
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида шериклик ва ҳамкорлик битими имзоланди
Брусселда имзоланган Кенгайтирилган шериклик битими икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариб, савдо, инновация ва барқарор ривожланиш соҳаларида кенг ҳамкорликни белгилади.

24 октябр куни Брюссел шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур ҳужжат 1996 йилдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни алмаштириб, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини тубдан янгилайди ва кенгайтиради. Янги келишув Европа билан сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш, фан, таълим ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
Битим бўйича музокаралар 2019 йил февралда бошланган бўлиб, 2022 йил июлда якунланган ва шу йилнинг 6 июлида Брюсселда парафирланган эди. У 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат бўлиб, деярли барча соҳаларни қамраб олади.
Ҳужжат «яшил иқтисодиёт», атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, рақамли технологиялар ва юқори технологиялар соҳаларида ҳам ҳамкорликни кенгайтиради. Шу билан бирга, у инсон капитали ривожи, илмий тадқиқотлар ва таълим алмашинувини қўллаб-қувватлайди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Белгияга расмий ташрифи доирасида Европанинг етакчи компания ва молия муассасалари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди.





