ЖСТ остонасидаги Ўзбекистон, иккиламчи санкцияга қарши ҳаракат ва Брюсселда имзоланган тарихий битим — 24 октябр дайжести

24.10.2025 | 22:003 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

ЖСТ остонасидаги Ўзбекистон, иккиламчи санкцияга қарши ҳаракат ва Брюсселда имзоланган тарихий битим — 24 октябр дайжести

Ўзбекистонда туғилишлар сони камаймоқда

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида туғилишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ёки қарийб 15 минг нафарга камайган. Иккинчи чоракда пасайиш 3,1 фоиз ёки 6,7 мингтани ташкил этган эди. Демак, камайиш суръати икки баробарга яқин ўсган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тўплаган маълумотларга кўра, туғилишлар сони камайган ҳудудлар сони ҳам кескин кўпайган. Агар иккинчи чоракда туғилиш 130 та туманда камайган бўлса, учинчи чоракда пасайиш 170 та туманда кузатилган. Фақат 36 та тумандагина ўсиш қайд этилган. Шу билан бирга, туғилишлар ўсган ҳудудларда жами номинал ўсиш 1306 нафар болани ташкил этган.

Энг юқори ўсиш Сўх туманида кузатилган — туғилишлар сони 18,7 фоизга ошган. Конимех ва Фориш туманларида бу кўрсаткич мос равишда 10,8 ва 10,4 фоизни ташкил этган. Бироқ Хонобод шаҳрида туғилишлар 70 фоизга, Оҳангарон ва Янгиобод туманларида қарийб 28 фоизга пасайган.

Ўзбекистон ЕИ ва Панама билан ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни якунлади

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни якунлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашувида маълум қилинди.

Президентнинг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Уруновнинг ёзишича, Европа Иттифоқидан ташқари, Панама билан ҳам музокаралар якунланди. Ўзбекистон ЖСТнинг 31-давлати билан келишувга эришган. Фақат учта давлат билан музокаралар якунланса, кифоя.

МБ раиси Ўзбекистон Россия олтинини олиб сотаётганини рад этди

Ўзбекистон ҳеч бир давлатдан олтин сотиб олмаган ва сотиб олиш нияти йўқ. Ўзбекистон Марказий банки Россия олтинининг реэкспорти билан шуғулланмайди, умуман, ҳеч бир давлатдан олтин сотиб олмайди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов бугун, 24 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, бу ҳақдаги мақола The Economist журналида чиққан, кейинроқ мақоладаги хатолик тўғриланган.

«Умуман ҳақиқатан йироқ бўлган маълумот. Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Худога шукур, ўзимизга етарли олтинимиз бор. Бир неча ой олдин ҳақиқатан ҳам The Economist журналида мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаатлар қилиб, бу маълумот қаердан олинганлиги бўйича савол қўйдик, нотўғрилигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида шу мақоласида хатолигини тўғрилаб қўйди. Жуда ҳам бир тушунарсиз ҳолат бўлган, нопрофессионализм, бизни ҳайрон қолдирди», - деди МБ раиси.

Регулятор раҳбари бундай маълумотларни бемаъни деб атади.

Тимур Ишметов: «Биз иккиламчи санкцияларга тушмасликка қаттиқ эътибор қаратяпмиз»

Марказий банк раиси Тимур Ишметов АҚШ Молия вазирлигининг OFAC бошқармаси томонидан «Лукойл» ва «Роснефт» компанияларига нисбатан жорий этилган санкциялар бўйича фикр билдириб, Ўзбекистон иккиламчи санкция хавфини олдини олишга жиддий эътибор қаратaётганини таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакат банк тизими санкцияланган товарлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмасликка қатъий риоя қилмоқда, ҳар бир халқаро операция эса мониторингдан ўтказилади.

Ишметов таъкидлаганидек, бундай чоралар молия тизимининг барқарорлигини сақлаш ва халқаро ишончни таъминлашга хизмат қилади. Унинг сўзларига кўра, ҳар қандай санкциялардан кейин учинчи давлатларга таъсир қилмаслик учун музокаралар ўтказилади ва Ўзбекистон бу жараёнда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланди

24 октябр куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжат 1996 йилдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни алмаштириб, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини тубдан янгилайди ва кенгайтиради. Янги келишув Европа билан сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш, фан, таълим ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.

Битим бўйича музокаралар 2019 йил февралда бошланган бўлиб, 2022 йил июлда якунланган ва шу йилнинг 6 июлида Брюсселда парафирланган эди. У 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат бўлиб, деярли барча соҳаларни қамраб олади.

Теглар

Мавзуга оид