Logo

Humo фойдасини 3,3 баробарга ошириб, 411 млрд сўмга етказди

Бугун 13:552 дақиқа

Тўлов тизими ярим йилда 410,9 млрд сўм соф фойда олди. Компания ҳар 100 сўмлик даромадининг 62 сўмини фойда сифатида сақлаб қолмоқда.

Humo фойдасини 3,3 баробарга ошириб, 411 млрд сўмга етказди © Ijtimoiy tarmoqlar

Humo тўлов тизимини бошқарувчи «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ 2026-йилнинг биринчи ярмини 410,9 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 124,3 млрд сўмга нисбатан 3,3 баравар кўп.

Январь—июнь ойларида компаниянинг даромади қарийб уч баравар ошиб, 224,9 млрд сўмдан 663,7 млрд сўмга етган. Бир йил ичида тушум 438,7 млрд сўмга кўпайган.

Хизматлар таннархи даромадга қараганда секинроқ — 58,7 фоизга ошиб, 102,7 млрд сўмни ташкил қилган. Натижада ялпи фойда 160,2 млрд сўмдан 561 млрд сўмга етиб, 3,5 баравар кўпайган.

Шу билан бирга, давр харажатлари 32 млрд сўмдан 125 млрд сўмга ёки 3,9 баравар ошган. Жумладан, маъмурий харажатлар 4,1 баравар кўпайиб, 76,3 млрд сўмга, сотиш харажатлари эса 900 млн сўмдан 23,4 млрд сўмга етган.

Humo’нинг асосий фаолиятдан олган фойдаси 130,3 млрд сўмдан 436,3 млрд сўмга ошган. Солиқ тўлашдан олдинги фойда 448,7 млрд сўмни, соф фойда эса 410,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Соф фойда рентабеллиги 55,2 фоиздан 61,9 фоизга кўтарилган. Бошқача айтганда, компания ҳар 100 сўмлик даромаднинг қарийб 62 сўмини фойда сифатида сақлаб қолган.

Иккинчи чоракда фойда деярли ўсмади

Humo 2026-йилнинг биринчи чорагида 206 млрд сўм соф фойда олганди. Ярим йиллик натижадан келиб чиқилса, иккинчи чоракдаги фойда қарийб 204,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Демак, йиллик ҳисобда фойда 3,3 баравар ошган бўлса-да, биринчи ва иккинчи чорак натижалари деярли бир хил бўлган. Бунга 1 апрелдан компаниянинг солиқ имтиёзлари бекор қилингани таъсир қилган бўлиши мумкин.

Humo 2025-йил 30-апрелдан IT Park резиденти сифатида солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келганди. Бироқ 2026-йил 1-апрелдан тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари IT Park резидентлари сафидан чиқарилди.

Натижада компаниянинг ярим йиллик фойда солиғи харажати 37,8 млрд сўмни ташкил қилган. Биринчи чоракда Humo атиги 11,2 млн сўм фойда солиғи тўлаганини ҳисобга олсак, солиқ харажатининг деярли барчаси иккинчи чоракка тўғри келади.

1-июль ҳолатига Humo’нинг жами активлари йил бошидан 21,1 фоизга ошиб, 865,1 млрд сўмга етган. Хусусий капитал 14,4 фоизга кўпайиб, 715,4 млрд сўмни ташкил қилган.

Компаниянинг мажбуриятлари 88,7 млрд сўмдан 149,7 млрд сўмга ёки 68,7 фоизга ошган. Уларнинг барчаси жорий мажбуриятлардан иборат. Humo’нинг банк кредитлари ва узоқ муддатли қарзлари мавжуд эмас.

Маълумот учун, Humo 2025-йил бошида Paynet компанияси томонидан 65 млн долларга сотиб олинганди.

Paynet ўзи 2026-йилнинг биринчи ярмини 615,5 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Унинг ярмидан кўпи Humo’дан олинган дивиденд ҳисобига шаклланган.

Humo 2025-йил давомида 312 млрд сўмдан ортиқ соф фойда олган. Компания жорий йилнинг дастлабки олти ойидаёқ ўтган йилги тўлиқ натижадан қарийб 1,3 баравар кўп фойда кўрсатган.

Аввалроқ Uzcard 2026-йилнинг биринчи ярмида қанча фойда олгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид