
ИИБ ходимлари пора олаётган вақтларида ушланди
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматининг подполковник ва майор унвонидаги 2 нафар катта тезкор ходими ўғирликда гумон қилинаётган шахсларни қамаб юбориш билан қўрқитиб, ишни «босди-босди» қилиш учун пора талаб қилган.

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматининг подполковник ва майор унвонидаги 2 нафар катта тезкор ходими пора олаётган вақтларида ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг октябр ойида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида боғдорчилик билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли дала майдонидан полиэтилен целлофан ўғирлаб кетилганлиги ҳолати бўйича мазкур туман Ички ишлар бўлимига мурожаат келиб тушади.
Шундан сўнг, Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматининг подполковник ва майор унвонидаги 2 нафар катта тезкор ходими ўғирликда гумон қилиб 4 нафар фуқарони мажбурий тарзда ИИБга олиб кетишади. Сўнгра, уларни қамаб юбориш билан қўрқитиб, ишни «босди-босди» қилиш учун 55 млн сўм талаб қилишади.
Кейинроқ эса тезкор ходимлар зарарни қоплаш учун дея гумонланувчи шахслардан 24 млн сўм олишади.
Шунингдек, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлламаслик ҳамда тўпланган ҳужжатларни маъмурий жавобгарлик келтириб чиқарувчи ҳолатга тўғрилаб, судга юбориш эвазига қўшимча 11 млн сўм талаб қилишади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур катта тезкор ходимлар тамагирлик йўли билан 11 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё va Андижон вилоятларида солиқ инспекторлари қарздорликни «камайтириб бериш» va текширувни ёпиш эвазига пул талаб қилган вақтда қўлга олинганлиги ҳақида хабар берган эдик.





