add

Конго ДР ўрнига Нигерия ЖЧ-2026га йўл олиши мумкин: FIFA суриштирув бошламоқда

16.12.2025 | 21:599322 дақиқа

Конго Демократик Республикаси сафида футболчилар қоидаларга зид тарзда ўйнагани ҳақидаги иддаолар тасдиқланса, Нигерия миллий жамоасининг ЖЧ-2026га чиқиш имконияти пайдо бўлиши мумкин.

Конго ДР ўрнига Нигерия ЖЧ-2026га йўл олиши мумкин: FIFA суриштирув бошламоқда

2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати Африка саралаш босқичи плей-офф финали атрофида жиддий можаро юзага келди. Пеналтилар сериясида Нигерияни мағлуб этган Конго Демократик Республикаси (Конго ДР) қоидаларга зид равишда футболчиларни майдонга туширган бўлиши мумкин.

Африка ОАВларида тарқалган хабарларга кўра, Конго ДР Нигерияга қарши финал баҳсида ўйнаш ҳуқуқига эга бўлмаган камида 9 нафар футболчини майдонга туширган. Мазкур иддаолар асосида FIFA томонидан расмий суриштирув бошланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, плей-офф финалида асосий вақт ва қўшимча дақиқалар 1:1 ҳисобида якунланган, пенальтилар сериясида эса Конго ДР 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу тариқа Нигерия терма жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмасидан маҳрум бўлган.

Конго ДР эса 2026 йил мартида Ямайка–Янги Каледония жуфтлиги ғолиби билан плей офф баҳсида майдонга чиқади ва агар ғалаба қозонса, Португалия, Колумбия ва Ўзбекистон ўрин олган «К» гуруҳига бориб тушади.

Янги маълумотларга кўра, Конго ДР сафида ўйнаган 6 нафар футболчи фуқароликни ўзгартириш билан боғлиқ талабларни тўлиқ бажармаган. Айтилишича, Конго ДР қўшфуқароликни тан олмайди, ушбу футболчилар эса аввалги фуқаролигидан расман воз кечмаган.

Шунингдек, айрим футболчилар 21 ёшдан ошган бўлишига қарамай, бошқа давлатларга тегишли паспортлар билан майдонга тушгани ҳақида иддаолар мавжуд. Бу эса FIFA регламентларига тўғридан тўғри зид ҳисобланади.

SCORE Nigeria манбасига кўра, Нигерия томонидан киритилган шикоят аввалги йилларда Жанубий Африка–Лесото ўйини бўйича қабул қилинган жазолардан ҳам кучли ҳуқуқий асосга эга. Манбаларнинг таъкидлашича, агар қитъалараро плей-офф ўйинлари ҳали ўтказилмаган бўлса, Нигерия учун ҳали ҳам реал имконият сақланиб қолмоқда.

Агар FIFA иддаоларни тасдиқласа, ўйин натижаси бекор қилиниши ёки Конго ДР техник мағлубиятга учратилган ҳолда, Нигерия терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашни давом эттириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид