add

МБ раиси Ўзбекистон Россия олтинини олиб сотаётганини рад этди

«Худога шукур, ўзимизга етарли олтинимиз бор», - деди Тимур Ишметов.

МБ раиси Ўзбекистон Россия олтинини олиб сотаётганини рад этди

Ўзбекистон ҳеч бир давлатдан олтин сотиб олмаган ва сотиб олиш нияти йўқ. Ўзбекистон Марказий банки Россия олтинининг реэкспорти билан шуғулланмайди, умуман, ҳеч бир давлатдан олтин сотиб олмайди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов бугун, 24 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, бу ҳақдаги мақола The Economist журналида чиққан, кейинроқ мақоладаги хатолик тўғриланган.

«Умуман ҳақиқатан йироқ бўлган маълумот. Биз ҳеч қачон бошқа давлатлардан олтин сотиб олмаганмиз ва сотиб олиш ниятимиз йўқ. Худога шукур, ўзимизга етарли олтинимиз бор. Бир неча ой олдин ҳақиқатан ҳам The Economist журналида мақолада шундай маълумот чиқди. Биз уларга расмий мурожаатлар қилиб, бу маълумот қаердан олинганлиги бўйича савол қўйдик, нотўғрилигини кўрсатдик. Улар кейинги сонида шу мақоласида хатолигини тўғрилаб қўйди. Жуда ҳам бир тушунарсиз ҳолат бўлган, нопрофессионализм, бизни ҳайрон қолдирди», - деди МБ раиси.

Регулятор раҳбари бундай маълумотларни бемаъни деб атади.

«Умуман ҳақиқатан узоқ, умуман бир бемаъни маълумот. Ҳеч қандай бир бунга қанақадир талаб ёки муҳтожлик йўқ», — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Бу 2024 йилнинг мос давридаги нисбатан 70,9 фоизга кўп. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банки август ойида 2 тонна олтин харид қилди.

Теглар

Мавзуга оид

МБ раиси Ўзбекистон Россия олтинини олиб сотаётганини рад этди | Vaqt.uz