
Фабио Каннаваро: «Ўзбекистон жаҳон чемпионатидаги энг қийин гуруҳлардан бирига тушди»
Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатидаги дебюти кучли рақиблар туфайли қийин бўлишини таъкидлади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 қуръасига кўра К гуруҳидан жой олди ва ушбу тузилма бош мураббий Фабио Каннаваро томонидан «энг қийин гуруҳлардан бири» сифатида баҳоланди. Унинг таъкидлашича, Португалия ва Колумбия каби жаҳон даражасидаги рақиблар билан тўқнаш келиши терма жамоа олдида жиддий синов қўяди.
Каннаваро Deportes RCN’га берган интервюсида Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги илк иштироки мусобақага тайёргарлик жараёнини янада мураккаблаштираётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, рақиблар савиясидан ташқари, ички футбол тизимидаги чекловлар ҳам жамоанинг ривожланишига таъсир қилмоқда. Миллий чемпионатдаги ўйинлар шиддати ҳали юқори даражага етмагани, бунинг ўзи ҳам жиддий омил эканини у таъкидлади.
Италиялик мутахассис Колумбия терма жамоасини гуруҳдаги энг хавфли рақиблардан бири сифатида кўрди.
«Колумбия - кучли жамоа: уларда тезлик, техника, юқори интенсивлик ва истеъдод бор. Бу жуда юқори савияли терма жамоа ва уларга қарши ўйин осон бўлмайди».
Каннаваро Ўзбекистон қандай тактика билан ҳаракат қилиши лозимлигини ҳам айтиб ўтди.
«Бундай рақибларга қарши индивидуал ҳаракатлар иш бермайди. Ягона механизм сифатида ҳаракат қилишимиз керак. Футбол - бу жамоавий ўйин ва фақат шу йўл билан биз Колумбия ва Португалияга ниманидир қарши қўйишимиз мумкин».
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2026даги илк ўйинини 18 июн куни Колумбияга қарши ўтказади. 23 июн куни эса терма жамоа Португалияга қарши муҳим беллашувда майдонга тушади.
2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида бўлиб ўтади. Мусобақа тарихда илк бор 48 та терма жамоани бирлаштиради. Канада ва Мексика 13 тадан ўйинга мезбонлик қилади; Канадада ўйинлар Торонто ва Ванкуверда, Мексикада эса Мехико, Гвадалахара ва Монтеррейда ўтказилади. Қолган барча учрашувлар АҚШнинг йирик стадионларида ташкил этилиши режалаштирилган.





