
Истанбулда намойишлар: Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
09.09.2025 | 20:0011862
Фуқароларга одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларни қатъий риоя этиш тавсия этилмоқда.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида намойишлар кузатилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур давлатда бўлиб турган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди.
Қайд этилишича, Туркия ҳукумати томонидан хавфсизлик чораси сифатида 11 сентабрга қадар 6 туманда, жумладан Бешиктош тумани ҳудудида (Бош консулхона жойлашган), оммавий тадбирларга вақтинча тақиқ жорий этилган. Шунингдек, хорижий мессенжерлардан фойдаланишда чекловлар мавжуд.
«Фуқароларимизга одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларни қатъий риоя этиш тавсия этилади», - дейилади хабарда.
Туркиядаги Ўзбекистон фуқаролар фавқулодда вазиятларда Бош консулхонанинг қуйидаги рақамига қўнғироқ қилиши кераклиги айтилган:
+90 (212) 909 08 04





