
Эндиликда вояга етмаган шахслар ҳам банк картаси очиши мумкин
Бунда 14 – 18 ёш оралиғидаги шахслар мустақил равишда, 14 ёшгача бўлганлар эса ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида банк картаси очиши мумкин бўлади.

Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруқни давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжатга мувофиқ, фойдаланувчи субъектларга кўра банк карталарининг турлари кенгайтирилди. Жумладан, бизнес банк картаси – якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахсга ўз ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш имконини беради. Шунингдек, ижтимоий банк картаси – ижтимоий ва бошқа тўловлардан тушган маблағларни бошқариш учун мўлжалланган.
Ушбу ҳужжатга кўра, эндиликда 14 – 18 ёшдаги вояга етмаган шахслар ўзлари мустақил, 14 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-онасидан бири ёки қонуний вакилининг ёзма розилиги асосида тижорат банкларида банк картасини очишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, мазкур ҳужжат билан юридик шахслар учун ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни корпоратив банк карталари орқали тўлаш имконияти ҳам яратилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг 1 ноябр ҳолатида Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 65 млн 44 минг донани ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик.




