add

Ғазода икки йиллик урушдан сўнг мактаблар яна очиляпти

Ғазо секторида тинчлик келишуви кучга кирганидан кейин баъзи мактабларда дарслар бошланаётгани маълум қилинди.

Ғазода икки йиллик урушдан сўнг мактаблар яна очиляпти

БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги (UNRWA) Ғазо секторида тинчлик келишуви кучга кирганидан сўнг айрим мактабларда дарслар қайта бошланиб, болалар аста-секин таълим жараёнига қайтаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда Al Arabiya нашри.

UNRWA раҳбари Филипп Лаззарини айтишича, ҳозиргача 25 мингдан ортиқ ўқувчи агентлик ташкил этган «вақтинчалик таълим марказлари»да ўқишни бошлади, яна 300 мингга яқин бола онлайн таълим оляпти.

Қайд этилишича, Нусайрат шаҳридаги «Ал-Ҳассайна» мактабида 1 ноябрдан дарслар бошланган бўлиб, синф хоналарининг етишмаслиги туфайли болаларнинг кўп қисми полда ўтирар экан. Мактаб уруш даврида ўнлаб қочқин оилалар учун бошпанагa айланган, ҳозир ҳам айримлар шу ерда яшашда давом этмоқда.

11 ёшли ўқувчи Варда Радван икки йиллик танаффусдан сўнг мактабга қайтганидан мамнунлигини айтди: «Мен олтинчи синфда ўқийман, аммо кўчиш ва уруш сабаб икки йил таълимдан узилиб қолдим», деди у.

Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, мактабларда ҳозирча фақат араб тили, инглиз тили ва математика фанлари ўқитиляпти. Оилалар эса болаларни мактабга тайёрлаш учун дафтар, китоб ва қаламлар етишмаётганини билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябр куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазога дарҳол «кучли зарбалар» беришни буюргани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ғазода икки йиллик урушдан сўнг мактаблар яна очиляпти | Vaqt.uz