Жаҳон банки нима учун Тожикистондан иқтисодий моделини яна ўзгартиришни талаб қилмоқда?
Тожикистон иқтисодиёти тез ўсмоқда ва қашшоқлик сезиларли даражада камайди. Аммо мамлакат ҳануз хорижда ишлаётган фуқаролари юборадиган пулларга қаттиқ боғланган. Банк мамлакат иқтисодиётини мигрантлар юборадиган пулларга қарамликдан чиқариб, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хусусий инвестицияларга таянган тизимга ўтказиш масаласига яна қайтмоқда.

Жаҳон банки фикрича, Тожикистон иқтисодиётини ривожлантириш учун хусусий бизнесни кучайтириш, инвестицияларни кўпайтириш ва мамлакатнинг ўзида юқори маошли иш ўринларини яратиш керак.
Иқтисодиёт ўсмоқда, аммо қарамлик сақланиб қолмоқда
Сўнгги йилларда Тожикистон иқтисодиёти юқори суръатларда ўсди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги ўн йилда иқтисодий ўсиш ўртача 7 фоиздан юқори бўлган. Қашшоқлик даражаси ҳам анча пасайди. Харид қобилияти паритети бўйича кунига 4,20 доллардан кам маблағга яшайдиган аҳоли улуши 2010-йилдаги 55 фоиздан 2025-йилда 14,8 фоизга тушди.
Бироқ иқтисодий ўсишнинг асосий манбаларидан бири ҳануз мигрантлар юборадиган пуллар бўлиб қолмоқда. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, улардан келадиган пул ўтказмалари 2025-йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) тахминан 46 фоизига тенг бўлган. Бу кўрсаткич 2023-йилда 39 фоиз, 2024-йилда эса 49 фоизни ташкил этган.
Хорижда ишлаб топилган пуллар оилаларнинг кундалик харажатларини қоплаш, уй-жой қуриш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга ёрдам беради. Кўплаб оилалар учун бу асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Бироқ бундай қарамлик мамлакат иқтисодиётини ташқи ўзгаришларга нисбатан заиф қилади. Масалан, Россиядаги меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, миграция қоидаларининг қатъийлашиши ёки тожикистонлик ишчилар даромадларининг камайиши аҳоли фаровонлиги ва ички талабга бевосита таъсир қилиши мумкин.
Мигрантлардан кўп пул келиши мамлакатда ишлаб чиқариш ҳам шунга мос равишда кўпаяди, дегани эмас. Бу маблағларнинг бир қисми импорт маҳсулотларини сотиб олишга сарфланади. Натижада маҳаллий корхоналарни ривожлантириш ва мамлакатнинг ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга етарлича ҳисса қўшилмайди. Жаҳон банки Тожикистон айнан шу иқтисодий моделдан воз кечишини истамоқда. Банкнинг 2026–2032-йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик стратегияси хусусий инвестицияларни кўпайтириш, инсон салоҳиятини ривожлантириш ва яхшироқ иш ўринларини яратишга қаратилган.
Етти йил ўтди, аммо катта ўзгариш бўлмади
Жаҳон банкининг янги стратегияси Тожикистон иқтисодиётидаги муаммоларга тубдан бошқача баҳо бермаяпти. Бугун тилга олинаётган кўплаб муаммолар банк томонидан етти йил аввал ҳам қайд этилган эди.
2019-йилнинг май ойида Жаҳон банки 2019–2023-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегиясини тақдим этган. Кейинчалик бу стратегия 2024-йилгача узайтирилган.
Ҳужжатда учта асосий йўналиш белгиланган эди: инсон салоҳиятини ривожлантириш ва аҳолининг қийинчиликларга чидамлилигини ошириш, давлат идораларини мустаҳкамлаш, хусусий сектор ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини мигрантлар юборадиган пуллар ва импортга қарамликдан чиқариб, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт ва бандликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган. Ўша пайтда Жаҳон банки хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улуши кичиклигини қайд этган. Банк ҳисоб-китобларига кўра, хусусий бизнес жами инвестицияларнинг тахминан 15 фоизини, саноат ишлаб чиқаришининг 30 фоизини ва расмий бандликнинг атиги 13 фоизини ташкил этган.
Иш ўринлари масаласи ҳам долзарб эди. Банкнинг баҳолашича, ҳар йили Тожикистон меҳнат бозорига тахминан 130 минг нафар ёш кириб келган, аммо иқтисодиёт улар учун етарли иш ўринларини ярата олмаган. Етти йил ўтган бўлса-да, хусусий секторни ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтириш ва унумли иш ўринларини яратиш Жаҳон банкининг Тожикистон билан ҳамкорлигидаги асосий вазифалар бўлиб қолмоқда.
Янги стратегияда энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, ишчиларнинг касбий кўникмаларини ошириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилишга устувор аҳамият берилган. Бу орқали кўпроқ ва юқорироқ маош тўланадиган иш ўринларини яратиш кўзда тутилган. Яъни банк мутлақо янги вазифаларни белгилашдан кўра, аввалги саъй-ҳаракатларга қарамай, тўлиқ ҳал этилмаган муаммоларга янада кўпроқ эътибор қаратмоқчи.
Иқтисодий ўсиш бор, аммо тизимли ўзгариш етарли эмас
Аввалги стратегия муайян натижалар берган. Жаҳон банки унинг бажарилиши бўйича ҳисоботида лойиҳалар кўлами кенгайгани, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва энергетика соҳаларида натижаларга эришилганини билдирган.
Шунингдек, бизнес муҳитини яхшилаш, қишлоқ жойларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва айрим маъмурий тартибларни соддалаштириш бўйича ишлар амалга оширилган. Масалан, қишлоқ хўжалигини тижоратлаштириш лойиҳаси доирасида қарийб 21 минг иштирокчининг тижорий фаолияти яхшиланган. Бу дастлаб белгиланган 12,5 минг нафарлик кўрсаткичдан юқори. Лойиҳа 1458 та қишлоқ хўжалиги корхонасини қўллаб-қувватлаган. Дастлаб 1500 та корхонани қамраб олиш режалаштирилган эди.
Бироқ алоҳида лойиҳалар хусусий сектор ривожланишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф эта олмади. Жаҳон банкининг баҳолашларида хусусий инвестицияларни жалб қилишдаги қийинчиликлар, солиқ қонунчилигининг қўлланиши билан боғлиқ ноаниқликлар, мулк ҳуқуқига оид хатарлар ва давлатнинг иқтисодиётдаги катта иштироки ҳамон қайд этилган.
Лойиҳаларнинг амалга оширилишига ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатган. Жумладан, COVID-19 пандемияси, минтақадаги беқарорлик ва Россия билан иқтисодий алоқалардаги ўзгаришлар айрим ресурсларни инқироз оқибатларини бартараф этишга йўналтиришга мажбур қилган. Баъзи лойиҳалар эса кечиккан.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022–2025-йилларда мигрантлардан келган пул ўтказмалари Тожикистон ЯИМининг ўртача қарийб ярмига тенг бўлган. Бу эса айрим соҳалардаги ютуқларга қарамай, мамлакат иқтисодиётининг мигрантларнинг даромадларига қарамлиги деярли ўзгармаганини кўрсатади.
Иқтисодий ўсишнинг ўзи иш ўринларини кафолатламайди
Тожикистон иқтисодиёти олдидаги асосий муаммолардан бири — ЯИМ тез ўсиши билан мамлакат ичидаги иш ўринлари сони ўртасидаги тафовут. Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, келгуси ўн йилда Тожикистонда тахминан 1,4 миллионта иш ўрни яратилиши керак. Бу зарурат ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келиши ва меҳнатга лаёқатли аҳоли учун иш имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ.
Бироқ иқтисодиётни ривожлантираётган барча соҳалар ҳам кўплаб иш ўринларини ярата олмайди. Масалан, қазиб олиш саноати катта миқдордаги сармоя, ускуна ва технологияларни талаб қилади. Аммо бу соҳага киритилган маблағ миқдорига нисбатан у ерда ишлайдиган одамлар сони кўп бўлмаслиги мумкин.
Йирик инфратузилма лойиҳалари инвестиция ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширади. Лекин уларнинг узоқ муддатда кўп иш ўринлари яратиши атрофида бошқа корхоналар ва ишлаб чиқариш тармоқлари ривожланишига ҳам боғлиқ. Жаҳон банкининг шу йил ёзда эълон қилинган таҳлилий ҳисоботида хусусий инвестицияларнинг катта қисми кўп маблағ талаб қиладиган қазиб олиш саноатига йўналтирилаётгани қайд этилган.
Айни пайтда ишчилар қишлоқ хўжалигидаги кам даромадли меҳнатдан саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги яхшироқ маошли ишларга етарлича тез ўта олмаяпти. Натижада Тожикистоннинг ўзида даромад топиш имкониятлари чекланган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакат ишчи кучининг тахминан чорак қисми хорижда ишлайди.
Бироқ муаммо фақат иш ўринлари сонида эмас. Уларнинг сифати ҳам муҳим. Иш топиш имконияти бўлган тақдирда ҳам, маош пастлиги одамларни хорижга ишлашга ундаши мумкин. Шунинг учун Тожикистон иқтисодий ўсишни мамлакат ичидаги кўпроқ иш ўринлари, юқори даромадлар ва кучли хусусий секторга айлантириши керак. Бу вақт ўтиши билан иқтисодиётнинг пул ўтказмаларига қарамлигини камайтиришга ёрдам беради.
Иш ўринлари бор, аммо маошлар паст
Миграцияни фақат иш ўринлари етишмаслиги билан изоҳлаб бўлмайди. Тожикистонда янги корхоналар очилмоқда, бўш иш ўринлари пайдо бўлмоқда. Аммо маошларнинг пастлиги фуқароларни хорижда ишлашга ундаётган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Мамлакатдаги даромадлар билан Россияда ишлаётган тожикистонлик мигрантларнинг даромадлари ўртасидаги фарқ бу муаммони яққол кўрсатади.
Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2026-йилнинг июл ойида мамлакатда ўртача номинал ойлик иш ҳақи 3 507,67 сомонига етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,6 фоиз кўп. Бироқ турли соҳалардаги маошлар бир-биридан анча фарқ қилади. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида ўртача иш ҳақи 2365 сомонини, давлат бошқаруви, мудофаа ва ижтимоий суғурта соҳаларида 2812 сомонини, таълим соҳасида эса 3739 сомонини ташкил этган.
Тадқиқотлар Россияда ишлаётган тожикистонлик мигрантларнинг даромадлари анча юқори эканини кўрсатади. Москвадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил идораси иштирокида 2023-йилнинг кузида ўтказилган «Замонавий Москвада Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантлари» тадқиқотига кўра, сўровда қатнашган тожикистонлик мигрантлар ойига ўртача 49 минг 691 рубл иш ҳақи олган. Эркак мигрантларда бу кўрсаткич 56 минг 83 рубл, аёлларда эса 40 минг 297 рубл бўлган.
Тадқиқотда Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан борган 900 мигрант қатнашган. Уларнинг 300 нафари Тожикистон фуқаролари бўлган.
Шуни ҳисобга олиш керакки, бу рақамлар фақат 2023-йилда Москвада сўровда қатнашган мигрантларга тегишли. Улардан 2026-йилда Россияда ишлаётган барча тожикистонликларнинг даромади ҳақида хулоса чиқариб бўлмайди.
Жаҳон банкининг янги стратегия учун тайёрланган таҳлилий ҳисоботида ҳам даромадлар ўртасидаги фарқ қайд этилган. Унга кўра, Россияда қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда нисбатан кам малака талаб қиладиган ишларда ишлаётган тожикистонликлар ўз юртида худди шундай иш учун оладиган маошидан камида уч баравар кўп даромад топиши мумкин. Бироқ бу рақамларни тўғридан-тўғри таққослашда эҳтиёт бўлиш керак. Тожикистондаги ўртача иш ҳақи турли соҳаларда ишлайдиган одамларни қамраб олади. Москвадаги тадқиқот эса муайян гуруҳдаги мигрантларни ўрганган.
Бундан ташқари, хорижда ишлаётганлар уй-жой, озиқ-овқат ва ҳужжатларни расмийлаштириш учун харажат қилади. Улар оиласидан узоқда яшаш билан боғлиқ қўшимча қийинчиликларга ҳам дуч келади. Мигрантларнинг даромади ҳақида келтирилган маълумотлар 2023-йилга тегишли. Россияда эса ўртача номинал иш ҳақи сўнгги уч йилда ярмидан кўпроққа ошган.
Демак, кўплаб тожикистонликлар учун хорижга ишлашга кетиш қарори фақат ўз юртида иш топиш қийинлиги билан боғлиқ эмас. Хорижда анча кўп пул топиш имконияти ҳам бунда муҳим ўрин тутади.
Бундай шароитда фақат янги иш ўринларини яратиш миграция кўламини сезиларли даражада камайтирмаслиги мумкин. Маҳаллий корхоналар ишчиларга юқорироқ маош тўлай олиши учун меҳнат унумдорлигини ҳам ошириш зарур.
Мигрантлар юборадиган пул муносиб иш ўрнининг ўрнини боса олмайди
Халқаро экспертлар ҳам Тожикистонда иш ўринлари сифатини яхшилаш зарурлигини таъкидламоқда. 2026-йилда мамлакатга расмий ташриф билан борган БМТнинг ташқи қарз ва инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил эксперти Аттия Варис Тожикистон қашшоқликни камайтириш, иқтисодий ўсишни сақлаш ва инфратузилмани ривожлантиришда муайян натижаларга эришганини тан олган.
Шу билан бирга, у мамлакат иқтисодиёти миграция, пул ўтказмалари ва импортга қаттиқ боғлиқлигича қолаётганидан огоҳлантирган. Мигрантлар юборадиган пуллар оилаларнинг даромадини қўллаб-қувватлаш ва қашшоқликни камайтиришга ёрдам берган. Аммо экспертнинг таъкидлашича, бу маблағлар мамлакатнинг ўзида муносиб ва унумли иш ўринлари яратиш ўрнини боса олмайди.
Варис қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқатни қайта ишлаш, барқарор туризм, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ҳамда рақамли иқтисодиётга кўпроқ сармоя киритишга чақирган. У таълим, касб-ҳунар ўрганиш, интернетдан фойдаланиш имкониятлари ва кичик ҳамда ўрта бизнесни молиялаштириш муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
Экспертнинг фикрича, аёллар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Чунки маошларнинг пастлиги, иш имкониятларининг чеклангани ва ижтимоий хизматларнинг етарли эмаслиги уларнинг иқтисодий ҳаётда тўлиқ иштирок этишига тўсқинлик қилиши мумкин. Демак, вазифа фақат иш ўринларини кўпайтириш эмас. Одамлар ўз юртида етарли ва барқарор даромад топа оладиган шароит яратиш ҳам муҳим.
Хусусий бизнес ривожига тўсқинлик қилаётган муаммолар
Мигрантлар юборадиган пулларга таянган иқтисодиётдан маҳаллий ишлаб чиқаришга асосланган иқтисодиётга ўтиш учун хусусий секторни кучайтириш зарур. Фақат рўйхатдан ўтган корхоналар сонини кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Компаниялар кредит олиш, ускуналар сотиб олиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлиши керак.
Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси инвестиция муҳити, молиялаштириш имкониятлари, рақобат ва давлат корхоналарини бошқариш билан боғлиқ муаммоларни бир неча бор қайд этган. Бу тўсиқлар янги ишлаб чиқариш лойиҳаларига сармоя киритишни қийинлаштиради ва юқори унумдорликка эга, яхшироқ маош тўланадиган иш ўринларини яратиш имкониятларини чеклайди.
Жаҳон банки материалларига кўра, Тожикистонда инвестицияларнинг катта қисми, айниқса, қазиб олиш саноати каби кўп маблағ талаб қиладиган соҳаларга йўналтирилади. Кўплаб иш ўринларини яратиш имкониятига эга бўлган бошқа тармоқлар эса нисбатан секин ривожланмоқда.
Ишчиларнинг касбий малакаси ҳам муҳим муаммо ҳисобланади. Замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига техник билим ва касбий кўникмаларга эга мутахассислар керак. Шу сабабли касб-ҳунар таълими ва иқтисодиётнинг ривожланиши бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.
Демак, иқтисодий моделни ўзгартириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани ҳал қилиш керак: инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишчилар малакасини ошириш ва меҳнат унумдорлигини кўтариш. Акс ҳолда, иш ўринлари сонининг кўпайиши маошларнинг сезиларли даражада ошишини англатмайди.
Ишлаб чиқариш ва бандликка эътибор кучайтирилади
Жаҳон банки 2026–2032-йилларга мўлжалланган стратегиясида учта асосий йўналишни белгилаган: энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, инсон салоҳиятини ривожлантириш ва хусусий инвестицияларни жалб қилиб, сифатли иш ўринларини яратиш. Бунда электр энергияси ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Роғун ГЭСини қуриш ҳам муҳим лойиҳалардан бири ҳисобланади. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мавсумий электр танқислигини камайтириш ва саноатни ривожлантириш учун яхшироқ шароит яратиши кутилмоқда.
Бироқ электр энергияси кўпайишининг ўзи янги корхоналар пайдо бўлишини кафолатламайди. Бунинг учун хусусий инвестициялар ва рақобатбардош маҳсулотлар ҳамда хизматлар ишлаб чиқаришга қулай шароит яратиш зарур. Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқатни қайта ишлаш, қайта тикланувчи энергия ва рақамли иқтисодиётни истиқболли йўналишлар сифатида кўрсатмоқда.
Шунингдек, инфратузилма, транспорт ва рақамли алоқани яхшилаш, ишчиларни касбга тайёрлаш ҳам муҳим ҳисобланади. Айрим ислоҳотлар учун молиявий ёрдам ҳам ажратилган. 2026-йилнинг июл ойида Жаҳон банки Тожикистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион долларлик грант ажратишни маъқуллаган. Дастур рақамли технологиялар, авиация ва энергетика соҳаларидаги чора-тадбирларни ҳам қамраб олади.
Дастур рақобатни кучайтириш, тартибга солиш тизимини яхшилаш, давлат ёрдамидаги очиқликни ошириш ва инвесторлар учун қулайроқ шароит яратишга қаратилган. Жаҳон банкининг баҳолашича, қўллаб-қувватланаётган ислоҳотлар 2030-йилгача 92 мингдан ортиқ қўшимча ва юқорироқ маошли иш ўринларини яратишга ёрдам бериши мумкин. Бу ҳозиргача яратилган иш ўринлари сони эмас, балки ислоҳотлар натижасида эришилиши мумкин бўлган прогноздир.
Мигрантлар пулидан маҳаллий даромадларга ўтиш
Жаҳон банкининг янги стратегияси миграцияни тугатиш ёки мигрантлар юборадиган пулларни чеклашни назарда тутмайди. Кўплаб тожикистонлик оилалар учун хорижда топилган маблағлар кундалик харажатларни қоплаш, фарзандлар таълими, уй-жой қуриш ва кичик бизнесга сармоя киритишда муҳим аҳамиятга эга.
Асосий мақсад — иқтисодий ўсиш манбаларини ўзгартириш. Яъни Тожикистон мигрантларнинг даромадларига камроқ боғланиб, маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт, хусусий инвестициялар ва мамлакат ичида топиладиган иш ҳақига кўпроқ таяниши керак.
Мамлакат иқтисодиёти ривожлангани сари меҳнат муҳожирлиги сақланиб қолиши мумкин. Энг муҳими, одамлар ўз малакаси, касбий имкониятлари ва даромадларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатда ёки хорижда ишлашни эркин танлай олиши керак.
Жаҳон банкининг аввалги стратегиясида ҳам хусусий секторни ривожлантириш, экспортни кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратиш вазифалари белгиланган эди. Шундан бери Тожикистон иқтисодиёти ўсди, қашшоқлик камайди, инфратузилма ва ижтимоий лойиҳалар ривожланди. Аммо мамлакатнинг мигрантлар юборадиган пулларга қарамлиги ҳануз юқори.
Шунинг учун Жаҳон банки иқтисодий моделни ўзгартириш зарурлигини яна бир бор таъкидламоқда. Энди асосий вазифа фақат иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш эмас, балки бу ўсишни ривожланган хусусий бизнес, юқори маошлар ва одамларга ўз юртида муносиб ҳаёт кечириш имконини берадиган иш ўринларига айлантиришдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардлаб пул тикилаётган Тожикистондаги Роғун лойиҳасидан Ўзбекистонга келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида ёзган эдик.





