳақини тўламаган
Мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимларига йўл ҳақини тўламаслик ҳолатлари бўйича жарима баённомаларини тузиш ҳуқуқи берилди.

Жорий йилнинг 11 ойида пойтахт жамоат транспортида 19,6 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламай ҳаракатлангани аниқланди. Транспорт вазирлигига кўра, бу ҳолат тизимли назоратни кучайтириш ва ҳақ тўлаш интизомини мустаҳкамлаш зарурлигини намоён қилмоқда.
Шу мақсадда Тошкент шаҳар йўловчи ташиш фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ҳамда Транспорт назорати инспекцияси томонидан кучайтирилган рейдлар ўтказилмоқда. Рейдлар давомида тўловсиз сафар ҳолатлари қайд этилиб, жамоат транспортида тартибга риоя этилишини таъминлашга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда.
Мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимларига йўл ҳақини тўламаслик ҳолатлари бўйича жарима баённомаларини тузиш ҳуқуқи берилди. Масъулларга бу ваколатнинг берилиши қоидабузарликларга тезкор чора кўриш ва қонунчилик талабларини жойида таъминлаш имконини оширади.
Транспорт вазирлиги бу чоралар жамоат транспортида тўлов интизомини кескин яхшилаши, йўловчилар оқимида шаффофликни таъминлаши ва хизмат сифатини оширишга хизмат қилишини қайд этди.





