Энди тадбиркорлар ўрнатган камералар хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчиларни ҳам қайд этади
Ўзбекистонда 1-ноябрдан бошлаб тадбиркорлар томонидан ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги ҳолатларини аниқлашга рухсат берилади.
© gettyimageЎзбекистонда 1-ноябрдан тадбиркорлар ўрнатган камералар хавфсизлик камари тақмаганлик қоидабузарлигини аниқлайди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Ҳукуматнинг 29-октябрдаги (ВМҚ-596) қарори билан тадбиркорлар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини фото ва видео қайд этишни амалга оширувчи комплексларни ўрнатиш шартлари янгиланди.
Ускуналарга қўйиладиган техник талаблар
Қарорга мувофиқ, тадбиркорлар ўрнатган фото ва видео қайд этиш тизимлари хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этилмаган ҳолатларни қайд этиши учун белгиланган умумий техник талабларга тўлиқ жавоб бериши керак.
Хусусан, қоидабузарликни қайд этишда фотосуратлар юқори сифатда бўлиши шарт. Ушбу суратларда ҳайдовчининг юз кўриниши ҳамда унинг хавфсизлик камаридан фойдаланган ёки фойдаланмаганлиги аниқ акс этиши талаб қилинади.
Шунингдек, тизим аниқланган қоидабузарлик ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг «Маъмурий амалиёт» модулига автоматик равишда узатиш имкониятига эга бўлиши лозим. Бу жараёнда қуйидаги маълумотлар тизимга аниқ юборилади:
— Метрологик қиёслаш гувоҳномасининг рақами ва амал қилиш муддати;
— Қоидабузарлик аниқланган сана ва вақт;
— Ҳодиса содир этилган жойнинг аниқ координаталари.
Бундан ташқари, электр таъминотида узилиш юз берганда комплекс узлуксиз ишлашини кафолатлаш мақсадида, тизим камида 8 соат давомида ишлашини таъминлайдиган захира электр манбаи билан жиҳозланиши мажбурий этиб белгиланди.
Кимларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат берилган?
Жорий йилнинг январ ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан автомобилда хавфсизлик камарини тақиш мажбуриятидан озод қилинадиган тиббий кўрсатмалар рўйхати тасдиқланган эди. Унга кўра, қуйидаги ҳолатларда ва касалликларда ҳайдовчи ёки йўловчи камар тақмаслиги мумкин:
— Ўмров ва тўш суяги синиши;
— Елка камари синиши;
— Қовурғалар синиши;
— Чап ўмров суяги чиқиши туфайли ўтказилган оператсиялар;
— Чап ўмров суягининг сохта бўғими синиши;
— Умуртқа поғонасининг компрессион синиши;
— Ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (ИВ босқич);
— Бронхиал астма (ИВ босқич);
— Ўпканинг интерститсиал зарарланиши (фиброз ва бошқалар);
— Ўпканинг бир қисми ёки бутун қисмининг (чап ёки ўнг) олиб ташланиши (лобектомия, пневмонектомия);
— Сурункали юрак етишмовчилигининг ИИИ босқичи ва декомпенсатсия босқичи;
— Оғир юрак-қон томир касалликлари (ўтказилган инфарктлар, ишемия ва бошқалар);
— III даражали (морбид) семизлик (Тананинг масса индекси ≥ 40);
— Паст бўйли (нанизм) 150 сантиметрдан паст;
— Қўл ёки елка ҳаракатини чекловчи неврологик касалликлар;
— Тананинг кўкрак қисмида жойлашган оғир аллергик ёки дерматологик касалликларнинг оғир шакллари (экзема, псориаз ва бошқалар);
— Ўмров, курак, елка, тўш суяклари ва қовурғаларда ички ва ташқи имплантларнинг мавжудлиги;
— Кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғида ўтказилган очиқ турдаги оператсиялар;
— Стомалар мавжуд бўлиши;
— Кўкрак қафаси соҳасидаги йирик ҳосилалар (ўсма).
Мазкур кўрсатмаларнинг аксарияти учун бериладиган тиббий маълумотнома бир йилгача амал қилади. Аммо нанизм ёки ўпка олиб ташланган ҳолатларда ушбу гувоҳнома муддатсиз берилади. Июн ойидан бошлаб ҳайдовчилар мазкур тиббий маълумотномани Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн юклаб олишлари мумкинлиги йўлга қўйилган.





