add

ИИВ академиясига ўқишга кириш тартиби янгиланди

Бугун 16:302 дақиқа

Қабул жараёнида кундузги таълим квоталари, масофавий ўқиш, сертификат имтиёзлари ва ёш талабларига оид янги тартиблар жорий этилди.

ИИВ академиясига ўқишга кириш тартиби янгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ички ишлар вазирлиги академияси бакалавриатига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартибига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янгиланган қоидалар қабул жараёнини мақсадли йўналтириш ва кадрлар сифатини оширишга қаратилган.

Қарорга мувофиқ, академия бакалавриатининг кундузги таълим шаклига ажратилган қабул квотасининг 80 фоизи фақат идоравий академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳисобидан тўлдирилади. Фақат «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» таълим йўналиши бундан истисно этилди.

Шунингдек, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб ички ишлар органларида камида уч йил иш стажига эга бўлган ходимлар учун масофавий таълим шакли жорий этилади. Ушбу таълим турида олий маълумотга эга бўлмаганлар тўрт йил, олий маълумотли ходимлар эса тўлов-контракт асосида уч йил таҳсил олади.

Қабул жараёнида фан сертификатларига эга номзодлар учун имтиёзлар сақлаб қолинди. Математика, физика ва кимё фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификат эгаларига тегишли фанлардан максимал ёки пропорционал балл берилади. 2024 йил 1 мартгача олинган миллий сертификатлар бўйича эса олдинги имтиёзлар амал қилади.

IT соҳасидаги халқаро профессионал сертификатларга эга бўлиб, «Рақамли технологиялар» йўналишига ҳужжат топширган номзодларга қўшимча балл тақдим этилади. Бундан ташқари, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбатда энг юқори натижа кўрсатган битта номзод иккинчи курсга тўғридан-тўғри қабул қилиниши мумкин.

Янги тартибда информатика фанидан имтиҳонлар ҳам янгиланди. Билетларда бир назарий савол ва икки амалий топшириқ бўлади, тайёрланиш учун 30 дақиқа ажратилади ва жавоблар 60 баллик тизимда баҳоланади. Шу билан бирга, ёшга оид талабларда «қабул йилида 41 ёшга тўладиган» деган меъёр «40 ёшдаги» ибораси билан алмаштирилди.

Теглар

Мавзуга оид