
Ўзбекистонда туғилишлар сони камаймоқда
2025 йилнинг учинчи чорагида туғилишлар яна 5,5 фоизга қисқарди. 170 та туманда туғилиш сони пасайган — бу сўнгги йиллардаги кенг қамровли тушиш ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида туғилишлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга ёки қарийб 15 минг нафарга камайган. Иккинчи чоракда пасайиш 3,1 фоиз ёки 6,7 мингтани ташкил этган эди. Демак, камайиш суръати икки баробарга яқин ўсган.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тўплаган маълумотларга кўра, туғилишлар сони камайган ҳудудлар сони ҳам кескин кўпайган. Агар иккинчи чоракда туғилиш 130 та туманда камайган бўлса, учинчи чоракда пасайиш 170 та туманда кузатилган. Фақат 36 та тумандагина ўсиш қайд этилган. Шу билан бирга, туғилишлар ўсган ҳудудларда жами номинал ўсиш 1306 нафар болани ташкил этган.

Энг юқори ўсиш Сўх туманида кузатилган — туғилишлар сони 18,7 фоизга ошган. Конимех ва Фориш туманларида бу кўрсаткич мос равишда 10,8 ва 10,4 фоизни ташкил этган. Бироқ Хонобод шаҳрида туғилишлар 70 фоизга, Оҳангарон ва Янгиобод туманларида қарийб 28 фоизга пасайган.

Таҳлилларга кўра, бу пасайиш мамлакатдаги «демографик яма» — мустақилликнинг илк йилларида туғилган авлод сони кам бўлгани билан изоҳланади. Ҳозир ана шу авлод фарзанд кўриш ёшига етган, натижада туғилишлардаги умумий кўрсаткич пасаймоқда.
Шу билан бирга, фертиллик даражаси — яъни ҳар бир аёлга тўғри келаётган фарзандлар сони — 2024 йилда 3,38 ни ташкил этган. Бу 2023 йилга нисбатан 0,09 бандга пасайган бўлса-да, мутахассислар мамлакат демографик кризис босқичида эмас, деб ҳисоблайди.





