
Ижтимоий хавфли аҳволдаги болалар учун олий таълимда қўшимча квота ажратилади
Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни таълим билан қамраб олиш мақсадида қабул тартиби ва квоталар кенгайтирилмоқда.

Президент фармонига мувофиқ, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун таълим ташкилотларига қабул қилишда янги механизм жорий этилди. Унга кўра, бундай болалар айрим белгиланган таълим муассасаларига Болалар масалалари бўйича туман ёки шаҳар комиссияси қарори асосида жойлаштирилиши мумкин.
Мазкур жараёнда болаларни таълим муассасаларига юбориш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан берилган йўлланма орқали амалга оширилади. Йўлланма асосида қабул қилинадиган болалар таълим ташкилотларига бепул асосда, ҳеч қандай синов ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Фармонда таъкидланишича, ҳар ўқув йили якунида вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим ташкилотларининг қабул квоталари тасдиқланаётганда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун 5 фоизгача қўшимча квота ажратилиши шарт бўлади. Бу эса ушбу тоифадаги болаларнинг таълим олиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Янги тартиб ижтимоий адолатни таъминлаш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни эрта ёшдан жамиятга мослаштиришга хизмат қилади. Шу орқали таълим тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашнинг институционал асослари мустаҳкамланади.
Бундан ташқари, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия зиммасига қўшимча вазифалар юклатилди. Хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва ҳудудий комиссиялар фаолияти самарадорлигини ўрганиш ҳамда қўшимча квота асосида қабул қилинган болаларнинг хулқ-атвори ва ўзлаштириш даражасини таҳлил қилиш назарда тутилган.
Ушбу чоралар болаларни ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш ва таълим орқали уларнинг келажагини барқарорлаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2030 йилгача болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланди. Унга кўра профессионал тутинган оилалар ташкил этилиб, уларга маош тўланади. Зўравонлик оқибатида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади.





