
Исроил Ню Йорк мэри мусулмон бўлганидан ташвишда
АҚШнинг Ню Йорк штатидаги яҳудий сайловчиларнинг учдан бир қисми мусулмон номзодга овоз берди. Бунга жавобан Исроил Мамданини қўллаб-қувватлаган яҳудийларни «антисемитизм»да айблади.

Исроил Фаластиндаги Исроил ҳарбий жиноятларини танқид қилган мусулмон сиёсатчиси Зоҳран Мамдани ғалаба қозонган Ню Йорк мэри сайловлари натижаларидан ташвиш билдирди. Исроил ташқи ишлар вазири ўринбосари Шарен Ҳаскел унинг сайланишини «жиддий хавотир уйғотадиган» деб таърифлади.
Исроил мероси вазири Амиҳай Элияҳу Мамданини қўллаб-қувватлаган америкалик яҳудийларнинг танловини қоралаб, ватандошларини «антисемитизм»да айблади ва «яҳудийларни ёмон кўрадиган яҳудийлар тарихимиз бошидан бери мавжуд бўлган ва биз уларни бугун ҳам кўряпмиз» деб қўшимча қилди.
CNN сўровномасига кўра, Ню Йорк яҳудийларининг тахминан 33 фоизи Мамданига, 63 фоизи мустақил номзод Эндрю Куомога, 3 фоизи республикачи Кёртис Сливга овоз берган.
Бундан олдин АҚШ президенти Доналд Трамп Мамдани учун овоз берган яҳудийларни «аҳмоқ одамлар» деб атаб, агар мусулмон номзод ғалаба қозонса, Ню Йоркни федерал молиялаштиришдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган эди.
Мамданининг ўзи бир неча бор айбловларни рад этиб, унинг танқиди яҳудий халқига эмас, балки Исроил ҳукуматининг ҳарбий жиноятларига қарши қаратилганини таъкидлаган.
Шаҳар сайлов комиссияси барча бюллетенларни санаб чиққандан сўнг сайлов натижаларини тасдиқлаши лозим. Янги мэр 2026 йил 1 январдан ўз лавозимига киришади. Квинс ассамблеясининг 34 ёшли аъзоси Ню-Йоркнинг 111-мэри, биринчи мусулмон мэр, шунингдек, шаҳар тарихидаги энг ёш мэрлардан бири бўлади.





