Logo

Газ «заправка»ларда маиший газ баллонларини тўлдириш учун махсус постлар ташкил этилиши мумкин

Бугун 13:052 дақиқа

«Ҳудудгазтаминот» бу борада тегишли ташкилотларга таклифлар киритилганини маълум қилди.

Газ «заправка»ларда маиший газ баллонларини тўлдириш учун махсус постлар ташкил этилиши мумкин © yadex maps

Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари ҳудудида маиший газ баллонларини хавфсиз тўлдиришга мўлжалланган, алоҳида жиҳозланган махсус постлар ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда 24-ноябр куни «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аҳолига маиший газ баллонларини тўлдириш бўйича қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида тегишли ташкилотларга таклифлар киритилган.

«Маиший газ баллонларини тўлдириш хизмати аҳоли учун чекланмаган. Амалдаги тартибга мувофиқ, бу хизмат тегишли талабларга жавоб берадиган ва белгиланган тартибда рухсатга эга махсус газ тўлдириш стансиялари (ГТС) ҳамда шохобчалари (ГТШ) орқали амалга оширилади. Республика бўйича ЛПГ-Траде МЧЖ тасарруфида бўлмаган 360 дан ортиқ газ тўлдириш шохобчаси ва стансияси мавжуд бўлиб, улар мустақил юридик шахслар томонидан фаолият юритади. Ушбу ГТС ва ГТШлар аҳоли маиший газ баллонларини тўлдириш ҳуқуқига эга», — дейилади «Ҳудудгазтаминот» хабарида.

Шунингдек, компания маиший газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш хавфсизлик талабларига зид эканлигини эслатиб ўтди.

Маълумот учун, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг 674-бандида белгилаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 2-ноябрда қабул қилинган 1186-сон қонун билан автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший газ баллонларини суюлтирилган газ билан тўлдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Мазкур норма 2027-йил 5-февралдан кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид