
«Formula 1 » юлдузлари Тошкентга келади
9–12 декабр кунлари Марказий Осиё тарихида илк бор «FIA General Assembly» ва «FIA Awards» маросими Тошкентда ўтказилади.

Декабр ойининг иккинчи ҳафтасида Марказий Осиё миқёсида илк бор Халқаро автомобил федерацияси — FIAнинг Бош ассамблеяси ва йилнинг энг нуфузли автоспорт мукофотлаш маросими — «FIA Awards» Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, тадбирда жаҳон автоспорти вакиллари, 149 мамлакатдан 500 дан ортиқ юқори мартабали делегатлар ва FIA федерациялари вакиллари, шунингдек, 100 дан ортиқ профессионал пойгачилар иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбирлар доирасида Тошкент илк бор автоспорт оламидаги энг йирик ва нуфузли тадбирлардан бири — «FIA Gala»га ҳам мезбонлик қилади. Бу маросимда турли автомотоспорт чемпионатлари ғолиблари тантанали тарзда тақдирланади. Жумладан, «Formula 1», «World Rally Championship (WRC)» ва «World Endurance Championship (WEC)» мусобақаларида ғолиб чиққан спортчилар тақдирланади.
«FIA Gala» деб номланган маросим автоспорт дунёсидаги энг нуфузли тадбир ҳисобланади. Унда йилнинг энг яхши ҳайдовчилари ва жамоаларига халқаро мукофотлар топширилади. Мазкур галани Тошкентда ўтказиш мамлакатнинг спорт ва туризм соҳасидаги глобал нуфузини янада оширади, деб баҳоланмоқда.
Маълумот учун, FIA ташкилоти 1904 йилда тузилган бўлиб, унинг асосий вазифаси — автомобил спортини бошқариш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ривожлантириш ва автомобиль саноати манфаатларини ҳимоя қилишдир. Федерация «Formula 1», «WRC», «WEC» ва бошқа йирик халқаро серияларнинг расмий бошқарув органи сифатида фаолият юритади.





