add

Марказий банк 500 млн долларлик АҚШ облигациялари сотиб олди

Ўзбекистон Марказий банки ноябрда олтин-валюта захираларини диверсификация қилиш мақсадида 500 млн доллардан ортиқ АҚШ облигацияларини сотиб олгани маълум қилди.

Марказий банк 500 млн долларлик АҚШ облигациялари сотиб олди

Марказий банкнинг маълумотларига кўра, 1 декабр ҳолатига мамлакат олтин-валюта захираларида 1,52 млрд долларлик қимматли қоғозлар сақланмоқда. Бир ой давомида портфел 503,3 млн долларга ошди, жорий йил бошидан буён эса қимматли қоғозлар улуши 15 баробарга кенгайди. Шу билан регулятор захираларидаги қимматли қоғозлар улуши 1,72 фоиздан 2,49 фоизга етди.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов ноябр ойи охирида захираларни диверсификация қилиш режалари ҳақида гапириб, фаолият кенгайтирилаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, регулятор қатъий белгиланган даромадли инструментларнинг кенг доирасига инвестиция киритишни кўзламоқда. Улар орасида суверен облигациялар, трансмиллий ташкилотлар чиқарган қоғозлар, деривативлар ва бошқа юқори сифатли активлар бор. Барча молиявий инструментлар «А» даражадан паст бўлмаган кредит рейтингига эга бўлиши лозим.

«Биз (олтин-валюта захираларини диверсификация қилишни) қатъий даромадли АҚШ ғазначилик облигацияларидан бошладик, чунки улар анъанавий равишда хатарсиз активлар ҳисобланади. Аммо бошқа воситалар ҳам мавжуд — корпоратив облигациялар, халқаро молия ташкилотларининг қоғозлари. Бундай турдаги облигацияларга инвестиция киритишни бошлаш учун биз автоматлаштиришнинг ИТ-тизимини интеграциялашни якунлашимиз керак», — деди Марказий банк раиси ўринбосари.

Марказий банк Жаҳон банкининг RAMP дастури ёрдамида активларни бошқариш бўйича дастурий ечимларни жорий этиш учун RFP — таклифлар сўрови — ишлаб чиққан. Ушбу жараён якунлангач, регулятор бошқа турдаги активларга сармоя киритиш имкониятига эга бўлади.

Мамлакат қимматли қоғозлар бозорига илк қадам 2024 йил май ойида қўйилган бўлиб, ўшанда Марказий банк тарихда биринчи бор хорижий давлат облигацияларига 35 млн доллар сарфлаган эди. Октябрда 65 млн долларлик АҚШ ғазначилик облигациялари харид қилинди, йил якунлари бўйича уларнинг ҳажми 101 млн доллардан ошиб кетди. 2025 йилда ҳам регулятор хавфсиз активлар ҳисобига захираларни диверсификация қилиш сиёсатига содиқ қолмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон бозорида токенлаштирилган акция ва облигациялар ҳақида батафсил маълумот берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид