Коррупцияга мойил институт: ҳоким ёрдамчилари жамиятга қанчалик зарур?
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Аксилкоррупция агентлиги ўртасидаги маълумотларидаги тафовут ҳоким ёрдамчилари институти атрофидаги шубҳаларни янада кучайтирди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Марат Жўраев матбуот анжуманида 2025-йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ атиги 8 та коррупция ҳолати ижтимоий тармоқлардан кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини маълум қилди.
Vaqt.uz мухбири ушбу маълумот фақат битта сайт орқали ўрганилмаганми, деган савол билан мурожаат қилганида, вазир ўринбосари буни рад этиб, бундай хабарлар асосан ижтимоий тармоқларда «ваҳима» сифатида тарқатилганини айтди.
«Ижтимоий тармоқларда коррупция ҳолатлари асосан ҳоким ёрдамчиларида кузатилиши кўп ёритилади. Аммо мутлақо бундай эмас. Куни кеча интернет орқали 2025-йилда тарқалган хабарларни таҳлил қилдик. Ўтган йили ҳоким ёрдамчилари 8 та ҳолатда коррупцияга қўл ургани аниқланган. Бу барча ижтимоий тармоқлар ва платформаларда тарқалгани туфайли ваҳимага сабаб бўлган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритиладиган рейтингда ҳоким ёрдамчилари Топ-10 таликка ҳам кирмайди. Аммо бундай ҳолатларнинг битта бўлиши ҳам кўп, биз буни жуда яхши тушунамиз», — деди Марат Жўраев.
Вазир ўринбосари феврал ойидан бошлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича фаоллик даражасини баҳолаш мақсадида янги тартиб жорий этилганини маълум қилди. Унга кўра, ҳоким ёрдамчиси лавозимига тасдиқланишидан олдин номзодлар махсус тест синовидан ўтади.
«Бу йилдан бошлаб янги тажрибани йўлга қўйдик. Эндиликда ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодлар коррупцияга қарши курашиш бўйича фаоллик даражасини баҳоловчи тестдан ўтади. Тестдан муваффақиятли ўтганлар лавозимга тайинланади. Агар номзод тестдан ўта олмаса, у Бош прокуратура ҳузуридаги Раҳбар ходимларни баҳолаш маркази негизида ташкил этилган ўқув курсларига юборилади. Тестдан муваффақиятли ўтмагунча у лавозимга тайинланмайди», — деди вазир ўринбосари.
Унинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда турли саволлар уйғотди. Орадан бир кун ўтиб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги аслида коррупциявий хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ рақамлар анча кўп эканини очиқлади.
2025-йилда Ўзбекистонда 153 та жиноят иши доирасида жами 252 нафар ҳоким ёрдамчиси коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилди. Судлар томонидан айбдор деб топилган ҳоким ёрдамчиларига турли жазо чоралари қўлланилган.

Аввалроқ Акмал Бурхонов 12 нафар ҳокимлар коррупция сабабли жавобгарликка тортилганини очиқлаган эди.
2024-йилда эса ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 309 та коррупцион ҳолат аниқланган эди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бу масалага муносабат билдириб, муаммо фақат сонларда эмаслигини таъкидлади.
«Яна такрорлаймиз: муаммо сонларда эмас. Бу институтни ислоҳ қилиб, тузатиб бўлмайди, чунки бутун мазмун-мундарижаси бўйича иррационал тақсимлаш устига қурилган. 9 мингга яқин инсон ресурслари бошқа фойдали соҳаларда — қишлоқ хўжалиги, банк-молия, IT ва тадбиркорликда самарали фаолият кўрсатиши мумкин. Шунингдек, юзлаб миллиард сўм бюджет маблағларини ижтимоий қатламларга манзилли йўналтириш имконияти ҳам мавжуд», — дея ёзади иқтисодчи.
Акмал Бурхоновнинг айтишича, 2026-йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этиладиган коррупциявий жиноятлар улушини камайтиришга эришилади.
Маҳаллага ҳоким ёрдамчилари керакми?
2022-йил 1-январдан бошлаб ҳар бир шаҳарча, қишлоқ ва овулда, шунингдек шаҳарлар ҳамда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими жорий этилган эди.
Ушбу институтга катта умидлар билдирилган, унинг зиммасига тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш, камбағалликни камайтириш каби вазифалар юклатилган.
Аммо сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлаётган айрим хабарлар тизим фаолияти самарадорлиги ҳақида саволлар туғдирмоқда. Масалан, турли ҳудудларда қуйидаги ҳолатлар қайд этилган:
Тошкент шаҳрида ҳоким ёрдамчиси 30 минг доллар пора билан ушланган;
Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида ҳоким ёрдамчиси 33 млн сўмлик кредитни икки марта олиб бериш эвазига 4,5 млн сўм пора олаётганда ушланган;
Тошкентда ҳоким ёрдамчиси 20 киши номига жами 427 млн сўмдан зиёд кредит маблағларини расмийлаштирган;
Балиқчида масъуллар бюджет маблағларини сохта ҳужжатлар билан ўзлаштиргани аниқланган;
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси танишлари орқали ҳокимлик захирасидаги ерни 30 йилга ижарага олиб бериш учун 29 млн сўм сўраган;
Ҳоким ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва жиноят иши қўзғатиш билан таҳдид қилиб, фермердан 20 минг доллар талаб қилган;
Фарғона вилояти Боғдод тумани ҳокимининг ўринбосари 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган;
Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган;
Нурафшон шаҳрида бир неча марта судланган ҳоким ёрдамчиси 2 минг доллар билан ушланган.
Бундай хабарларнинг тез-тез учраб туриши табиий равишда бир саволни ўртага ташлайди: амалдаги «ҳоким ёрдамчиси институти» қанчалик самарали ишлаяпти?
Албатта, «беш қўл баробар эмас». Тизимда ўз вазифасини ҳалол ва масъулият билан бажараётган ҳоким ёрдамчилари ҳам бор. Аммо муаммо шундаки, институтнинг ўзи қанчалик самарали ишлаяпти? Уларнинг ваколатлари ва жавобгарлик механизмлари ўзаро мувозанатлими? Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳақиқатан ҳам ҳоким ёрдамчиларига таяниш керакми ёки бозор механизмларига кўпроқ эркинлик бериш кўпроқ натижа берармиди?
«Аввал иқтисод…» дастурида ҳам иқтисодчи Отабек Бакиров шу масалага тўхталиб ўтган эди. Унинг фикрича, ҳоким ёрдамчилари институтини қайта кўриб чиқиш зарур:
«Ўзи ҳоким ёрдамчиси деган институтни тугатсак, бу маҳалла институти учун ҳам енгиллик бўлар эди. Ҳозир ҳоким ёрдамчилари ҳақида ўйлаганимда кўзим олдига кўпинча коррупция билан боғлиқ ҳолатлар келади. Қидирув тизимларида “коррупция”, “пора”, “ер ажратиш”, “уй ажратиш” каби хабарларни кўрсангиз, кўпинча ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ воқеалар чиқади. Мен бу билан барча ҳоким ёрдамчилари шундай демоқчи эмасман. Улар орасида билимли, тажрибали, ўз ишини яхши биладиган мутахассислар ҳам бор. Аммо кўп ҳолларда улар аввал муваффақиятли ишлаши мумкин бўлган соҳалардан — банк, солиқ ёки бошқа тизимлардан ажратиб олиниб, ҳоким ёрдамчиси лавозимига қўйилган. Шунинг учун биз асосларга қайтишимиз, дунёда синовдан ўтган тизимларга қараб иш тутишимиз керак», — дейди иқтисодчи.
Ҳоким ёрдамчилари атрофидаги баҳслар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Бу аллақачон жамоатчилик орасида тез-тез муҳокама қилинадиган масалага айланган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари томонидан келтирилган «8 та ҳолат» ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги очиқлаган 252 нафар айбдор (153 та ҳолат) ўртасидаги қарийб 20 баробар тафовут — бу шунчаки «техник хато» эмас, балки тизимдаги муаммоларни хаспўшлашга ўхшайди.
Энг жиддий савол эса бошқача: агар бир тизим доимий равишда пора, кредит ажратиш, ер масаласи ёки бюджет маблағлари билан боғлиқ жанжаллар марказида бўлса, у ҳақиқатан ҳам ўз вазифасини бажараяптими? Ёки у янги коррупцион хавфларни юзага келтираётган қўшимча бўғинга айланиб қолдими?
Агар ҳоким ёрдамчилари институти маҳаллаларда иқтисодий фаолликни ошириш, камбағалликни камайтириш каби вазифаларни реал натижалар билан кўрсата олмаса, унда масалани очиқ қўйиш вақти келган: бу тизимни чуқур ислоҳ қилиш керакми ёки умуман бошқа, самаралироқ механизмларни излаш керакми? Чунки давлат тизимида ишламайдиган институтни сақлаб туриш на иқтисодга, на жамият ишончига фойда келтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz мухбири минимал истеъмол харажатлари ҳисоб-китоби ва республика бўйича ягона мезон сифатида қўллаш масаласи юзасидан вазирликдан изоҳ сўрагани ҳақида хабар берган эдик.
Теглар






