
Фермерларга кредит ажратишда рейтингга қараб фоиз ставкаси пасайтирилади
Йўлга қўйиладиган янги моделга кўра, кредит рейтингига қараб хўжаликларга пасайтирилган ставкада кредит ажратиш орқали интизомли фермерларнинг кредит юки камайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тақдимотда келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилгани, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши маълум қилинди. Бу борада жорий қилиниши таклиф этилаётган янги қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан плёнка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш таклиф қилинди. Ҳосил етиштиришда кредит лимитининг 50 фоизигача фойдаланганда, сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратилса, ўз маблағи ва қисман кредит ҳисобидан ҳосил етиштирадиган фермерлар сони 4-4,5 мингга етиши ва уларнинг 2,5-3 триллион сўм маблағи иқтисод бўлиши таъкидланди.
Қайд этилишича, фермерлар орасида «интизомли бўлиш – арзон кредит» моделини шакллантириш учун «А» кредит рейтингига эга хўжаликларга 2 фоизга, «B» тоифадагиларга 1 фоизга пасайтирилган ставкада кредит ажратиш ва шу орқали интизомли фермерларнинг кредит юкини камайтириш таклиф қилинди.
Ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Шунингдек, янги ташкил этилган Аграр соҳада тўловлар агентлигига юклатилган вазифалар ижроси қандай ташкил этилиши кўриб чиқилди. Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида 52 турдаги субсидия ажратилмоқда. Янги тизимда ушбу жараён тубдан соддалаштирилиб, инсон омили тубдан қисқартирилиб, бюрократия камайтирилади, аризаларни кўриб чиқиш тўлиқ рақамлаштирилади ва барча жараёнлар «Агропортал» орқали амалга оширилади.
Бунинг учун, «Агросубсидия» ахборот тизимига 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграция қилинади.
Жумладан, 2026 йил учун мўлжалланган 1,3 триллион сўмлик субсидияларни талабгорлар иштироки зарур бўлмаган ҳолда давлат идоралари томонидан проактив тарзда, қолган субсидиялар айрим келишиш, хулоса олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини чиқариб ташлаган ҳолда соддалаштирилган тартибда, ортиқча оворагарчиликсиз берилади. Натижада субсидия ажратиш муддатлари кескин қисқаради.
Президент юқоридаги масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.





