Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг энг чиройли голи аниқланди
Овоз бериш якунларига кўра, Элдор Шомуродовнинг мундиалдаги голи иккинчи ўринни олди.
© Foto: cadenaser.comКабо-Верде терма жамоаси ҳимоячиси Сидни Лопеш Кабралнинг Аргентина дарвозасига киритган тўпи ЖЧ-2026 турнирининг энг чиройли голи деб топилди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Конго дарвозасига киритган голи эса иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда мухлислар овоз бериш натижаларига асосланиб, Халқаро футбол федерацияси (FIFA) маълум қилди.
Овоз бериш якунларига кўра, энг яхши голлар учлигини Гаити вакили Вилсон Изидор якунлаб берди. Шунингдек, номзодлар қаторида Элайжа Жаст (Янги Зеландия), Килиан Мбаппе (Франция), Лионел Месси (Аргентина), Керим Алайбегович (Босния ва Герцеговина), Дайдзэн Маэда (Япония), Эрлинг Холанд (Норвегия), Хулиан Алварес (Аргентина), Жуд Беллингем (Англия) ва Ферран Торрес (Испания) каби футболчилар ҳам бор эди.
Муаллифнинг фикрлари ва мухлислар реакцияси
Туркиянинг «Трабзонспор» клубида тўп сурадиган 23 ёшли Кабрал 1/16 финал доирасидаги учрашувнинг 103-дақиқасида Эмилиано Мартинес қўриқлаётган дарвозанинг узоқ бурчагига аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирган эди (2:2).
«Рақибимни алдаб ўтганимдан сўнг бўш жойни кўрдим ва ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Мен иккала оёғимда ҳам яхши зарба бера оламан. Бўш ҳудудни кўриб, юқори бурчакни нишонга олдим ва тўпга жуда яхши зарба бердим», — деди Сидни Лопеш Кабрал.
Футболчи ўз голидан сўнг ҳайратини яшира олмади: «Бошимни кўтариб, тўпнинг юқори бурчакка кетаётганини кўрганимда, «Мен ҳозир нима қилдим?» деб ўйладим. Ишона олмасдим. Жамоадошларимга қарадим – ҳамма бақирар, бошини ушлаганча хурсанд эди», — дейди Сидни Лопеш.
Шунингдек, ҳимоячи голни нишонлаш вақтида онаси билан боғлиқ юз берган ҳолатни эслаб ўтди:
«Ўйиндан олдин онам ва севгилимга агар гол урсам, уларнинг олдига югуриб боришимни айтган эдим. У ерга етиб борганимда, онам йиғлаётганини кўрдим; у менинг шундоққина ёнида турганимни сезмаган ҳам эди. Ҳамма унинг атрофида овора эди, чунки мен гол урганимда у ҳушини йўқотганди!», — деди у.
Маълумот учун, ушбу учрашувнинг якуний ҳисоби 111-дақиқада Кабо-Верде ҳимоячиси Динейнинг автоголидан сўнг ўрнатилди ва Аргентина 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтди. Турнир ғолиби финалда Аргентинани 1:0 ҳисобида мағлуб этган Испания терма жамоаси бўлди.

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026
ЖЧ-2026 ўйинларига оид барча хабарлар битта ҳаволада.




