Исломофобиянинг «нормаллашуви»: Европа қўрқувни давлат сиёсатига айлантирди

Бугун 19:484 дақиқа

Сўнгги ўн йил ичида Европа Иттифоқида исломофобия иккинчи даражали ҳодиса бўлишдан тўхтаб, сиёсий тизимнинг ажралмас қисмига айланди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, ислом динидан қўрқиш тобора кўпроқ қонунчиликда, давлат сиёсатида ва ижтимоий мулоқотда мустаҳкамланиб бормоқда.

Исломофобиянинг «нормаллашуви»: Европа қўрқувни давлат сиёсатига айлантирди

Европада исломофобия энди фақатгина радикал кайфиятдаги ўнг қанот кучларнинг кўча намойишлари билан чекланиб қолмаяпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қатор мамлакатларда у сиёсий тизимнинг таркибий элементига — парламент мунозараларидан тортиб қонунчилик ташаббуслари ва маъмурий амалиётларгача кириб борган.

Ушбу тенденция айниқса немис тилида сўзлашувчи мамлакатларда — Германия, Австрия ва Швейцарияда яққол кўзга ташланмоқда. Европадаги исломофобия бўйича йиллик ҳисобот муаллифлари — Истанбулдаги Турк-немис университети профессори Энес Байракли ҳамда Жоржтаун университетининг «The Bridge Initiative» лойиҳаси тадқиқотчиси Фарид Ҳафезнинг фикрича, сўнгги ўн йил ичида ушбу минтақа «мусулмонларга қарши кайфиятни институционаллаштириш лабораторияси»га айланган».

Байракли ва Ҳафез «TRT Deutsch» нашрида эълон қилинган қўшма мақоласида қайд этишича, 2015-йилги миграция инқирозидан сўнг Европанинг мусулмонларга нисбатан сиёсати тобора кўпроқ «хавфсизлик мантиғи» асосида қурилмоқда. Муаллифларнинг фикрича, илгари ўзаро ҳамкорликнинг бош тамойили ҳисобланган интеграция жараёни энди ўз ўрнини мусулмон ўзлигини доимий таҳдид — экстремизм ва радикаллашув призмаси орқали кўришга асосланган ёндашувга бўшатиб берган.

Бу каби тенденциялар 2015-йилдан буён мунтазам эълон қилиб келинаётган Европадаги исломофобия бўйича йиллик ҳисоботда ҳам ўз аксини топган. Ҳисобот шуни кўрсатадики, мусулмонларга қарши кайфият нафақат ижтимоий фикрда, балки сиёсат, қонунчилик ва оммавий ахборот воситаларида ҳам босқичма-босқич илдиз отмоқда.

Тор доирадаги риторикадан давлат репрессияларигача

Тадқиқот хулосаларига кўра, ўнг қанот популистик партиялар мавқеининг мустаҳкамланиши ва сиёсий риториканинг кескинлашуви натижасида бу жараёнлар янги босқичга чиқмоқда. Масалан, Германияда илгари фақат тор доираларда учрайдиган анти-мусулмон кайфияти энди нафақат ижтимоий соҳада, балки одамларнинг шахсий ҳаётигача кириб бориб, кундалик меъёрга айланмоқда.

Немис тилида сўзлашувчи Европа мамлакатларида бу тенденция турлича намоён бўлади. Германияда миграция ва Ислом мавзуси атрофида сиёсий қутблашиш кучайган бўлса, Австрияда давлат сиёсати тобора «сиёсий ислом» деб аталувчи тушунчага қарши курашга йўналтирилмоқда. Швейцарияда эса мусулмонларга қарши чекловлар тўғридан-тўғри демократия механизми орқали — масалан, миноралар ёки юзни ёпиб турувчи кийимларни тақиқлаш шаклида мустаҳкамланмоқда.

Муаллифларнинг таъкидлашича, сўнгги ўн йил ичида Европадаги исломофобиянинг характери сезиларли даражада ўзгарди: у маргинал риторикадан ирқчилик заминидаги зўравонликларга ва мусулмонларга нисбатан репрессиялар учун қонунчилик асослари яратилишигача бўлган йўлни босиб ўтди.

«Сўнгги ўн йилликда Германия, Австрия ва Швейцария минтақасида исломофобия маргинал ҳодисадан ижтимоий ва сиёсий ҳаётнинг институционаллашган хусусиятига айланди», — деб қайд этади Байракли ва Ҳафез.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, мусулмонларга нисбатан камситиш ҳолатлари фақатгина ижтимоий риторика билан чекланиб қолмай, балки давлат бошқаруви амалиётида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Тадқиқотчилар сиёсий мулоқотнинг ўзгаришини асосий омил деб ҳисобламоқда. Ҳисоботларда мусулмонларга нисбатан мактабларда, иш жойларида ва жамоат транспортида жисмоний ҳужумлар сони ортгани қайд этилган. 2022-йилга келиб, аксилтеррор механизмлари доирасида — ҳатто мусулмон болалар устидан ҳам — кузатув олиб боришнинг меъёрий ҳолатга келиши одатий амалиётга айланди. Эътиборлиси, бу жараёнлар кўпинча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича минимал кафолатлар асосида амалга оширилмоқда.

Институционал четлаштиришнинг ягона фронти

«Европанинг немис тилида сўзлашувчи марказий қисми сўнгги ўн йил ичида мусулмонларга қарши кайфиятни тизимли даражага олиб чиқишнинг асосий лабораториясига айланди», — дейди экспертлар.

Уларнинг фикрича, дунёвийлик, хавфсизлик ва «ҳукмрон маданият» тушунчалари мусулмонларни ўзлари яшаётган мамлакатларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидан чиқариб ташлайдиган чекловчи чоралар учун асосий важ сифатида ишлатилмоқда.

«Бу ердаги асосий умумий жиҳат шундаки, исломофобия ёки мусулмонларга қарши ирқчилик шунчаки шахсий хусумат билан эмас, балки юқоридан сингдирилаётган меъёрий ҳолат орқали намоён бўлмоқда», — деб ёзади муаллифлар.

Германияда AFD партияси нуфузининг ошиши ижтимоий мулоқотдаги «қизил чизиқлар» ва мақбуллик меъёрларини ўзгартириб юборди. Бундай сиёсий трансформация аввалроқ Австрияда FPÖ, Швейцарияда эса SVP мисолида ҳам кузатилган эди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, илгари фақат тор доираларда учрайдиган «ремиграция» ва «буюк алмашиниш» каби фитна назариялари парламент мунозараларига кўчиб ўтган ва расмий сиёсий йўналишларга айланган.

Тадқиқотчиларнинг хулосаларига кўра, 2015-йилдан кейин юзага келиб, миллий чегаралар доирасидан чиққан учта асосий тенденция жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаган. 

Биринчидан, мусулмон ўзлиги тобора кўпроқ «экстремизм» ва «радикаллашув» призмаси орқали кўрилмоқда.

Иккинчидан, учала мамлакатда ҳам камситишнинг энг юқори даражаси ижтимоий ҳаётнинг муҳим соҳаларида: иш жойида, таълим тизимида ва полиция билан ўзаро муносабатларда қайд этилмоқда.

Учинчидан, немис тилидаги матбуотда мусулмонлар доимий равишда қизғин муҳокамалар объектига айланиб қолган. Уларнинг кийиниши, масжидлари ва давлатга содиқлиги тез-тез баҳс қилинса-да, мусулмонларнинг ўзлари бу мунозараларда фикр шакллантирувчи фаол томон сифатида деярли кўринмайди.

Шу билан бирга, исломофобияга қарши курашишнинг тобора кенгайиб бораётган инфратузилмаси шаклланмоқда. Фуқаролик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган ҳужжатлаштириш марказлари, юридик маслаҳат хизматлари ва мониторинг лойиҳалари илгари сояда қолиб келган муаммоларни жамоатчиликка кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид