
Жанубий Корея собиқ президентига ҳокимиятни эгаллаш айби қўйилди
Жанубий Корея прокуратураси экс-президент Юн Сук Йолни КХДРни қасддан қўзғатиб, ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали ҳокимиятни эгаллашга уринишда айбламоқда.

Жанубий Кореянинг импичмент эълон қилинган собиқ президенти Юн Сук Йол КХДРга қарши провокация уюштириш орқали ҳарбий ҳолат жорий этиш ва ҳокимиятнинг барча тармоқларини ўз қўлига олишга уринган. Бу ҳақда ишни олиб бораётган махсус прокурор Чо Ук Сук маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Юн Сук Йол ва унинг атрофидагилар 2024 йил октябрида КХДР ҳудудига учувчисиз учиш аппаратларини йўллаш орқали Пёнгянг томонидан ҳарбий жавоб қайтарилишига умид қилган. Бу эса мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиш учун асос бўлиши керак эди. Бироқ КХДР ҳарбий тузилмалари жанговор шайликка келтирилганига қарамай, тўғридан тўғри ҳарбий жавоб қайтармади.
Прокуратура Юн Сук Йол армияни сафарбар этиш орқали қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятини ҳам назорат остига олишни мақсад қилган, деб ҳисобламоқда. Махсус прокурорга кўра, ушбу режа амалга ошмагани КХДРнинг ҳарбий жавоб бермагани билан боғлиқ.
2024 йил 3 декабрда Юн Сук Йол миллатга мурожаатида ҳарбий ҳолат жорий этилганини эълон қилиб, бу қарорни «Шимолий Кореяга мойил аксилдавлат кучларига қарши кураш» билан изоҳлаган эди. У мухолифатдаги «Тобуро» партиясини давлатга хиёнат қилиш ва исён тайёрлашда айблаган.
Шундан сўнг Миллий Ассамблея президент қарорини бекор қилди ва Юн Сук Йол лавозимидан четлатилди. Кейин унга нисбатан давлатга хиёнат, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, исёнга раҳбарлик қилиш, ҳибсга олишга қаршилик кўрсатиш ҳамда ҳукумат аъзоларининг ҳуқуқларини бузиш бўйича жиноий иш очилди.
2025 йил июл ойидан бери Юн Сук Йол ҳибсда сақланмоқда. Ундан икки ой олдин «Тобуро» партияси номзоди Ли Жэ Мюнг муддатидан аввал ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонган эди.





