Ирригация институтида космик кузатув станциялари жойлаштирилади

16.12.2025 | 10:552 дақиқа

Президент ҳузурида бўлиб ўтган тақдимотда сувни тежаш, энергия самарадорлигини ошириш ва илм-фанни ривожлантириш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди.

Ирригация институтида космик кузатув станциялари жойлаштирилади

15 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга сув ресурсларини бошқариш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди. Улар орасида Қорақалпоғистонда насос станцияларини янгилаш ҳамда Тошкент ирригация институти илмий салоҳиятини кучайтириш масалалари алоҳида ўрин олди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикасида 274 та насос станцияси орқали 185 минг гектардан ортиқ ер майдони суғорилади. Улардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилгача ишлаб чиқарилган бўлиб, энергия сарфи замонавий ускуналарга нисбатан 2–3 баробар юқори. Кегейли туманида эски агрегат замонавий насосга алмаштирилгандан сўнг электр энергияси сарфи икки баробарга камайган.

Шу тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насос агрегатини босқичма-босқич энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш режалаштирилган. Натижада йиллик 25 миллиард сўм электр энергияси тежалиши ва лойиҳа харажатлари 14 ой ичида ўзини оқлаши кутилмоқда.

Йиғилишда Тошкент ирригация институтининг ривожланиш кўрсаткичлари ҳам кўриб чиқилди. Университет THE World University Rankings рейтингида 501-ўринни, QS World University Rankingsда эса 469-ўринни эгаллаган. Президент олийгоҳни дунёнинг топ-300 университетлари қаторига киритиш бўйича аниқ чоралар ишлаб чиқишни топширди.

Келгусида институт кампусида космик кузатув станциялари жойлаштирилиб, сунъий йўлдош маълумотларини қабул қилиш инфратузилмаси ривожлантирилади. Бу иқлим ўзгариши, сув захираларини мониторинг қилиш ва илмий таҳлилларни янги даражага олиб чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, «Сув дипломатияси» магистрлик дастурини ишга тушириш, Тошкент халқаро сув ҳафталиги ва Оролбўйида халқаро форум ўтказиш режалари ҳам белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид