add

Эрондаги норозиликларда қурбонлар сони 20 мингга яқинлашгани айтилмоқда

Бугун 09:382 дақиқа

CBS манбаларига кўра, Эронда 2025 йил охирида бошланган оммавий норозиликлар вақтида ҳалок бўлганлар сони аввал айтилганидан анча юқори бўлиши мумкин.

Эрондаги норозиликларда қурбонлар сони 20 мингга яқинлашгани айтилмоқда

CBS News хабарига кўра, 2025 йил охирида бошланиб, учинчи ҳафтага кирган Эрондаги оммавий норозилик намойишлари деярли фуқаролик уруши кўламига чиқди. Телерадиоканал икки манбага таяниб, норозиликлар ва уларнинг куч билан бостирилиши натижасида ҳалок бўлганлар сони 20 минг нафаргача етиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг манбаларидан бири бевосита Эрон ичида жойлашган.

Унинг сўзларига кўра, бу рақамлар мамлакат бўйлаб тиббиёт ходимлари тайёрлаган ҳисоботларга асосланган бўлиб, ушбу маълумотлар фаоллар қўлига тушган. Шунингдек, Эрон куч тузилмалари Теҳрондаги хусусий шифохоналарга рейдлар уюштириб, даволанаётган намойишчиларнинг исм-шарифлари ва манзилларини талаб қилаётгани айтилмоқда.

CBSʼнинг таъкидлашича, телеканал бу маълумотларни мустақил тарзда тасдиқлай олмаган. Бироқ сешанба куни мухолифатга яқин Iran International телеканали норозиликлар вақтида тахминан 12 минг киши ҳалок бўлганини хабар қилган. АҚШдаги яна бир манба эса қурбонлар сони 10–12 минг орасида бўлиши мумкинлигини айтган.

13 январ куни Буюк Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер мамлакат ҳукумати маълумотларига кўра, Эронда камида 2 минг киши ҳалок бўлган бўлиши мумкинлигини, бироқ ҳақиқий рақам юқорироқ эканини инкор этмаслигини билдирди.

Аввалроқ Эрон расмийси Reuters агентлигига 2 минг нафар қурбон ҳақида маълум қилган, The New York Times эса тахминан 3 минг киши ҳалок бўлганини ёзган. Human Rights Activists News Agency маълумотларига кўра эса, қурбонлар сони камида 646 нафарни ташкил этади.

Норозиликлар санкциялардан азият чекаётган иқтисодиёт шароитида асосий товарлар нархининг кескин ошиши ортидан бошланган. Савдогарлар ва талабалар чиқишлари тез орада мамлакатнинг барча 31 вилоятини қамраб олди. Намойишчилар исломий тузумни ағдариш ва 1979 йилда бекор қилинган монархияни тиклашни талаб қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп намойишчиларни ортга чекинмасликка чақириб, Вашингтон томонидан ёрдам ваъда қилгани ҳақида хабар берган эдик. Унинг таъкидлашича, аниқ қурбонлар сони ҳали номаълум, аммо «битта инсоннинг ўлими ҳам ортиқча».

Теглар

Мавзуга оид