«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди

Bugun 10:132 daqiqa

2026 йил бошидан буён ишлаб чиқарилган «яшил» энергия ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга ошди.

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди © hightech.fm

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 14 май куни соат 18:00 ҳолатига қуёш фотоэлектр станциялари 2 млрд 315 млн kWh, шамол электр станциялари эса 1 млрд 685 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарган.

Вазирликнинг таъкидлашича, бу ҳажм ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 898 млн kWhга кўпдир. Шунингдек, 20 апрел куни «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми 3 млрд kWh бўлгани ҳисобга олинса, сўнгги 24 кунда яна 1 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган.


Тежалган табиий газ

Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига 1 млрд 66 млн куб метр табиий газ тежалди. Шу билан бирга, атмосферага 2,3 млн тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди.

Вазирлик маълум қилишича, 2026 йил бошидан 14 май ҳолатигача барча гидроэлектр станциялари ҳамда қуёш ва шамол электр станциялари жами 6 млрд 160 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарган.

Бу ҳажм орқали 1,6 млрд куб метр табиий газ тежалган ва атмосферага 3,4 млн тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқарилишига йўл қўйилмаган.

Мутахассислар қайд этишича, мазкур ҳажмдаги электр энергияси ўртача 4,4 млн хонадоннинг 4,5 ойлик ёки 1,6 млн хонадоннинг бир йиллик электр истеъмолига тенг ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чорагида аҳолига «яшил» энергия учун давлат томонидан 73,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлар ортиқча электр энергиясини давлатга сотиш тарифи 1 kWh учун белгиланган 800 сўмлик нарх 250 сўмга туширилиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон Либерал-демократик партия ташкил этган медиамулоқот давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилди.

Тадбиркор бу қарорни иқтисодий жиҳатдан адолатсиз деб баҳолади. Унинг айтишича, тадбиркорлар электр энергиясини давлатдан 1000 сўм атрофида сотиб олаётган бир пайтда, уни 250 сўмдан сотиш мажбурияти инвестицияларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Нимага давлатдан сотиб олсак, 1000 сўмдан сотиб оламиз, агар сотсак 250 сўмдан сотамиз – қани бу ерда адолат? Шу тўғрими? Энди 250 сўмдан сотиш иқтисодий томондан бизга қанчалик тўғри келиш-келмаслигини ўйлаб қолдик», — дея мурожаат қилди тадбиркор медиамулоқотда.

Teglar

Mavzuga oid

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди | Vaqt.uz