Қозоғистонга йўл олган Мирзиёев, оилаларининг бахтлилик даражаси ва Интерпол қидирувидаги собиқ мулозим — 13 май дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон оилаларининг бахтлилик даражаси аниқланди
«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон оилаларининг умумий бахтлилик индекси 0,618 баллни ташкил этди. Тадқиқот 2026 йил март–апрел ойларида 12 минг 697 нафар респондент иштирокида ўтказилган. Методикага кўра, +0,5 дан юқори кўрсаткич оилалар ҳаётидан қониқиш даражаси юқори эканини англатади.
Тадқиқотда оилавий қадриятлар, демографик барқарорлик ва оилавий ҳаётдан мамнунлик энг юқори баҳоланган йўналишлар сифатида қайд этилди. Шунингдек, таълим, иш билан таъминланганлик ва давлат хизматларидан қониқиш кўрсаткичларида ҳам ўсиш кузатилган. Аввалроқ «World Happiness Report 2025» ҳисоботида Ўзбекистон дунёда 53-ўринни эгаллаган эди.
Ўзбекистонлик илк космонавт 2028 йилда фазога учирилиши мумкин
Ўзбекистонлик илк космонавт 2028 йилда фазога учирилиши мумкин. «Ўзбеккосмос» агентлиги маълумотига кўра, парвоз 10–14 кун давом этиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда. Лойиҳа доирасида космонавт фазода тиббиёт, биология ва генетика соҳаларида илмий тажрибалар ўтказиши мумкин.
Лойиҳани амалга ошириш учун космонавтларни саралаш ва тайёрлаш бўйича махсус ҳукумат комиссияси тузилиши режалаштирилган. Танлов умумхалқ дастури шаклида ўтказилиши мумкин бўлиб, номзодлар учун ёш, бўй, вазн, олий маълумот ва хорижий тилларни билиш каби талаблар белгиланган. Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида илк бор миллий космонавтни фазога учириш ишлари бошланганини маълум қилган эди.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ'нинг соф фойдаси 2 баробарга ошди
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 2026 йил биринчи чорагида 479 млрд сўм соф фойда олди. Компания молиявий ҳисоботига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробарга кўп. Фойда ўсишига асосан даромадлар ҳажмининг ортиши ва операцион харажатларнинг қисқариши таъсир кўрсатган.
Компаниянинг асосий фаолиятдан тушган даромади 4,7 трлн сўмга етган, харажатлар улуши эса камайган. Шунингдек, давлат бюджетига тўланган даромад солиғи 158 млрд сўмни ташкил этган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 февралдан «Афросиёб», «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари чипталари нархи ўртача 15 фоизга оширилган эди.
Шавкат Мирзиёев эртага Қозоғистонга боради
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан 15 май куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Давлат раҳбари Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг «Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш» мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилади.
Тадбир якунида Туркистон декларациясини қабул қилиш кўзда тутилган.
Миграция агентлигининг собиқ ходими халқаро қидирувга берилди
Миграция агентлигининг собиқ бўлим бошлиғи Азизбек Тоштемиров Ўзбекистон томонидан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. «Қизил билдиришнома»да қайд этилишича, у фирибгарликда айбланмоқда. Тоштемиров 2025 йил март ойида қонунбузарликлар сабабли ишдан бўшатилган бўлиб, у Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолият юритган.
Унинг исми аввалроқ Жанубий Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ эҳтимолий коррупция ва имтиҳон қонунбузарликлари ҳақидаги хабарларда ҳам тилга олинган эди. Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схемани фош қилгани ҳақида хабар берган, шундан сўнг агентликнинг Кореядаги ваколатхонасидаги ходимлар тўлиқ алмаштирилган.





