Ҳумо, қоплон ва сиёсий мунозаралар: Ўзбекистон герби қандай яратилганди ва у ўзгарадими?
Ўзбекистон Миллий архивида сақланаётган оригинал ҳужжатлар ва суратлар асосида VAQT.UZ давлат гербининг яратилиш тарихи, дастлабки эскизлари ва қабул қилинмай қолган вариантларни ўрганди.

Сиёсатшунос ва сенатор Қудратилла Рафиқовнинг гербни ўзгартириш ҳақидаги фикрларидан сўнг ижтимоий тармоқларда муҳокамалар авж олди. VAQT.UZ мазкур мунозаралар фонида давлат гербининг қабул қилиниши жараёни, унга қадар кўриб чиқилган вариантлар ҳамда архив ҳужжатларидаги айрим тафсилотларни ўрганди.
Герб тасдиқланиши: муҳим қарор қачон қабул қилинган?
Ўзбекистонда Давлат герби 1992 йил 2 июль куни Олий Кенгашнинг Х сессиясида «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун асосида расман қабул қилинган. Ушбу қарор мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат рамзларини шакллантириш жараёнининг муҳим босқичи сифатида тарихга кирди.
«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 3 июлда эълон қилинган сонида ёзилишича, «...депутатлар зўр кўтаринкилик ва мамнуният билан Ўзбекистон Республикаси Давлат гербини тасдиқладилар».

«Ўзбекистон овози» газетаси, 1992 йил 3 июл сони. Олий Кенгашнинг Х сессиясидан лавҳа.
Газетанинг ўша сонида «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун ва унинг кучга кириш тартиби ҳақидаги қарор матни тўлиқ эълон қилинган. Ушбу тарихий воқеани матбуот саҳифасида кўриш мумкин.

«Ўзбекистон овози» газетасининг 1992 йил 3 июл сонида эълон қилинган Давлат герби тўғрисидаги қонун матни.
Ўша даврда янги давлатнинг рамзларини ишлаб чиқиш жараёни Конституция қабул қилинишидан аввал бошланган бўлиб, герб, байроқ ва мадҳияга оид концепциялар кенг муҳокама қилинган. Давлат герби Ўзбекистоннинг суверен давлат сифатидаги ўзига хослигини ифодаловчи асосий расмий тимсоллардан бири сифатида тасдиқланган.
Расмий гербда Ўзбекистоннинг табиат, тарих ва мустақиллик ғоялари рамзий тарзда ифодаланган. Марказда Ҳумо қуши бахт ва тинчлик тимсоли сифатида тасвирланган. Қуёш, тоғлар ва водий мамлакат табиатини, пахта ва буғдой эса иқтисодий бойликларни англатади. Юқоридаги саккизбурчак эса мустақиллик ва бирлик рамзидир.
У бугунги кунгача давлат идоралари, расмий ҳужжатлар, халқаро вакиллик ва бошқа расмий жараёнларда қўлланиб келмоқда.
Якуний вариантгача бўлган изланишлар
Расмий герб қабул қилинишидан аввал унинг бир нечта хомаки нусхалари ва эскизлари тайёрланган. Архив материалларида бугунги кўринишга келгунча ўтган ижодий изланишлар ва дастлабки чизмаларни кўриш мумкин.

Давлат гербининг рангли ва оқ-қора тасвири. Манба: Ўзбекистон Миллий архиви.

Якуний вариантгача бўлган эскизлардан лавҳа. Манба: Ўзбекистон Миллий архиви.

Гербнинг якуний вариантига оид чизмалардан бири. Манба: Ўзбекистон Миллий архиви.
Қандай вариантлар кўриб чиқилган?
Давлат гербининг якуний варианти тасдиқлангунча бир нечта лойиҳалар кўриб чиқилган, улар орасида ўзига хос дизайнга эга бўлган муқобил лойиҳалар ҳам бор эди. Улар орасида бугунги гербдан кескин фарқ қиладиган муқобил лойиҳалар ҳам бўлган.
Архив материалларида сақланиб қолган эскизларда айрим элементлар бугунги гербга яқин бўлса-да, умумий композиция ва рамзий ечимлар бошқача шакллантирилган.

Гербнинг янги вариантидаги Ҳумо қушининг эскизи. Манба: Ўзбекистон Миллий архиви.
Ушбу лойиҳалар бугунги гербимиздан дизайн жиҳатидан қуйидагича фарқ қилган:
Чапдаги эскиз вариантида марказда қаддини ростлаган Ҳумо қуши ва унинг ортида кенг дарё водийси, тоғ тизмалари ҳамда порлаётган қуёш нурлари акс этган. Гербнинг пастки қисмида бугунги кунда қўлланилаётган пахта ва буғдой чамбараклари ўрнига тўғридан-тўғри уч тасмали байроқ формати ҳамда ўсимлик барглари жойлаштирилган.
Ўнгдаги эскиз вариантида қушнинг орти бутунлай Давлат байроғи фони билан қопланган. Шунингдек, юқори қисмдаги ярим ой (ҳилол) ёнига 12 та юлдуз руб ал-ҳизб (саккиз қирра) ичига олинмасдан, алоҳида тўрт қатор шаклида тизиб чиқилган. Қушнинг пастки қисми эса миллий нақш, ўзига хос гул элементи ва пахта тасвири билан безатилган.
Қоплон тасвири туширилган лойиҳа
Герб лойиҳалари орасида Ҳумо қушидан ташқари бошқа тарихий ва рамзий образлар ҳам таклиф қилинган. Шулардан бири қоплон (барс) тасвири акс этган вариантдир.

Қоплон (барс) тасвири акс этган герб лойиҳаси. Манба: Ўзбекистон Миллий архиви.
Эскиз марказида қанотларини ёзган қуш ўрнига танаси безакли геометрик нақшлар билан ишланган, ортидан қуёш нурлари таралаётган афсонавий қоплон тасвирланган. Ушбу образ куч-қудрат, жасорат ва юксалиш ғояларини ифодалашга хизмат қилган.

Самарқанддаги Шердор мадрасаси пештоқидаги қоплон тасвири. Манба: Uzbekistan Travels.
Қоплон тимсоли ўз илдизларини Самарқанддаги Шердор мадрасаси пештоқидаги машҳур тасвирлардан олади. Мустақилликнинг илк йилларида ушбу рамз бошқа давлат атрибутларида ҳам қўлланилган.

Мустақилликнинг илк йилларида муомалада бўлган 200 сўмлик банкнота. Манба: Yandex.
Шунингдек, у мустақилликнинг илк йилларида муомалада бўлган 200 сўмлик банкнота дизайнида ҳам қўлланилган бўлиб, унда қуёшни кўтариб бораётган қоплон образи акс эттирилган.
Герб айланасининг юқори қисмида «ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ» ёзуви ва саккиз қиррали юлдуз жойлаштирилган. Пастки қисмида эса пахта чаноқлари ҳамда буғдой бошоқларидан иборат анъанавий безаклар тасвирланган.
Мазкур лойиҳа якуний вариант сифатида қабул қилинмаган бўлса-да, у мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат рамзларини яратиш жараёнида турли ғоялар ва концепциялар синовдан ўтказилганини кўрсатади. Бугунги гербнинг шаклланиши эса ана шу изланишлар ва муҳокамалар натижасида юзага келган.
«Гербни яратиш устида бутун республика, ҳатто президент ҳам иштирок этган»
Давлат герби муаллифларидан бири Анвар Мамажонов аввалроқ Gazeta.uz’га берган интервьюсида герб яратилиши жараёнини эслар экан, танловга бутун мамлакатдан юзлаб таклифлар келиб тушганини айтган.
«Бизга юзлаб турли эскизлар келарди, уларнинг орасида нафақат махсус қоғозларда, балки оддий дафтар варақларида чизилган расмлар ҳам учраб турарди. Гербни яратиш устида бутун республика, ҳатто президент ҳам иштирок этган», — деган рассом.

Мустақил Ўзбекистон ва Ўзбекистон ССР давлат герблари таққосламаси. Манба: Xabar.uz.
Мамажонов суҳбат давомида мустақил Ўзбекистон герби нимага айрим жиҳатлари билан Ўзбекистон ССР гербини эслатишига ҳам изоҳ берган.
«Ўзбекистон ССР герби ўзига хос чиройли эди. Мен очилган пахта чаноқлари ва пишган буғдой бошоқларидан ясалган новдалар — яъни давлатимизнинг энг муҳим бойликларини янги гербга асос қилиб олдим. Улар Мустақилликнинг яна бир рамзи — давлат байроғи рангларидан иборат лента билан боғланган. Шунингдек, тепадаги ўроқ ва болға ўрнига мен саккиз бурчакли шаклнинг ичига ярим ой ва юлдуз тасвирини жойладим. Бу бизнинг республика сифатида такомиллашишимиз ва ўз ўрнимизга эга бўлишимизнинг рамзидир», деган рассом.
Рассомнинг таъкидлашича, герб устидаги ишларда Биринчи Президент Ислом Каримов ҳам фаол иштирок этган. У барча таклиф ва эскизларни кўриб чиқиб, ўз тавсияларини берган.
«Давлат бошлиғига яраша, у бутун иш жараёнини кузатиб, ҳаммасини назорат қилган. Ислом Абдуғаниевич ўз истак ва тилакларини билдириб, барча таклифларни эшитиб, тавсияларини берганлар», — дейди Мамажонов.
Унинг айтишича, дастлабки вариантларда гербда йиртқич ҳайвонлар тасвирланиши ҳам кўриб чиқилган. Бироқ кейинчалик бундай ғоялардан воз кечилган.
«Бошида мен Семурғни жанговар ва ўз Ватанининг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида тасаввур қилгандим. Кейинчалик президентнинг тавсияларидан сўнг Ҳумо қушини тинчлик, эзгулик ва меҳр тимсоли сифатида тасвирлаш кераклигини англадим. Дастлаб қушнинг боши пастга эгилган эди, аммо президент: “Ҳумо қуши мағрур юқорига қараб туриши лозим”, деган эди», — дея хотирлайди рассом.
Архив ҳужжатларидан кўриниб турибдики, бугунги герб бир кунда яратилмаган. Унинг ортида юзлаб эскизлар, турли рамзий образлар, рассомлар ўртасидаги баҳслар ва давлат раҳбарияти иштирокидаги муҳокамалар ётади. Ҳумо қуши, қоплон тимсоли, байроқ элементлари ва бошқа кўплаб ғоялар орасидан айнан бугунги вариант танлаб олинган.
Герб қабул қилинганидан 34 йил ўтиб, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг давлат гербини ўзгартириш ҳақидаги таклифи жамоатчиликда турлича муносабатларга сабаб бўлди. Аввалроқ VAQT.UZ ушбу масала юзасидан иқтисодчилар, сиёсатшунослар ва фикр етакчиларининг муносабатларини жамлаган эди.
Шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларида давлат гербларини ўзгартириш ва янгилаш амалиёти қандай кечгани ҳақида ҳам алоҳида материал тайёрлаган эдик.
Теглар






