Logo

Фуқароларни чет элга ишга юбориш тўлиқ хусусий бандлик агентликларига ўтказилади

Кеча 13:003 дақиқа

Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 миллион сўмдан рағбат пули тўланади.

Фуқароларни чет элга ишга юбориш тўлиқ хусусий бандлик агентликларига ўтказилади © Prezident matbuot xizmati

2027-йилдан бошлаб фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилади ва ҳар бир ҳудуддаги 2-3 тадан техникум йирик тадбиркорлар бошқарувига берилади. Бу ҳақда 2-ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифалар бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, қурилиш, саноат ва логистика соҳаларида малакали кадрларга бўлган талаб ички ва ташқи бозорда ортиб бораётгани инобатга олиниб, ҳудудлардаги техникумлар 15 йил муддатга тадбиркорлар бошқарувига берилади.

Ушбу тизим орқали йилига камида 30 минг нафар, ўқишни тамомлабоқ иш жойида фаолият бошлай оладиган мутахассис тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Битирувчиларга давлат намунасидаги малака сертификати тақдим этилади ҳамда техникумлар тўғридан-тўғри хорижлик иш берувчилар билан боғланади.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг кадр тайёрлаш ва ускуна харид қилишга сарфлаган маблағлари тўланган солиқлардан чегириб ташланади. Шунингдек, чет элда яхши ишга жойлашган ҳар бир битирувчи учун грант ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Ушбу йўналишдаги ташаббуслардан бири сифатида Сергелидаги «Тошкент қувур заводи» ўз усталарини жалб этиб, йилига 2,5 минг пайвандчи, электрик ва чилангар тайёрлаш истагини билдиргани қайд этилди.

«Мен ишонаман: чемпион тадбиркорларимиз чет элда «ўзбек мутахассислари бренди»ни яратишда ҳам давлатга кўмакчи бўлади», – деди Президент йиғилиш давомида.

Хусусий бандлик агентликларига бериладиган имтиёзлар ва қатъий талаблар

Энди хусусий бандлик агентликлари орқали юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 миллион сўмдан рағбат пули тўлаб берилади. Ёшларни касб ва тилга тайёрлаш учун эса техникум биноларининг бир қисми уларга бепул ижарага берилиши белгиланди.

Шу билан бирга, чет элдан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертларга ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади, ўқув жараёни учун келтириладиган зарур ускуна ва жиҳозлар божхона божидан озод қилинади.

Йиғилишда таъкидланишича, хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартиби соддалаштирилгач, икки йил ичида уларнинг сони уч баравар, улар орқали хорижда ишга жойлашганлар сони эса беш карра ортган.

Бироқ бу жараёнда хатолар, коррупция ва фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Бундай муаммоларни бартараф этиш ва ҳуқуқий асос яратиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинган.

Янги тартибга кўра, хусусий бандлик агентликлари тўлиқ шаффоф тизимда ишлайди ва уларнинг очиқ рейтинги юритилади. Агентликларни баҳолашда фуқаронинг аниқ ишга жойлашиши, ҳуқуқлари таъминланиши, юқори даромад олиши ва кафолатли ижтимоий таъминотга эга бўлиши асосий мезон бўлади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга бир ой муддатда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритиш вазифасини юклади. Унда агентликлар фаолиятини ижтимоий хизмат сифатида кўриб, уларни солиққа тортишни шунга мос равишда соддалаштириш назарда тутилади.

Қайд этилишича, халқаро меҳнат бозорида йирик рекрутинг компаниялари иш берувчилар билан малакали мутахассислар ўртасида муҳим боғловчига айланган. 

Йиғилишда бундай компаниялар Ўзбекистонда ҳам мутахассисларни ўзлари тайёрлаб, тўғридан тўғри ишга жойлаштириши учун шароит яратиши зарурлиги таъкидланди.

2027-йил мамлакатимизда иккита йирик халқаро рекрутинг компаниясининг фаолиятини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миграция маркази учун ҳар бир вилоятга 8 млрд сўмдан ажратилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид