Эпштейннинг ўзбекистонлик қурбони ҳаммаси қандай бўлганини гапириб берди

Bugun 20:523 daqiqa

18 ёшида моделлик орзусида Америкага кетиб, Жеффри Эпштейннинг «асираси»га айланган Роза АҚШ Конгрессида туриб, Эпштейннинг уй қамоғи даврида содир этган жиноятлари ҳақида сўз очди.

Эпштейннинг ўзбекистонлик қурбони ҳаммаси қандай бўлганини гапириб берди

АҚШ Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси томонидан Флорида штатининг Уэст-Палм-Бич шаҳрида ўтказилган навбатдан ташқари тингловларда марҳум молиячи Жеффри Эпштейннинг жиноятларидан жабрланган ўзбекистонлик аёл — Роза илк бор оммавий равишда кўрсатма берди. Бу ҳақда АҚШнинг «ABC News», «WLRN» ва «The Palm Beach Post» нашрлари хабар бермоқда.

Тингловда маълум бўлишича, Роза 2008 йилда, 18 ёшида моделлар бўйича агент Жан-Люк Брюнел билан танишган. Брюнел унга халқаро моделлик карерасини ваъда қилиб, АҚШга «истеъдодли моделлар визаси» билан олиб келган ва кўп ўтмай Жеффри Эпштейн билан таништирган.

«Илмий жамғарма» ниқоби остидаги жиноятлар

Розанинг гувоҳлик беришича, у 2009 йилда Эпштейн билан унинг Уэст-Палм-Бичдаги ҳашаматли қароргоҳида учрашган. Ўша вақтда молиячи расман вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилгани учун «уй қамоғи» жазосини ўтаётган эди. Бироқ Роза тингловларда адлия тизими Эпштейнга жиноятларини давом эттириш учун барча имкониятни яратиб берганини айтди.

«Эпштейн менга ўзининг «Florida Science Foundation» (Флорида илмий фонди) ташкилотида иш таклиф қилди. Аслида бу ташкилот унга ҳафтасига олти кун, кунига 16 соат давомида қамоқхонани тарк этиш имконини берувчи ниқоб эди. Бир куни унинг массажчиси мени Эпштейннинг хонасига чақирди ва ўша ерда биринчи марта зўравонликка дуч келдим. Кейинги уч йил давомида мен тизимли равишда зўрлаб келиндим», — деди Роза.


Адлия вазирлигининг «техник хатоси»: 538 марта очиқланган исм

Розанинг Конгрессдаги нутқида энг катта айблов АҚШ Адлия вазирлигига (DOJ) қаратилди. Кўп йиллар давомида ўз шахсини «Жейн Доу» (номаълум шахс) сифатида ҳимоя қилиб келган аёл ҳукумат томонидан эълон қилинган «Эпштейн файллари»да исми очиқ қолдирилганини маълум қилди.

Жабрланувчининг адвокати Арик Фудалининг таъкидлашича, ҳужжатларда Розанинг ҳақиқий исми 538 марта тилга олинган. Бу эса унинг шахсини бутун дунёга фош қилган.

ichi

«Мен доим ортимга хавотир билан қараб яшашга мажбурман. Бой ва қудратли шахсларнинг исмлари ҳужжатларда қора бўёқлар билан яширилган бир пайтда, менинг исмим очиқ қолди. Бу шунчаки техник хато эмас, бу — тизимнинг мен каби қурбонларга қилган сотқинлигидир. Энди менга бутун дунёдан журналистлар қўнғироқ қилишмоқда ва мен яна хавф остидаман», — дея таъкидлади Роза.


«Қудратлилар ҳамон ҳимояда»

Тинглов давомида Конгресс аъзоси Роберт Гарсия Эпштейннинг 2008 йилдаги келишуви адолат учун «қора доғ» бўлганини айтди. Тингловда бошқа қурбонлар ҳам иштирок этиб, Эпштейннинг жиноий тармоғи ҳали ҳам жамиятда нуфузга эга бўлган шахслар томонидан ҳимоя қилиб келинаётганидан хавотир билдиришди.

Эслатиб ўтамиз, Жеффри Эпштейн 2008 йилда вояга етмаганлар билан жинсий алоқа қилишда айбланиб, Флоридада енгил жазо олган эди. Ўшанда прокуратура уни федерал таъқибдан озод қилишга рози бўлган. 2019 йил июль ойида у яна ҳибсга олинди, бироқ бир ой ўтиб Нью-Йоркдаги қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилди.

Адлия вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Эпштейн 1200 дан ортиқ аёл ва қизларни жинсий зўравонлик қурбонига айлантирган бўлиб, уларнинг аксарияти Палм-Бичдаги ҳашаматли қароргоҳида содир этилган. Ҳозирда Конгресс ушбу жиноий тармоқнинг бошқа иштирокчиларини фош қилиш ва қурбонлар ҳуқуқларини тиклаш устида иш олиб бормоқда.

Teglar

Mavzuga oid