Ҳуқуқбон Абдураҳмон Ташановга оид маъмурий иш тугатилди
ЖИБ Миробод туман суди Абдураҳмон Ташановга нисбатан очилган маъмурий ишни «ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги» сабабли тугатганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга нисбатан қўзғатилган маъмурий суд иши тугатилди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.
Маълумотларга кўра, 12 март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, «Ezgulik» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишни МЖТКнинг 271-моддаси 1-қисмини қўллаган ҳолда (маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқлиги сабабли) тугатган. Унинг постларида шахсга доир маълумотлар мавжуд эмас дея топилган.
Абдураҳмон Ташанов аввалроқ «Facebook» ижтимоий тармоғида собиқ Экология ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳибсга олинган мулозими Нозим Абдуллаевга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида постлар ёзган.
«Бу постлардан сўнг ДХХнинг икки нафар мулозими гўёки жабр кўргани, яъни уларнинг шаъни, қадр-қиммати камситилгани борасида шикоят билан ҳарбий прокуратурага мурожаат қилган. Ҳарбий прокуратура аризага асосан маъмурий иш қўзғатган, бироқ иш судда кўриб чиқилиб, даъво рад қилинди», – дейди Абдураҳмон Ташанов.
А.Ташанов Vaqt.uz’га суд якуни билан берган изоҳида мамлакатда қонун устуворлиги йўлида кураш давом этаётгани, бу иш ҳам шу жараённинг бир қисми эканини билдирди. Ҳуқуқ ҳимоячиси шунингдек, суд жараёнлари давомида уни қўллаб турган барча ватандошларга ўз миннатдорчилигини ҳам билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ҳарбий прокурор полковник Отабек Холбоевнинг 2026-йил 28-февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2022-моддаси 1-қисми (ёлғон хабар тарқатиш) асосида маъмурий иш қўзғатилган эди.
12-март куни эса Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Абдураҳмон Ташановга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишда аризачи ва жабрланувчи йўқлиги сабаб суд материалларини ҳарбий прокуратурага қайтаргани ҳақида хабар берилган эди.





