add

Жапаров: «Энергетика инқирозидан чиқишга икки йил қолди»

Кеча 16:554112 Дақиқа

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатдаги электр узилишларига изоҳ бериб, «35 йил сабр қилдингиз, яна икки йил сабр қилинг», дея халққа мурожаат қилди.

Жапаров: «Энергетика инқирозидан чиқишга икки йил қолди»

Қирғизистон президенти Садир Жапаров электр таъминотидаги узилишлар бўйича тарқалаётган норозиликларга муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар бўлмаганида, бугун аҳоли тўлиқ чироқсиз қолган бўлар эди.

Жапаровга кўра, 50–70 йилларда қурилган ва бир бор ҳам капитал таъмир кўрмаган ГЕСлар ҳокимиятга келган пайтда жуда ёмон аҳволда бўлган.

Тўрт йил давомида асосий гидроиншоотлар таъмирланган, хусусан, Тоқтағул ГЕСидаги тўрт агрегат янгиланиб, қувват 240 МWга ошган. Шунингдек, 28 та янги кичик ГЕС қурилиб, умумий ҳисобда 400 мегаваттдан ортиқ қувват ишлаб чиқара бошлаган.

Президент бу қурилмалар бўлмаганида, мамлакат умуман электрсиз қолиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, илгари Қирғизистонда электр етарли бўлган, чунки мамлакатда ишлаб чиқариш корхоналари кам эди. Сўнгги йилларда завод ва фабрикалар, мактаб ва боғчалар қурилиши ички талабни сезиларли оширган. Электр истеъмоли 14 миллиард kWhдан 20 миллиардгача кўтарилгани таъкидланди.

Жапаров 2028 йилга бориб энергетика инқирози тўлиқ ҳал этилишини маълум қилди. У мамлакатда юзга яқин янги ГЕС қурилаётганини, 15 декабр куни биринчи 120 MW қуёш станцияси ишга туширилишини билдирди.

Шунингдек, Қора-Кече ҳудудида 1200 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг, Қирғизистон импортдан воз кечиши ва чекловларсиз электр тақдим этиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Жапаров давлат электр энергиясини Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия ва Туркманистондан 3,5 сомга харид қилиб, аҳолига 1,37 сомдан сотилишини маълум қилди.

«Фарқни давлат қоплайди. Бу фарқ 30 йил давомида йиғилиб келган, 2020 йилга келиб, Миллий электр тармоғида 137 миллиард сомлик қарз пайдо бўлган. Қарзни ёпдик, 25 миллиард сом қолди. Келаси йилга келиб, қарзи қолмайди ва у даромад ола бошлайди. 35 йил сабр қилдингиз, яна икки йил сабр қилинг. Қўл қовуштириб ўтирмаймиз, ишлаяпмиз, Қамбар-Ата-1 қурилиши бошланяпти, 7—8 йил ичида тугайди. 1,5 миллиард доллар олдик, яна 1,5—2 миллиард доллар керак, лекин бу маблағни топамиз. Лойиҳа ўзини оқлайди», — дейди Садир Жапаров.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Садир Жапаров «Бундан буён тўнтаришларни фақат тушингизда кўрасиз», деган эди.

Теглар

Мавзуга оид