add

Криптовалюта эмас криптопул: 66 та хорижий атаманинг ўзбекча муқобили тасдиқланди

Кеча 08:257992 дақиқа

Янги рўйхатдаги сўзлар орасида халқ орасида кенг тарқалган «вертолёт» сўзи «тикучар», «негатив» сўзи «салбий», «пенаблок» сўзи «пўкак ғишт», «раковина» сўзи эса «чаноқ» деб таржима қилинди.

Криптовалюта эмас криптопул: 66 та хорижий атаманинг ўзбекча муқобили тасдиқланди

Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши — Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти олимлари 66 та хорижий атаманинг ўзбекча муқобилларини кўриб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.

Хорижий атамаларни ўзбекча муқобилларига алмаштириш бўйича тегишли ташкилотлар ишчи гуруҳлари ва жамоатчилик юборган таклифлар Атамалар комиссиясининг ишчи кенгаши — Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти олимлари томонидан кўриб чиқилди.

Тақдим этилган рўйхатда фан, техника, санъат, тўқимачилик, ижтимоий ҳаёт ва ахборот технологиялари каби соҳаларда қўлланадиган атамалар қамраб олинган. Шунга қўшимча равишда, техник соҳада ишлатиладиган қисқа шаклдаги атамалар —ЭТҲАТ, ДҚУ ва АВФ каби қисқартмалар ҳам ўзбекча мазмунга мос ҳолда қайта ифодаланган.

Масалан:

  • Аккомпанемент — жўрнавозлик

  • Аномал — ғайритабиий / ноодатий

  • Банкет — зиёфат

  • Блокчейн — занжирблок

  • Бонус — қўшимча / сийлама

  • Бренд — хоснoм

  • Копирайтинг — тижорий матн ёзиш

  • ДПО — майдалаш-янчиш бўлинмаси

  • Криптовалюта — криптопул

  • Негатив — салбий

  • Реванш — қайта кураш

  • Тренинг — машғулот

  • Ҳештег — калитсўз

  • АСКУЭ (Автоматизированная система коммерческого учёта электроэнергии) — ETHAT (Elektr energiyasini tijoriy hisoblashning avtomatlashtirilgan tizimi)

  • БГС (Барабанные гранулиряторы – сушилки) — DQU (Donalovchi quritish uskunasi).

Кенгаш аъзоларининг таъкидлашича, янгиланган атамалар луғати расмий ҳужжатлар, оммавий ахборот воситалари, ўқув қўлланмалари ва илмий ишлар учун муҳим методик асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, ишчи орган таклиф этилаётган атамалар юзасидан кенг жамоатчиликдан қўшимча фикр ва таклифларни ҳам қабул қилишини маълум қилди.

Ушбу ҳаволада ҳар бир атама бўйича изоҳлар мавжуд бўлиб, унда исталган киши ўз фикри ва бошқа муқобилларини қолдириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, март ойида 30 та атаманинг ўзбекча муқобили таклиф этилган эди.

Теглар

Мавзуга оид