
Жисмоний шахсларга тегишли автотранспортлар сони маълум қилинди
Ўзбекистонда автотранспорт воситаларининг асосий қисмини енгил автомобиллар ташкил этади. 2024 йилнинг мос даврига нисбатан автомобиллар сони 415,3 мингтага ошган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони 4 млн 725,9 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 415,3 мингтага кўп бўлиб, мамлакатда хусусий автомобиллашув даражаси ортиб бораётганини намоён этмоқда.
Рўйхатдаги транспортларнинг мутлақ кўпчилигини енгил автомобиллар ташкил этмоқда. Улар умумий автопаркнинг 92,9 фоизини ёки 4 млн 392,4 минг донасини ташкил қилади. Мазкур ўсиш аҳоли даромадлари ошиши, ички бозорда янги ва қўлланилган автомобиллар таклифи кенгайиши ҳамда транспорт воситаларини расмий рўйхатдан ўтказишдаги қулайликлар билан изоҳланмоқда.
Юк автомобиллари сони ҳам 312,7 мингтага етди. Бу товар ташиш ҳажмларининг ортиши ва кичик бизнес фаолиятининг кенгайиши билан боғлиқ. Мамлакат логистика секторида юз бераётган фаоллик юк машиналари талабининг узлуксиз ўсишига сабаб бўлмоқда.
Микроавтобуслар 7,5 мингтани, махсус техника воситалари 7,3 мингтани, автобуслар эса 6 мингтани ташкил этди. Бу кўрсаткичлар жамоат транспорти секторида ҳам маълум даражада барқарорлик сақланаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябрь ойида мамлакатда барча автотранспорт воситалари савдосида фаоллик ортиб, электромобиллар сотувида энг тез ўсиш қайд этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





