«Кодекс буюртмалар столи эмас» — паркoвкага тўлов қилмаганлар муаммоси нега Маъмурий кодексгача етиб борди?
Тошкентда пулли паркoвка учун тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларни 824 минг сўмгача жаримага тортиш таклиф қилинмоқда. Бироқ бу ташаббус оддий жарима масаласидан чиқиб, давлат ваколатлари, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ва жазонинг мутаносиблиги ҳақидаги баҳсга айланди.

Тошкентда пулли паркoвкадан фойдаланиб, тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари — бугунги ҳисобда 824 минг сўм (1 сентябрдан 880 минг сўм) миқдорида жарима солиш таклиф этилмоқда.
13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл бўйидаги пулли паркoвкалардан фойдаланганлик учун тўловни амалга оширмаган шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Муҳокамалар 28 июлгача давом этади.
Таклиф эълон қилинган куннинг ўзиёқ ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамоатчилик фаоллари, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар ва кўплаб ватандошлар, аввало, тизимнинг ўзи тўлиқ ва шаффоф ишламаётган бир пайтда жарима жорий этилаётганини танқид қилди.
Бу ҳолатни жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳам тасдиқлайди. 27 июль ҳолатига кўра, қонун лойиҳаси билан қарийб 21 минг киши танишган. Шундан 589 нафар фуқаро ўз таклифларини билдирган. Овоз бериш натижаларига кўра эса 1 минг 177 киши лойиҳага қарши фикр билдирган бўлса, уни атиги 170 киши қўллаб-қувватлаган.
Бироқ баҳс фақат 824 минг сўмлик жарима ҳақида эмас. Пулли паркoвка тизими қандай ташкил этилди, оператор қандай танланди ва тўловни амалга оширмаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги норма киритишга етарли ҳуқуқий асос борми?
Vaqt.uz ушбу саволларга жавоб излаб, масаланинг ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатларини ўрганди.
Хато қаердан бошланди?
Пулли паркoвка атрофидаги бугунги баҳслар аслида 824 минг сўмлик жаримадан бошлангани йўқ. Унинг илдизи тизим жорий этилишидан аввалроқ, операторни танлаш жараёнига бориб тақалади.
2024 йил 25 ноябрь куни Тошкентдаги йўл бўйидаги пулли паркoвкаларни бошқариш ҳуқуқи «E-auksion» платформасига қўйилди. Бошланғич нарх 57 миллиард сўм этиб белгиланди. Савдолар давомида нарх қарийб икки баравар ошиб, 120 миллиард сўмга етди.
Бироқ бу нарх иқтисодий жиҳатдан реалми, деган савол ўша пайтдаёқ пайдо бўлганди. Оператор вакилларининг кейинчалик маълум қилишича, ижара ҳақи, дастурий таъминот харажатлари ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисобга олганда, лойиҳа бўйича йиллик молиявий юк 200 миллиард сўмга яқинлашиши мумкин эди. Бундай шароитда лойиҳа ўзини иқтисодий жиҳатдан оқлаши қийин бўлгани айтилган.
Натижада аукционнинг биринчи ғолиби — Balcom.uz шартнома тузишдан воз кечди ва савдо бекор қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев Kun.uz'га берган интервьюсида бунинг сабабини иштирокчилар аукцион шартларини тўлиқ англамагани билан изоҳлади.
«Аукцион бошида нарх 120 миллиардгача кўтарилди. Аукцион шунақа нарсаки, одам ўзини тўхтата олмай қолганда, “мен ютиб олай”, деб босиб-босиб кетилади. Кейин қараб кўрса, бу пулни тўлай олмаслиги ёки нима қилиши жуда шубҳа бўлганда, тушунишим бўйича, ютган одамнинг ўзи ҳам тушунган», — деди у.
Бахтиевнинг айтишича, айрим иштирокчилар 120 миллиард сўмлик таклифни бир марталик тўлов деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин.
«Бизнинг одамлар аукционда қатнашганда шартларини охиригача ўқимайди. Менимча, айримлар бу пулни бир марталик тўлов деб ўйлаган. Аслида эса бу ҳар йили тўланадиган ижара ҳақи эди. 120 миллиард сўмни ҳар йили тўлаш кичик маблағ эмас. Тадбиркор кейинчалик буни бажара олмаслигини тушунгач, аукциондан воз кечган», — деди ҳоким ўринбосари.
Фақат биринчи ғолиб эмас, ундан кейинги захира иштирокчи ҳам шартнома тузишдан бош тортган. Шундан сўнг «E-auksion» тизими амалдаги тартиб асосида такрорий аукционни автоматик равишда эълон қилган.
«Ундан кейин иккинчи ғолиб ҳам бу рақамнинг катталигини тушуниб, улар ҳам воз кечган. Кейин ҳокимият эмас, аукцион ўтказувчи ташкилот автоматик тарзда аукционни қайтадан ўтказган. Бу қандайдир кимнингдир гапи билан ёки қандайдир бузуқ ният билан бўлмаган», — деди Бахтиев.
Бироқ биринчи аукцион бекор қилингани билан саволлар тугамади. Аксинча, такрорий савдо натижалари жамоатчилик орасида янги муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ғолиб алмашди, саволлар ўша-ўша
Навбатдаги аукцион якунида пулли паркoвкаларни бошқариш ҳуқуқи 62,9 миллиард сўмлик таклиф билан «Street Park Systems» МЧЖга берилди.
Компания биринчи аукционда ҳам иштирок этган, бироқ ғолиб бўлмаган. Қизиғи, биринчи аукцион ўтказилган пайтда компания ташкил этилганига атиги 12 кун бўлган эди. Орадан икки ҳафта ўтиб ўтказилган такрорий савдода эса айнан шу компания ғолиб деб топилди.

Манба: Orginfo
Бу ҳолат қатор саволларни юзага келтириши табиий. Хусусан, нега биринчи аукционда иштирок этган бошқа компаниялар такрорий савдода қатнашмади, «Street Park Systems» эса ғолиб бўлди?
Ҳокимлик буни амалдаги аукцион тартиблари билан изоҳлади. Ҳоким ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг тушунтиришича, биринчи аукцион ғолиби ўз ихтиёри билан шартномадан воз кечгани сабабли иккинчи аукционда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Шунингдек, «Poytaxt Parking» лойиҳаси дастлабки кўринишда амалга оширилмади. Аввал 13 мингта паркoвка ўрни ташкил этилиши режалаштирилган бўлса, кейинчалик автобус йўлаклари, йўл ҳаракати хавфсизлиги талаблари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳаллий ҳокимият қарорлари сабаб қатор кўчалар лойиҳадан чиқарилди.
Натижада лойиҳа қамрови кескин қисқариб, тизим 55 та кўчадаги 5300 та паркoвка ўрнида иш бошлади. Шунга мос равишда операторнинг йиллик ижара ҳақи ҳам 62,9 миллиард сўмдан 32,8 миллиард сўмгача қайта ҳисобланди.
Пулли паркoвкадан тушган маблағ қаерга кетди?
Poytaxt Parking бош менежерининг Gazeta.uz'га маълум қилишича, компаниянинг 2025 йилдаги даромади 10,8 миллиард сўмни, лойиҳа бўйича зарар эса 60 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.
Шунингдек, 2025 йил бошидан буён лойиҳа учун 6,5 миллион доллардан ортиқ инвестиция йўналтирилгани айтилмоқда. Бу маблағ йўл инфратузилмасини тайёрлаш, паркoвка ускуналарини ўрнатиш, йўл белгилари, асфальт қопламаларини сақлаш, мобил иловани ишлаб чиқиш, инспекторлар ва техник ходимлар иш ҳақига сарфланган.
Оператор маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан 2026 йил июнь ойигача давлат бюджетига 35 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилган.
Бундан ташқари, шартномага мувофиқ компания Йўлларни ривожлантириш жамғармасига ҳам ҳар йили қатъий белгиланган бадал тўлайди. Ушбу тўлов паркoвкалардан қанча тушум олинганидан қатъи назар амалга оширилади ва йилига 20 миллиард сўмдан 61 миллиард сўмгача бўлиши мумкин.
824 минг сўмлик жарима нимага тенг?
Таклиф қилинаётган жарима миқдори — 2 БҲМ, яъни бугунги ҳисобда 824 минг сўм (1 сентябрдан 880 минг сўм).
Таққослаш учун, Тошкентдаги йўл бўйидаги пулли паркoвкаларда бир соатлик тўлов ҳудудга қараб 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланган. Демак, энг қиммат тариф бўйича ҳам паркoвка ҳақини тўламаган ҳайдовчига қўлланилиши таклиф этилаётган жарима хизмат қийматидан қарийб 69 баравар, энг арзон тариф бўйича эса 165 баравар юқори бўлади.
Таклиф қилинаётган жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бошқа айрим ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик билан ҳам бир хил.
Huquqbuzarlik | Jarima |
Pullik parkovka uchun to'lov qilmaslik (taklif) | 2 BHM – 824 ming so'm |
Taqiqlangan joyda transport vositasini to'xtatish yoki to'xtab turish | |
Odam tashish qoidalarini buzish | |
Yo'l-transport hodisasi oqibatida transport vositasi yoki mol-mulkka shikast yetkazish |
Натижада жамоатчилик орасида айнан 5–12 минг сўмлик хизмат учун 824 минг сўмлик жарима белгиланиши қонун лойиҳасининг энг баҳсли масалаларидан бирига айланди.
Ҳақиқатан ҳам атиги 2–3 фоиз ҳайдовчигина тўлаяптими?
Пулли паркoвка учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш ташаббусининг асосий сабаби сифатида тўлов интизомининг пастлиги кўрсатилмоқда.
Қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатида келтирилишича, бугунги кунда Тошкентдаги пулли паркoвкалардан кунига ўртача 15 минг нафар ҳайдовчи фойдаланади. Бироқ уларнинг атиги 2–3 фоизи, яъни 300–450 нафари хизмат ҳақини ихтиёрий равишда тўлайди.
Ҳокимлик ҳисоб-китобларига кўра, бир ой давомида пулли паркoвкалардан 465 минг нафар ҳайдовчи фойдаланади. Улардан 451–456 минг нафари тўловни амалга оширмайди. Натижада йилига 5 миллиондан ортиқ ҳақ тўланмаган ҳолат юзага келаётгани қайд этилган.
Айнан шу рақамлар қонун лойиҳасида маъмурий жавобгарлик жорий этишнинг асосий асосларидан бири сифатида келтирилмоқда. Оператор вакили ҳам худди шундай муносабат билдирган.
«Бугунги кунда паркoвкага кириб, машинасини бир соатми, уч соатми, беш соатми қўйиб, тўламасдан чиқиб кетаётганлар кўп. Ихтиёрий равишда тўлаяётганлар атиги 2–3 фоизни ташкил қилади. Мен юрист сифатида ҳар доим фуқаролар фойдаланган хизмати учун ўз вақтида ҳақ тўлаши тарафдориман. Афсуски, бизда фойдаланган хизмат учун тўламасдан кетиш ҳолатлари кўп учрайди», — дейди «Poytaxt Parking» ҳуқуқшуноси Даврон Аҳматов.
Унинг айтишича, компания тўловни жойида мажбурий ундириш ваколатига эга эмас.
«Биз машинани эвакуатор билан олиб кета олмаймиз, ғилдирагини қулфлай олмаймиз. Бизда бундай ваколат йўқ. Биз фақат фуқаролик-ҳуқуқий механизмлардан фойдаланишимиз мумкин — қарздорни аниқлаймиз, судга даъво киритамиз ва қарзни суд орқали ундирамиз», — дейди «Poytaxt Parking» ҳуқуқшуноси Даврон Аҳматов.
Шу ерда асосий савол туғилади: агар операторнинг ўзи қарздорликни ундириш учун суд орқали мурожаат қилиш имконияти мавжудлигини айтаётган бўлса, нега энди ушбу муносабатни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс орқали тартибга солиш таклиф қилинмоқда?
Ахир амалдаги қонунчилик қарздорликни ундиришнинг фуқаролик-ҳуқуқий механизмини аллақачон белгилаб қўйган. Унда янги маъмурий жавобгарлик тури айнан қайси ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиради?
Ҳуқуқий баҳс: маъмурий жавобгарликми ёки фуқаролик-ҳуқуқий муносабатми?
Пулли паркoвка учун маъмурий жавобгарлик жорий этиш ташаббуси эълон қилингач, унга нисбатан энг кескин муносабатлардан бирини Халқ демократик партияси (ХДП) билдирди.
Партия баёнотида, аввало, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи масаласи кўтарилди. ХДП Конституциянинг 98-моддасига таянган ҳолда, ҳокимлик қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар қаторига кирмаслигини, кодексларга ўзгартиш киритиш бўйича қонун лойиҳалари эса фақат Конституцияда белгиланган субъектлар томонидан киритилиши мумкинлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, партия пулли паркoвка учун ҳақ тўламаслик оператор ва фойдаланувчи ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабат эканини қайд этди.
«Фуқаролик кодексига мувофиқ, пулли паркoвка учун ҳақ тўлаш мажбурияти фойдаланувчи ва паркoвка оператори ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқади. Мазкур муносабатлар ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланади. Бу вазиятда тўловни ундириш учун маъмурий жавобгарликни назарда тутиш эмас, балки қонунчиликда белгиланган тартибни қўллаш, яъни тўланмаган маблағни оператор суд орқали ундириш чорасини кўриши лозим», — дейилади баёнотда.
ХДП, шунингдек, маъмурий жавобгарлик давлат томонидан оммавий ва умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун қўлланилишини, тижорат субъектининг даромадини таъминлаш мақсадида давлатнинг мажбурлов механизмларидан фойдаланиш ҳуқуқий давлат тамойилларига зид эканини таъкидлади.
Партияга кўра, ҳокимлик томонидан келтирилган «ҳайдовчиларнинг атиги 2–3 фоизи тўлов қилади» деган статистикага ҳам жамоатчиликда саволлар мавжуд. ХДП шу пайтгача пулли паркoвкалардан тушган тушумлар ва давлат бюджетига ўтказилган маблағлар бўйича тўлиқ ва очиқ маълумотлар эълон қилинмаганини қайд этди.
ХДПнинг ушбу баёнотидан сўнг пулли паркoвка оператори — «Poytaxt Parking» расмий раддия билан чиқди.
Компания, аввало, жамоатчилик муҳокамаларида унинг роли нотўғри талқин қилинаётганини билдириб, ўзини паркoвка майдонларининг эгаси эмас, балки хизмат оператори эканини таъкидлади.
«Шаҳар кўчалари, йўл четлари ва автотураргоҳлар давлат мулки ҳисобланади. “Poytaxt Parking” буларнинг ҳеч бирини сотиб олмайди ва ўз мулкига ҳам эга эмас. Биз шаҳар билан тузилган шартнома асосида оператор сифатида фаолият юритамиз ва фақат сервис функциясини бажарамиз», — дейилади компания баёнотида.
Оператор, шунингдек, маъмурий жавобгарлик масаласига ҳам изоҳ бериб, жарималарни жорий этиш ёки қўллаш унинг ваколатига кирмаслигини қайд этди.
«Биз жарима солмаймиз ва уларга алоқамиз йўқ. Маъмурий жавобгарликни жорий этиш давлат органларининг мутлақ ваколати ҳисобланади. Бу борадаги қарор компаниямиз эмас, балки ваколатли давлат институтлари томонидан қабул қилинади. Биз тегишли лойиҳанинг ташаббускори эмасмиз ва жазо чораларини қўллашда иштирок этмаймиз», — дейилади баёнотда.
Шунингдек, компания пулли паркoвкалардан йиғилган маблағлар шартномада белгиланган тартибда Тошкент шаҳар бюджетига йўналтирилишини, ўз фаолияти юзасидан фойдаланувчилар сони, йиғилган тўловлар ва бюджетга ўтказилган маблағлар бўйича маълумотларни очиқлашга тайёр эканини билдирди.
Адвокат: Маъмурий кодекс бизнес лойиҳаларини ҳимоя қилиш воситаси эмас
Адвокат ва автоблогер Камолиддин Бахавдиновнинг фикрича, пулли паркoвка учун ҳақ тўламасликни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс орқали тартибга солиш ҳуқуқий жиҳатдан жиддий саволларни юзага келтиради.
Унинг таъкидлашича, агар пулли автотураргоҳ хусусий тадбиркор ёки ҳокимлик билан тузилган шартнома асосида фаолият юритаётган хусусий оператор томонидан ташкил этилган бўлса, у ҳолда ҳайдовчи ва оператор ўртасидаги муносабат ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ҳисобланади.
«Агар пулли автотураргоҳ хусусий тадбиркор (ёки ҳокимият билан тузилган шартнома асосида фаолият юритувчи хусусий компания) томонидан ташкил этилган бўлса, у ҳолда автотураргоҳ ҳақини тўлаш мажбурияти ўз ҳуқуқий табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий мажбурият ҳисобланади», — дейди адвокат Камолиддин Бахавдинов.
Унинг қайд этишича, бундай ҳолатда хизмат ҳақи тўланмаса, операторда қарздорликни фуқаролик ишлари бўйича суд орқали ундириш ҳуқуқи юзага келади. Бироқ бу ҳолатнинг ўзи автоматик равишда маъмурий ҳуқуқбузарликни англатмайди.
«Пул мажбуриятининг бажарилмаслиги ҳар доим ҳам маъмурий ҳуқуқбузарликка айлантирилиши шарт эмас», — дейди адвокат.
Камолиддин Бахавдиновнинг фикрича, тадбиркорлик фаолиятининг ўзи таваккалчилик билан боғлиқ бўлиб, хизмат ҳақи ўз вақтида тўланмаслиги ҳам ана шундай хатарлардан биридир.
«Агар тадбиркор ҳақ эвазига хизмат кўрсатаётган бўлса, у ҳолда тадбиркорлик фаолиятига хос бўлган таваккалчиликни, шу жумладан, ҳақ тўланмаслиги хавфини ҳам ўзи зиммасига олади. Албатта, давлат пулли автотураргоҳлардан фойдаланиш тартибини белгилаши мумкин. Бироқ савол туғилади: хусусий тадбиркор фойдасига пул маблағини ундириш учун маъмурий жавобгарлик чораларидан фойдаланиш қай даражада тўғри?», — дея савол қўяди Камолиддин Бахавдинов.
Унинг таъкидлашича, ҳуқуқий баҳснинг марказида айнан давлатнинг маъмурий мажбурлов ваколатлари қайси мақсадда қўлланаётгани масаласи турибди.
«Давлатнинг маъмурий мажбурлов ваколатлари жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўлланилаяптими ёки хусусий тадбиркор олдидаги пул мажбуриятини таъминлаш воситасига айлантирилаяптими?», — дейди адвокат.
Ҳуқуқшунос бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2-моддасини ҳам эслатади. Мазкур моддага кўра, кодекснинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, ижтимоий адолат ҳамда қонунийликни ҳимоя қилишдан иборат.
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс буюртмалар столи эмас», — дейди ҳуқуқшунос.
Камолиддин Бахавдиновнинг фикрича, айнан шу нуқтага ҳуқуқий баҳо берилиши мазкур ташаббуснинг Конституция принциплари, фуқаролик ҳуқуқи ва маъмурий ҳуқуқ талабларига қанчалик мос келишини белгилаб беради.
Тошкентдаги пулли паркoвкалар ва тўловни амалга оширмаганлик учун таклиф этилаётган 824 минг сўмлик жарима атрофидаги баҳс оддий тўлов масаласидан анча кенгроқ муҳокамага айланди.
Аввало, пулли паркoвкадан фойдаланиш ҳайдовчи билан оператор ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ҳисобланади. Шу боис бундай муносабатдан келиб чиқадиган тўлов мажбуриятини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс орқали тартибга солиш энг камида ортиқча ва кераксиз бюрократия ҳам. Чунки, амалдаги қонунчиликда бундай қарздорликни ундиришнинг фуқаролик-ҳуқуқий механизмлари аллақачон мавжуд.
Баҳснинг яна бир муҳим жиҳати — жарима миқдори. Бир соатлик паркoвка нархи 5–12 минг сўм бўлган шароитда 824 минг сўмлик жарима белгиланиши, қолаверса, айни миқдордаги жарима тақиқланган жойда транспорт воситасини тўхтатиш ёки тўхтаб туриш, одам ташиш қоидаларини бузиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида транспорт воситаси ёки мол-мулкка шикаст етказиш каби ҳуқуқбузарликлар учун ҳам назарда тутилгани жазонинг мутаносиблиги юзасидан эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, тизимнинг ўзи ҳам операторни танлаш жараёни, иқтисодий модели, паркoвка ўринлари сонининг қисқариши ва шаффофлик масалалари бўйича ҳануз саволлардан холи эмас.
Шундай экан, мавжуд муаммоларни маъмурий жавобгарлик орқали ҳал қилишдан аввал, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва амалдаги фуқаролик-ҳуқуқий механизмлар нима учун етарли эмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан аниқ асосланиши лозим. Акс ҳолда, янги жарима мавжуд муаммоларга ечим бўлишдан кўра, улар устига яна янги ҳуқуқий баҳсларни қўшиши мумкин. Хуллас, жамоатчилик бу ишингиздан умуман норози, ўртоқлар!
Теглар






