add

Гулистондаги портлаш ортидан 3 мансабдор шахс қамоққа олинди

Бугун 09:567602 дақиқа

Аввалроқ Президент ҳам портлашда жароҳат олганлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг яқинлари билан суҳбатлашган эди.

Гулистондаги портлаш ортидан 3 мансабдор шахс қамоққа олинди

Гулистондаги газ баллон портлашга тааллуқли мансабдор шахсларнинг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 2 декабр куни соат 10:50 ларда Гулистон шаҳар, Тараққиёт маҳалласи ҳудудида жойлашган «Bek Family Cafe» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шаҳобчаси ошхонасида мавжуд бўлган ўчоққа ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда уланган 50 литр ҳажмдаги суюлтирилган пропан газ баллонидан сизиб чиққан углеводород гази ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш юзага келган.

Оқибатда, 29 нафар фуқаролар турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган. Олган тан жароҳатлари натижасида 3 нафар фуқаро вафот этган. Беморлардан 5 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани сабабли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган, қолган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 192¹¹-моддаси 1-қисми, 257-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари ва 259-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, «Bek Family Cafe» МЧЖ мансабдор шахсларининг 3 нафари процессуал тартибда қамоққа олинган.

«Ҳозирда, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов бошчилигида ҳамкор идораларнинг мутахассисларидан ташкил топган тергов гуруҳи томонидан барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда. Тергов жараёни назоратга олинган бўлиб, якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади ҳамда жамоатчиликка ахборот берилади», — дейилган вазирлик хабарида.

Маълумот учун, «Bek Family Cafe» Сирдарёда турли йўналишларда ўнлаб йирик тадбиркорлик лойиҳаларига эгалик қилувчи МЧЖ ҳисобланади. МЧЖ жумладан, турли кластерлар, фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш заводлари, кафе тармоқлари, қандолатчилик дўконлари ва газ қуйиш шохобчаларига эгалик қилади.

Шунингдек, бу Гулистонда «Bek Family Cafe» билан боғлиқ биринчи фалокат эмас. 2023 йилда Гулистондаги бозорда рўй берган ўта йирик ёнғин ҳам айнан шу МЧЖга тегишли ошхоналардан бирида келиб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифи доирасида шифохонага келиб, улардан хабар олиб, яқинлари билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент 4 декабр куни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида портлаш оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, уч кун муддатда қурбон бўлганларнинг оиласига 100 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилишини маълум қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид