Гўшт импорти кескин ошди: бозорда нархлар ҳам қимматлашмоқда

Февраль ойида Ўзбекистонга гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти кескин ошди. Импорт ҳажмининг кўпайиши билан бирга мол, қўй ва парранда гўштининг ўртача нархлари ҳам кўтарилди.

Гўшт импорти кескин ошди: бозорда нархлар ҳам қимматлашмоқда

2026 йил февраль ойида Ўзбекистонга жами 86,1 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинди.

Импорт таркибида асосий улуш мол гўштига тўғри келган. Хусусан, февраль ойида 67,2 млн долларлик мол гўшти импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки каррадан зиёдга ошган.

Гўшт импорти ҳажмининг кескин кўпайиши билан бирга импорт нархларида ҳам ўсиш кузатилмоқда. Февраль ойида мол гўштининг ўртача импорт нархи 1 килограмм учун 4,71 долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич аввалги ойга нисбатан 0,08 долларга юқорилаган.

Шунингдек, қўй гўштининг ўртача импорт нархи 1 килограмм учун 2,72 долларга етди. Бу эса 0,38 долларлик ўсишни англатади. Парранда гўшти эса ўртача 1,27 доллардан импорт қилинган бўлиб, унда ҳам 0,08 долларлик қимматлашиш қайд этилди.

Гўшт яна юқори қимматлаган маҳсулотлар қаторида

Феврал ойида гўшт маҳсулотлари ички бозорда энг кўп қимматлаган озиқ-овқат маҳсулотлари қаторига кирди. Статистикага кўра, ой давомида қўй гўшти нархи 2,6 фоизга ошган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан 27,4 фоизга юқори.

Шу билан бирга, суяксиз мол гўшти нархи ой давомида 1,6 фоизга ошган. Бу эса 2025 йил феврал ойига нисбатан 24,0 фоизлик ўсишни кўрсатади. Суякли мол гўшти ҳам шу даврда 1,6 фоизга қимматлашган бўлиб, йиллик ҳисобда 22,4 фоизга ўсган.

Парранда гўшти нархи эса ой давомида 1,4–1,8 фоизга ошган. Йиллик таққосламада ушбу маҳсулот нархи 7,0 фоиздан 7,5 фоизгача ўсгани қайд этилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид