add

Киберхафвсизлик янги фирибгарлик усулларидан огоҳлантирди

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхафвсизлик маркази байрам олдидан Telegram ва онлайн савдоларда фирибгарлар хавфи ошганини маълум қилди.

Киберхафвсизлик янги фирибгарлик усулларидан огоҳлантирди

Ўзбекистонда Янги йил байрами олдидан киберфирибгарлик ҳолатлари фаоллашаётгани кузатилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази фуқароларни байрам табриклари ортига яширилган зарарли ҳаволалар ва қалбаки таклифлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Марказ маълумотларига кўра, фирибгарлар Янги йил совғаси кўринишида турли ҳаволаларни, асосан Telegram орқали тарқатмоқда. Ушбу ҳаволалар интерактив табрик ёки чиройли визуал контент сифатида тақдим этилади. Ҳаволани очган фуқаролар фишинг сайтларга йўналтирилиб, уларнинг шахсий маълумотлари ва банк карталари реквизитлари ноқонуний равишда қўлга киритилмоқда.

Қайд этилишича, замонавий фирибгарлик усуллари анча мураккаблашган. Энди фақат оддий .apk ёки .exe файллар эмас, балки «юкланмаяпти» деб кўрсатиладиган GIF-файллар орқали сохта янгилаш таклифлари ҳам қўлланилмоқда. Яна бир кенг тарқалган усул — «етказиб бериш хизмати» номидан юборилган хабарлар бўлиб, унда гўё Янги йил совғасини олиш учун иловалар ёки «юк хати»ни юклаб олиш талаб қилинади.

Киберхавфсизлик маркази бундай схемалар инсоннинг қизиқувчанлиги ва байрам кайфиятидан фойдаланишга қаратилганини таъкидлади. Шу боис фуқароларга ҳар қандай кутилмаган хабар ёки файлнинг манбасини текшириш, шубҳали ҳаволаларни босмаслик ва номаълум иловаларни ўрнатмаслик тавсия этилди. Медиа файл сифатида ниқобланган контент ҳам хавфли бўлиши мумкинлиги уқтирилди.

Шунингдек, интернетда арзон нархда озиқ-овқат, Янги йил арчалари ёки ўйинчоқлар таклиф қилиб, олдиндан тўлов талаб қилаётган эълонлар ҳам фирибгарлик аломатлари экани қайд этилди. Марказ онлайн харидларда пулни олдиндан ўтказмасликка чақирди.

Теглар

Мавзуга оид

Киберхафвсизлик янги фирибгарлик усулларидан огоҳлантирди | Vaqt.uz