add

Сирдарё ва Андижонда солиқчилар пора билан қўлга олинди

15.11.2025 | 17:412 дақиқа

Икки вилоятда солиқ инспекторлари қарздорликни «камайтириб бериш» ва текширувни ёпиш эвазига пул талаб қилган.

Сирдарё ва Андижонда солиқчилар пора билан қўлга олинди

Сирдарё ва Андижонда солиқчилар пора талаб қилган вақтда ДХХ ва прокуратура томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Сирдарё вилоятида 7 ноябр куни Солиқ бошқармаси бош инспектори Сирдарё туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилаётган текширув жараёнида солиқдан 400 млн. сўм миқдорида қарздорлик борлигини аниқлайди.

Тақдим этилган ҳужжатлар асосида, бундай ҳолатлар учун аслида қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, ўзининг беминнат ёрдамини таклиф этган Солиқ бошқармаси шўба бошлиғи, бош инспектор билан келишган ҳолда ушбу қарздорликни 90 млн сўмгача камайтириб беришни ваъда қилган.

У «холис» хизмати эвазига 1 500 доллар миқдоридаги пулни олган вақтида ДХХ ва Прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, солиқ қарздорлигини айтилган суммага камайтириш бўйича расмийлаштирилган тегишли далолатномани МЧЖ раҳбарига берган вақтида бош инспектор ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур солиқ ходимларига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Андижон вилоятидаги ҳолатда эса Солиқ бошқармасининг бўлим инспектори вилоятнинг Улуғнор туманида қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖнинг юридик манзилини ўрганиш бўйича текширув олиб боради.

Натижада, у МЧЖ тегишли манзилда фаолият юритмаётгани, ҳисоботда кўрсатилган қолдиқдаги товар-моддий бойликлар бўйича бир қатор номутаносибликлар борлигини аниқлайди.

У ҳолатга оид далолатнома расмийлаштириб, МЧЖнинг банк ҳисоб рақами орқали амалга ошириладиган операцияларни тўхтатиб қўяди.

Аммо, ушбу солиқ инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик ҳамда банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқни олиб ташлашини айтиб, МЧЖ ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ идораси ходими 6 млн сўм эквивалентидаги пул маблағини ўзининг қариндошларига тегишли 2 та банк пластик картасига ўтказдириб олган вақтида ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Теглар

Мавзуга оид