
Француз университети учун «қурбон» қилинаётган ўзбек тили лицейи
Тошкентда Ўзбек–француз университети ташкил этилиши муносабати билан ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган академик лицей ёпилмоқда. Педагог ходимлар лицейни асраб қолиш борасидаги арз-додлари эшитилмаётганини айтиб, Vaqt.uzʼга мурожаат қилишди.

Vaqt.uz лицейни ёпиш тўғрисидаги қарор қай даражада асослантирилгани, лицей ўқитувчилари, ўқувчилар ва ота-оналарнинг хавотирлари ҳамда вазирликнинг расмий муносабатини ўрганди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошидаги академик лицейи жамоасидан таҳририятимизга келиб тушган мурожаатда лицей ўқитувчилари, ходимлари ҳамда ота-оналар жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмаётган, бироқ муҳим бўлган қарор оқибатлари юзасидан ўз хавотирларини билдирган.
Гап Ўзбек–Француз университетини ташкил этиш бўйича қабул қилинган Президент қарори ҳақида бормоқда. Ушбу лойиҳа халқаро ҳамкорлик, замонавий таълим ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш билан изоҳланмоқда. Аммо мазкур қарор ортида яна бир муҳим вазият юзага келмоқда: айнан шу лойиҳа доирасида ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган ягона академик лицейни ёпиш режалаштирилган.
Энг ташвишлиси — бу жараён кенг жамоатчилик муҳокамасисиз амалга оширилмоқда. Қайси лицей ёпилаётгани, у нима сабабдан танлангани ва бу қарор минглаб ўқувчилар ҳамда ўнлаб йиллик тажрибага эга педагоглар тақдирига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида расмий изоҳ берилмаган. Лицей жамоаси фикрича, қарор қабул қилиш жараёнида мазкур муассасанинг таълим тизимидаги ўрни, йиллар давомида шаклланган илмий-методик базаси ҳамда инсон омили етарли даражада ҳисобга олинмаган.
Vaqt.uz’га келиб тушган мурожаат айнан шу сукут фонида эътибордан четда қолаётган саволларни олиб чиқмоқда. Чунки гап фақат битта бино ёки битта академик лицей тақдири ҳақида эмас — бу ўзбек тилига бўлган муносабат, давлат тили сиёсати реал ҳаётда қандай ифода топаётгани ҳамда таълим тизимида устувор йўналишлар қайси томонга бурилаётгани билан боғлиқ жиддий масалани кўрсатмоқда.
Vaqt.uz журналисти Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети академик лицейига бориб, вазиятни жойида ўрганди. Ўқитувчилар, талабалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.
«Бу ер шунчаки иш жойи эмас эди» — устозлар нима дейди?
Академик лицей ёпилиши ҳақидаги хабар, энг аввало, шу ерда ишлаётган педагоглар учун оғир руҳий зарба бўлган. Тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси Атажонова домла бу ҳолатни қуйидагича тасвирлайди:
«20 йилдан ортиқ таълим соҳасида ишлаганман. Аммо бундай тартибли, шинам, кучли жамоага эга таълим муассасасида ҳали ишламаган эдим. Бу ерда ҳақиқий зиёлилар, ўз ишининг фидойилари йиғилган эди. Лицей ёпилади деган хабар биз учун шок бўлди», — дейди устоз.
Унинг айтишича, энг тушунарсиз жиҳат — нега айнан ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган ягона лицей танлангани.
«Нима камчилиги бор эди? Нима айби бор эди? Ҳеч қандай изоҳ берилмади. Худди бўш ётган бинодек олиб қўйилгандек қарор чиқарилди. Бу ўзбек тилининг ривожига эътиборсизлик эмасми, деган савол туғилади», — дейди у.

«Биз бу лицейга умримизни бағишладик» — она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Ижтимоий-ҳуманитар фанлар кафедраси мудири, она тили ва адабиёти ўқитувчиси Васила Исмоилова лицей билан боғлиқ қарорни «инсон омили ҳисобга олинмаган ҳолат» деб баҳолайди:
«Биз лицейга бўлган эътиборни ўз уйимиздан устун қўйганмиз. Фарзандларимиздан олдин ўқувчиларимизни ўйлаганмиз. Қизиқишларимизни, вақтимизни, умримизни шу лицейга бағишлаганмиз, — дейди В.Исмоилова. — Бу худди яшаб турган уйингдан “чиқиб кет” дейишгандек ҳолат. Йиллар давомида шаклланган жамоани, муҳитни бошқа жойда қайта яратиб бўлмайди».
«Чет тилини ҳам она тили орқали ўргатдик» — инглиз тили фани ўқитувчиси
Қизиқарли жиҳати шундаки, лицей ёпилишидан энг кўп хавотир билдираётганлар орасида чет тили ўқитувчилари ҳам бор. Хорижий тиллар кафедраси мудири, инглиз тили ўқитувчиси Шаҳноза Темирхўжаева бу вазиятни рамзий жиҳатдан хавфли, деб ҳисоблайди:
«Мен инглиз тили ўқитувчисиман. Лекин доим айтаман: аввал она тилингни пухта ўрган, сўнгра чет тилини. Энди ўқувчиларга буни қандай тушунтирамиз, агар ўзбек тили лицейи ёпилаётган бўлса?» — дейди у.
Унинг айтишича, лицейда инглиз, рус, турк, француз, корейс ва хитой тиллари чуқурлаштириб ўқитилган, ўқувчилар B2 ва C1 даражаларига етган. Аммо бу тизимнинг асоси доим ўзбек тили бўлган.
Аниқ фанлар кафедраси мудири Нигора Шoдиева лицей ёпилиши моддий ва экологик зарар ҳам келтиришини эслатади:
«Сўнгги йилларда Ташаббусли бюджет орқали синфхоналар замонавий техника билан жиҳозланди. Бу — давлат маблағи. Энди бу меҳнат ва маблағлар ҳавога совуриладими?» — дейди у.
Унинг таъкидлашича, лицей 20 йиллик тарихга, мустаҳкам тизимга ва бутун мамлакат бўйлаб танилган битирувчиларга эга.
Академик лицей жамоасининг деярли барча вакиллари бир фикрда: қарор қабул қилинишида инсон омили умуман ҳисобга олинмаган. Устозлар айтишича, лицей ёпилиши — бу шунчаки муассаса тугатилиши эмас, балки йиллар давомида шаклланган муҳит ва тизимнинг парчаланишидир.
Пенсия ёшига яқинлашиб қолган рус тили фани устози шундай дейди:
«Мен шу лицейда ишлаб, шу ердан пенсияга чиқаман, деган ният билан юрар эдим. Бошқа жойлардан таклифлар бўлган, лекин рад этганман. Энди эса тўсатдан қарор чиқди: “Ёпилади”. Бизинг тақдиримиз нима бўлади?»
«Бизинг айбимиз нима эди?»
Устозлар такрор ва такрор битта саволни қўймоқда: нега айнан шу лицей?
«Агар лицей ёпилаётган бўлса, демак, нимадир нотўғри қилинган бўлиши керак. Лекин бизга бирор камчилик айтилгани йўқ. Аксинча, натижаларимиз ва кўрсаткичларимиз доим юқори бўлган», дейишмоқда улар.
Лицейда нафақат ўзбек тили, балки инглиз, рус, турк, француз, корейс ва хитой тиллари ҳам чуқур ўқитилган. Рус гуруҳларида таҳсил олган ўқувчилар Россия ва бошқа давлатлардаги университетларга ўқишга кирган. Кўп тилли, кенг дунёқарашга эга битирувчилар етишиб чиққан.
«Биз жамиятга етук инсонлар етиштирдик. Бу фактни инкор қилиб бўлмайди», дейишмоқда педагоглар.
Бу фикрлар қуруқ даъво эмас, балки аниқ натижалар билан тасдиқланади. Академик лицей ўқувчилари сўнгги йилларда фан, спорт ва ижод йўналишларида республика ва халқаро миқёсда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилда Республика фан олимпиадасининг республика босқичида она тили ва адабиёт фанидан совринли ўрин қўлга киритилган. Кейинги йилларда — 2022/2023 ва 2023/2024 ўқув йилларида Тошкент шаҳар босқичида она тили ва адабиёт, тарих ҳамда ўзбек тили фанлари бўйича биринчи ва иккинчи ўринлар қайд этилган.

Шунингдек, лицей ўқувчилари «Зулфия» номидаги давлат мукофотининг вилоят босқичида ғолиб бўлган, «Баркамол авлод» спорт мусобақаларида шаҳар ва республика даражасида совринли ўринларни эгаллаган. 2023/2024 ўқув йилида эса Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган «Иқтидорли ёшлар» халқаро ижодий танловида эссе йўналиши бўйича биринчи ўрин қўлга киритилган.
Энг муҳим кўрсаткичлардан бири — битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш даражаси. Бу кўрсаткич йилдан йилга барқарор ошиб борган: 2023 йилда — 92,7 фоиз, 2024 йилда — 94,3 фоиз, 2025 йилда эса 95 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, лицей ўқувчилари умумтаълим фанлари ва чет тиллари бўйича миллий ҳамда халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлиб, она тили, тарих, инглиз тили ва бошқа фанлардан билим даражасини амалда намоён этиб келмоқда. Лицей жамоаси айнан шу натижалар таълим сифати, педагоглар салоҳияти ва тизим тўғри йўлга қўйилганининг яққол исботи эканини таъкидлайди.
«Бу лицей боламизни ўзгартирди» — ота-оналар нима дейди?
Академик лицей ёпилиши ҳақидаги хабар ота-оналар орасида ҳам жиддий хавотир уйғотган. Vaqt.uz билан суҳбатда бўлган ота-оналар лицейни нафақат таълим муассасаси, балки фарзандларининг ҳаётида бурилиш ясаган маскан сифатида таърифлайди.
Бир ота қизини айнан шу лицейга кўчириб келганини айтади: «Қизим мактабда ўқимаган. Жанг, жанжал, асабийлик бор эди. Бу ерга келиб, бутунлай ўзгарди. Китобга қизиқди, ўзини тутиши ўзгарди. Мен бу лицейга бериб барака топдим».
Унинг таъкидлашича, лицей ёпилса, энг катта савол — болалар қаерга боради: «Агар бошқа тайёр жой бўлса, бошқа гап. Ҳозир эса болаларни тарқатиб юборишмоқчи. Қаерга боради улар? Борадиган жойи йўқ».
Отанинг айтишича, қизининг орзуси айнан шу лицейда шаклланган:
«Она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўламан, дейди. Лицей ёпилади деган гап чиққан пайтда кўзидан ёш чиқди. Чунки орзулари шу ер билан боғлиқ эди», дейди ота.
Суҳбатда иштирок этган оналардан бири — уч фарзандни вояга етказган она лицейдаги тизимни алоҳида таъкидлайди:
«Қизим бу ерда бор-йўғи бир неча ой ўқиди, лекин инглиз ва рус тили сезиларли даражада яхшиланди. Энг муҳими — хулқи ва интизоми ўзгарди», дейди у.
Унинг айтишича, лицейнинг энг катта устунлиги — репетиторсиз таълим: «Ҳозир кўп жойда институтга тайёрлаш учун алоҳида репетиторга миллионлаб пул кетади. Бу ерда эса бунга ҳожат йўқ. Дарснинг ўзи етарли».
Онанинг таъкидлашича: «Бу ерда коррупция йўқ. Ҳеч қачон пул йиғилмади. Аудиторияларга кириб ҳайрон қолдим — шароит университет даражасида. Бундай лицей Ўзбекистонда кам».
Ота-оналар лицейда фақат билим эмас, тарбия ҳам берилаётганини таъкидлайди. Қизларнинг кийиниш маданияти, ўз вақтида келиб-кетиши ва ўзини тутиши қатъий назоратда.
«Қиз бола билан ишлаш осон эмас. Бу ерда эса тартиб бор. Мен ишда бўлсам ҳам хотиржамман. Энди шундай жой ёпилса, очиғи, хавотирдаман», дейди оналардан бири.
Уларнинг фикрича, муаммо фақат битта оилага тегишли эмас: «Бу ерга вилоятлардан ҳам болалар келади. Ётоқхона бор. Агар лицей ёпилса, бу болалар нима қилади?»
Ота-оналарнинг талаби бир хил. Суҳбатдош ота-оналар Ўзбек–Француз университети очилишига қарши эмас. Аммо улар учун асосий масала — болалар тақдири: «Университет очилсин, бунга сло қарши эмасмиз. Лекин болаларимиз ўқиётган, фаолият кўрсатиб турган лицей ёпилмаслиги керак. Агар жой керак бўлса, бошқа бино топилсин».
Улар зарур бўлса, мурожаат қилишга, жамоатчиликка чиқишга тайёр эканини ҳам билдирмоқда.
«Бу лицей менга йўл кўрсатди» — талаба
Академик лицей тақдири масаласи бу ерда таҳсил олаётган ўқувчилар учун шунчаки ташкилий қарор эмас, балки шахсий ҳаёт йўлининг узилиши сифатида қабул қилинмоқда. 201-гуруҳ ўқувчиси Зокиржонова Нилуфар бунга ёрқин мисол.
У лицейга келгунга қадар мактабда мослашув муаммолари, ўқишга қизиқмаслик ва интизом билан боғлиқ қийинчиликлар бўлганини айтади. Лицейга кириш жараёни унинг учун осон кечмаган: бир ой давомида жиддий тайёргарлик кўрибгина қабул қилинган. Аммо айнан шу жараён Нилуфарнинг ҳаётида бурилиш нуқтасига айланган.
«Мактабда ўқимасдим, одамови эдим. Лицейга келганимдан кейин ўқишга, китоб ўқишга қизиқиб қолдим», — дейди у.

Нилуфарнинг таъкидлашича, лицейдаги асосий фарқ — устозларнинг муносабати ва муҳит. Бу ерда қўполлик ёки босим эмас, балки тушунтириш, йўналтириш ва талабчанлик устувор. Қисқа вақт ичида у она тили фанидан билимини мустаҳкамлаб, сертификат олишга эришган. Энг муҳими, у ўз фикрини очиқ айта оладиган, тадбирларда фаол қатнашадиган ўқувчига айланган.
Энг таъсирли жиҳат шундаки, Нилуфарнинг келажак режалари айнан шу лицей билан боғланган. У бу масканни шунчаки таълим муассасаси эмас, балки ўзини топган, орзулари шаклланган муҳит сифатида кўради:
«Институтни битириб, яна шу лицейга қайтиб, ўқитувчи бўлиб ишламоқчи эдим. Лицей ёпилади деган хабарни эшитиб жуда хафа бўлдим. Чунки бу ер менинг орзум эди», дейли Нилуфар.
Нилуфарнинг бу сўзлари лицей масаласи фақат педагоглар ёки ота-оналар муаммоси эмаслигини, балки бевосита ўқувчиларнинг келажак режаларига таъсир қилаётганини кўрсатади. Унинг мисолида академик лицей ёшлар учун билим беришдан ташқари, мақсад ва йўналиш белгилаб берадиган муҳим муҳит экани яққол намоён бўлади.
Расмий муносабат: «Бу қарор ўзбек тилига эътиборсизлик эмас»
Академик лицей жамоаси, ота-оналар ва ўқувчилар билдирган хавотирларга жавобан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Vaqt.uz га изоҳ берди.
Вазирлик матбуот котиби Назокат Абдуқундузованинг маълум қилишича, Ўзбек–Француз университетини ташкил этиш бўйича қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги ПҚ–354-сонли қарори асосида қабул қилинган. Қарорнинг асосий мақсади — олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи университетлари дастурлари асосида замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашдан иборат.
Қарорга илова қилинган «Йўл харитаси»га кўра, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети академик лицейи фаолияти босқичма-босқич тугатилади. Бу жараён 2027 йил май ойига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, айни пайтда ушбу лицейда «Хорижий тиллар» ва «Ижтимоий-гуманитар фанлар» йўналишлари бўйича таълим бериб келинмоқда. Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги 23 та академик лицейда ҳам ушбу йўналишларга ўхшаш таълим дастурлари мавжуд бўлиб, ўқувчиларни қабул қилиш ва сифатли таълим бериш учун етарли имкониятлар бор.
Шунингдек, лицей фаолияти тугатилиши муносабати билан у ерда ишлаб келаётган раҳбарлар, ўқитувчилар ва бошқа ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари амалдаги қонунчилик асосида тўлиқ таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар сақланиши қайд этилган.
Вазирлик алоҳида таъкидлашича, мазкур қарор бирор таълим йўналиши ёки ўзбек тилига бўлган эътиборнинг камайиши билан боғлиқ эмас. Расмий изоҳга кўра, қарор таълим тизимини такомиллаштириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, давлат тилининг мавқеига салбий таъсир кўрсатмайди.
Қабул қилиш усули кўпроқ савол туғдирмоқда: Hега айнан ўзбек тили лицейи?
Академик лицей атрофидаги вазият бир таълим муассасасининг ёпилиши билан чекланмайди. Бу ҳолат таълим соҳасида қарорлар қандай қабул қилинаётгани, жамоатчилик фикри қай даражада инобатга олинаётгани ва инсон омилига қандай муносабатда бўлинаётганини очиқ намоён қилди. Лицей жамоаси, ота-оналар ва ўқувчиларнинг хавотирлари ҳиссиёт эмас, балки йиллар давомида шаклланган самарали тизим, аниқ натижалар ва реал тақдирлар билан боғлиқ.
Ўзбек–Француз университетини очиш ғоясига эътироз йўқ. Аммо нима учун янги лойиҳа учун албатта мавжуд, ишлаб турган таълим муассасаси «қурбон» қилиниши шарт? Нега айнан ўзбек тили ва адабиётига ихтисослашган лицей танланди? Бу саволларга ҳалигача аниқ, мантиқий ва ишончли жавоб берилгани йўқ. Расмий баёнотларда умумий иборалар бор, аммо конкрет таҳлил, муқобил вариантлар ва оқибатлар ҳақида сукут сақланмоқда.
Шу билан бирга, мавжуд вазият бир муҳим жиҳатни очиқ кўрсатиб берди: қарор мазмунидан кўра, уни қабул қилиш усули кўпроқ савол туғдирмоқда. Лицей жамоаси ҳам, ота-оналар ҳам ислоҳотларга қарши эмас. Уларга эътироз туғдираётган жиҳат — самарали ишлаб турган муассаса тақдири жамоатчилик иштирокисиз ҳал қилинаётганидир.
Расмий изоҳларда лицей фаолияти тугатилиши таълим йўналишларининг бошқа академик лицейларда ҳам мавжудлиги билан изоҳланади. Аммо бу ёндашув битта муҳим омилни четлаб ўтади: гап алоҳида фан ёки йўналиш ҳақида эмас, балки ўзига хос таълим муҳити, кадрлар таркиби ва йиллар давомида шаклланган тизим ҳақида кетмоқда. Бу омиллар бошқа муассасаларда автоматик равишда такрорланиши кафолатланмаган.
Лицей жамоасининг таъкидлашича, уларнинг асосий талаблари кескин эмас. Ходимлар университет ташкил этилишига қарши чиқмаяпти. Улар, энг аввало, ўз фаолиятини давом эттириш имконияти сақлаб қолинишини ёки камида қарорни қайта кўриб чиқиш жараёни очиқ ва асосли бўлишини сўрамоқда. Бундан ташқари, педагоглар учун энг муҳим масала — меҳнат ҳуқуқларининг формал эмас, амалда ҳам таъминланишидир. Қонунчиликда кафолатлар борлиги айтилмоқда, аммо уларнинг қандай механизмлар орқали амалга оширилиши ҳозирча очиқ қолмоқда.
Теглар






