Logo

Иссиқ сабаб айрим ҳудудларда 2 соатгача электр энергияси ўчирилади

Аномал иссиқ фонида Ўзбекистонда электр истеъмоли ва ишлаб чиқариш ҳажми яна тарихий рекордни янгилади. Энергетика вазирлиги йирик аварияларнинг олдини олиш учун айрим ҳудудларда 2 соатгача электр таъминотига мажбурий чекловлар жорий этилганини маълум қилди.

Иссиқ сабаб айрим ҳудудларда 2 соатгача электр энергияси ўчирилади © staves.ru

Ўзбекистонда аномал иссиқ таъсирида электр энергияси истеъмоли ва ишлаб чиқариш бўйича янги тарихий рекордлар қайд этилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, 16 июль куни ягона энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 291 млн kWh'ни ташкил этди. Бу аввалги ёзги рекорддан 18,4 млн kWh ёки 6,7 фоизга юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 295,4 млн kWh'га етиб, бир кун аввалги рекорддан 4 млн kWh ёки 1,37 фоизга ошди.

Юклама кескин ошган

Энергетика вазирлигига кўра, ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва совутиш ускуналари ҳамда бошқа электр жиҳозларидан оммавий фойдаланиш тармоқлар ва электр ускуналарига тушаётган юкламани сезиларли даражада оширмоқда.

Шу сабаб электр тизимида йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида айрим ҳудудларда электр таъминотига 2 соатгача мажбурий чекловлар жорий этилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Зомин, Хоразм вилоятининг Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир, шунингдек, Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларидаги жами 5,2 мингга яқин истеъмолчи вақтинча электр таъминотидан узилган.

Вазирлик бундай чекловлар электр қурилмаларининг ишдан чиқиши ҳамда узоқ давом этадиган йирик аварияларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, аҳоли ва тадбиркорлардан электр энергиясидан оқилона ҳамда тежамкор фойдаланиш сўралди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда электр истеъмоли ва ишлаб чиқариш кетма-кет учинчи кун рекорд ўрнатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид