«Жаллодларнинг исмлари сир эмас»: Йил суратлари дунёнинг энг оғриқли нуқталарини кўрсатди

Бугун 20:505 дақиқа

Жаҳон фотожурналистикасининг энг нуфузли танловларидан бири бўлган «World Press Photo» ғолиблари эълон қилинди. Ҳакамлар муҳожирлар, очлик ва қирғин мавзусидаги суратларни танлади.

«Жаллодларнинг исмлари сир эмас»: Йил суратлари дунёнинг энг оғриқли нуқталарини кўрсатди

Жорий йилнинг апрел ойи охирида «World Press Photo» халқаро танлови ҳакамлар ҳайъати йилнинг энг яхши сурати ва яна икки финалчини эълон қилди. Ғолиблик жаҳон фотожурналистикасининг тирик афсонаси саналган 70 ёшли америкалик фотомухбир Кэрол Гузига насиб этди. Унинг сурати Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгач бошланган муҳожирларга қарши кескин сиёсат туфайли АҚШда юзага келган оилавий фожиалардан бирини акс эттиради.

Сурат 2025 йил август ойида Нью-Йоркдаги депортация ишлари кўриладиган суд биносида «Miami Herald» газетаси учун олинган. Унда АҚШ Ички хавфсизлик хизмати агентлари Эквадордан келган муҳожирни оиласидан куч билан ажратаётгани тасвирланган.

1

ICE агентлари эквадорлик муҳожирни оиласидан мажбуран ажратиб, уни номаълум томонга жўнатмоқда.

Депортация қилиниши белгиланган муҳожирнинг исми Луис. Фотомухбир унинг фамилиясини очиқламаган. У судга қўриқчилар кузатувида эмас, яқинлари билан бирга ихтиёрий равишда келган. Маълум бўлишича, Луис рафиқаси ва икки қизидан иборат оиланинг ягона боқувчиси бўлган.

Гузи тасвирлаган саҳнада қизлар йиғлаганча отаси билан хайрлашмоқда. У эса мажбуран номаълум манзилга жўнатилмоқда. Қонун номи билан оила парчаланмоқда ва буни ўзгартиришнинг иложи йўқ. Бу ҳолат Трампнинг муҳожирларга қарши кенг кўламли сиёсати оқибатида юз берган ўн минглаб аянчли воқеалардан бири, холос.

Фототанлов ташкилий қўмитаси баёнотида айтилишича, «бу камдан-кам учрайдиган ҳолат эмас. Бу суд жараёнларида ихтиёрий иштирок этаётган одамларга нисбатан оммавий тарзда қўлланаётган сиёсатдир».  

«Бу мукофот дунё учун ушбу воқеа нақадар катта аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Биз сон-саноқсиз оилаларнинг азоб чекаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу мукофот менга эмас, айнан уларга тегишли», — дея қарорга қисқа муносабат билдиди Кэрол Гузи.

Гузи жаҳон фотожурналистикасидаги энг машҳур аёллардан бири саналади. У тўрт марта «Пулитцер» мукофотига сазовор бўлган. Унинг фотосуратлари доимо оғир ва фавқулодда шароитда яшашга мажбур бўлган одамлар тақдирини акс эттиради.

2

Бу жасур аёлнинг фотосуратлари ҳар доим кескин ижтимоий ва сиёсий ҳолатларни акс эттирган. Уни сайёрамизнинг энг хавфли жойларида топиш мумкин.

У биринчи «Пулитцер» мукофотини 1986 йилда, 30 ёшида Колумбиянинг Армеро шаҳридаги ҳалокат ҳақидаги фотолари учун олган. Ўшанда «Невадо-дель-Руис» вулқони отилиши 23 минг одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Иккинчи ва тўртинчи мукофотлари эса Ер юзидаги энг оғир ва фожиали ҳудудлардан бири саналган Гаити билан боғлиқ: кичик Дювальенинг ағдарилиши, 1994 йилда Америка қўшинларининг босқини ва Гаитидаги вайронкор зилзила.

Унга 2000 йилда берилган яна бир «Пулитцер» мукофоти Косово уруши пайтида қочқинлар ҳаётини ёритгани учун топширилган.

Унинг фотосуратлари доимо кескин ижтимоий ва сиёсий ҳолатларни ҳужжатлаштириб келган. Уни дунёнинг энг хавфли нуқталарида, жумладан Ливан, Сьерра-Леоне ва Конгодаги фуқаролик уруши ҳудудларида ҳам учратиш мумкин.

Бу сафар ҳам Кэрол Гузи ўз тамойилига содиқ қолди. У сиёсатчилар қўлида ўйинчоққа айланган оддий одамларнинг аламли ва чорасиз ҳолатини кўрсатди. Унинг иши «Йил сурати» деб тан олингани Америкадаги муҳожирларга қарши репрессияларнинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Бу жараён АҚШни борган сари «яширин фуқаролар уруши» майдонига айлантирмоқда.  

3

Сурат «Ғазо секторидаги фавқулодда гуманитар вазият» деб номланган. Унда очликдан азоб чекаётган сон-саноқсиз одамлар бир бурда нон учун ҳаёт-мамот курашига киришган.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йиллардан фарқли равишда, бу галги «World Press Photo» танловини фақат олқишлаш мумкин. Буни нафақат Гузининг сурати, балки қолган икки финалчининг асарлари ҳам тасдиқлайди. Уларнинг ишлари Ғазо ва Гватемаладаги геноцид мавзусига бағишланган.  

Танловнинг учта асосий мукофотини — «Йил сурати» ва икки финалчини — нафақат долзарблик, балки ички мантиқ ва инсоний ҳамдардлик бирлаштириб турибди. Ҳакамлар гўё «қаранг, дунёни қай аҳволга солдик! Ер юзидаги энг бой ва қудратли мамлакатда ҳамон одамларга қарши оммавий ов ва мутлақ ҳуқуқсизлик давом этмоқда», демоқчидек.

Биринчи финалчи — Сабер Нуралдиннинг Ғазодан олинган сурати бўлди. Фотосурат «Ғазо секторидаги фавқулодда гуманитар вазият» деб номланган. Унда очликдан азоб чекаётган сон-саноқсиз одамлар бир бурда нон учун ҳаёт-мамот курашини олиб бораётгани акс этган. Бунинг барчаси бутун дунё кўз ўнгида, тўғридан-тўғри эфирда содир бўлмоқда.

Сурат 2025 йилнинг июл ойида, Исроил Ғазога бериладиган гуманитар ёрдамни «тактик жиҳатдан тўхтатишини» эълон қилиб, икки миллион аҳолини очликдан ўлимга маҳкум этган пайтда олинган.

Иккинчи финалчи — Нью-Йоркда яшовчи фотограф Виктор Блу ва унинг «Ачи халқи аёлларининг суди» номли сурати. Кадрда Лотин Америкасининг туб аҳолиси бўлган ҳинду аёллари акс этган, улар ўзларини қийноққа солган кимсалар устидан адолатли ҳукм чиқарилишини қирқ йил кутишган.

Гватемалада 1960 йиллардан 1990 йилларгача АҚШ иштирокида давом этган ҳиндулар геноциди 200 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. Инсониятга қарши жиноятларни ташкил этган ва амалга оширганлар репрессияларни «коммунизмга қарши кураш» шиори остида ўтказган. Геноцид фақат қирғинлар билан эмас, қийноқ ва зўрлашлар билан ҳам кечган.

4

Гватемалада 1960 йиллардан 1990 йилларгача АҚШ иштирокида давом этган ҳиндулар геноциди 200 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Виктор Блунинг суратида қатлиомдан қирқ йил ўтиб, уч нафар «жаллод» устидан ҳукм ўқилганидан кейинги ачи қабиласи аёллари муҳрланган. Улар умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди. Рабинал шаҳри аёллари бу лаҳзани бутун ёшлиги, бутун умри давомида кутган...

«Жаллодлар»нинг исмлари ҳеч қачон сир бўлмаган, аммо бу суд жараёнининг қирқ йилга чўзилиб кетишига тўсқинлик қилолмади. Қолаверса, бу маҳкама шунчаки рамзий хусусиятга эга эди: сиёсий кучлар ўзаро ҳисоб-китоб қилмоқда, янги элитага эса «душман образи» керак бўлиб қолди. Шу боис, уч нафар оддий ижрочининг ҳибсга олиниши айни муддао бўлди. Бошқача айтганда, юз берган воқеа адолат тантанаси эмас, балки сиёсий найранг ва геноцид мавзусини суиистеъмол қилишдир. Айнан шу сабабли суратдаги аёллар юзида қувончдан асар ҳам йўқ.

Атайлабми ёки тасодифан, «World Press Photo» танловининг бу галги мукофотлари ушбу уч сурат орқали замонавий дунёнинг энг асосий кун тартибини — ҳуқуқсизлик ва геноцидни очиб бермоқда. Агар Гватемаладаги этник тозалаш учун уч нафар жиноятчи фақат қирқ йил ўтиб жазоланган бўлса, демак, Ғазодаги геноцид бўйича суд маҳкамасини ҳам, афтидан, камида шунча кутишга тўғри келади.

Эквадорлик Луис билан бошланиб, гватемалалик ҳинду аёллар билан якунланувчи ушбу учликда инсоният ҳозирча иккинчи кадр сюжетида тўхтаб турибди...

Теглар

Мавзуга оид