add

Ford Focus’нинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди — бутун бир давр якунланди

Ford Европа бозорида машҳур бўлган Focus моделини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Компания энди электромобиллар ва кроссоверларга тўлиқ ўтишга йўналмоқда.

Ford Focus’нинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди — бутун бир давр якунланди

Ford расман 27 йил давомида Европада энг кўп сотилган моделлардан бири бўлган Focus автомобилини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу қарор компаниянинг Европа учун тузилган электромобиллар стратегик режаси доирасида қабул қилинган, деб ёзмоқда Autocar.

Focus ўрнини янги Explorer ва Capri электрокроссоверлари эгаллади. Ушбу моделлар Volkswagen Group’нинг MEB электр платформасига асосланган бўлиб, икки автоконцерннинг ҳамкорлигини намоён қилади.

Focus ишлаб чиқарилган Германиянинг Саарлуис шаҳридаги заводда автомобиллар йиғилиши тўхтатилди. Ford ушбу заводда бошқа моделларни ишлаб чиқаришни режалаштирмаётганини маълум қилган ва ҳалигача унинг келажаги бўйича аниқ қарор қабул қилинмаган.

Focus ва Fiesta’нинг кетиши Ford’ни Европа бозорида кучсизлантирди. ACEA маълумотига кўра, компания 2015 йилда Европада 2-ўринда бўлган бўлса, 2024 йилда 12-ўринга тушиб кетди. Шу давр мобайнида компания бозор улушининг ярмини йўқотган.

Ford ўз позицияларини тиклаш учун Жим Баумбикни Европа бўлимига раҳбар этиб тайинлади. У аввал Focus ва Kuga лойиҳаларига раҳбарлик қилган ва энди Европа мижозларига мос янги маҳсулотлар ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Focus’нинг кетиши Ford учун катта ўзгаришларни англатади. Компания оммавий ва арзон ҳэтчбеклар сегментидан чиқиб, электромобиллар ва юқори маржали кроссоверларга эътибор қарата бошлади. Бу стратегик қарор экологик талаблар ва бозор тенденцияларига жавоб бўлса-да, анъанавий мижозларни Volkswagen Golf ва Toyota Corolla каби рақобатчиларга бой бериш хавфини ҳам туғдиради.

Теглар

Мавзуга оид

Ford Focus’нинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилди — бутун бир давр якунланди | Vaqt.uz