
Марказий банк Humans-Paylov тўловларини вақтинча тўхтатди
8 декабр кун Humans орқали пластик карталардан маблағлар сўровсиз eчиб олиниши юзасидан қилинган мурожаатлардан сўнг Марказий банк Paylov платформасига оид P2P ва тўлов хизматларини вақтинча тўхтатишни буюрди.

Марказий банк 8 декабр куни эрталаб фуқаролардан Humans мобил иловаси орқали номаълум тарзда маблағлар ечиб олинаётгани ҳақида биринчи мурожаатлар тушганини маълум қилди. Мурожаатларда асосан «PL Humans P2P H2H» белгиси қайд этилган бўлиб, бир қатор фойдаланувчилар ўз карталаридан йирик суммалар йўқолганини билдирган.
Марказий банкнинг расмий тушунтиришида қайд этилишича, Humans companies AJ ва Octagram AJ (Paylov савдо белгиси) ўртасида 2025 йил 10 апрелда тузилган 32-сонли шартнома асосида Humans агент сифатида Paylov орқали тўлов ва P2P хизматларини ўз мижозларига етказиб келган.
Маблағлар йўқолиши юзасидан маълумотлар келиб тушиши билан Марказий банк ўз ваколати доирасида Octagram AJ билан боғланди ва хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш мақсадида P2P амалиётларини дарҳол тўхтатиш бўйича кўрсатма берди.
9 декабр ҳолатига кўра, Humans мобил иловаси орқали Paylov платформасига тегишли барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган. Шу билан бирга, Uzcard ва Humo карталари орқали оддий тўлов ва пул ўтказмалари муаммосиз амал қилмоқда. Карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш ҳам тўлиқ сақланиб қолган.
Айни пайтда тезкор текширув ишлари бошланган. Барча шубҳали транзакциялар, техник жараёнлар, платформалар ўртасидаги ўзаро интеграциялар ва хавфсизлик механизмлари тўлиқ ўрганилмоқда.
Марказий банк якунланган текширув натижалари юзасидан қўшимча расмий ахборот тақдим этилишини маълум қилди. Фуқароларга эса ушбу ҳолат бўйича зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент туманалараро иқтисодий судининг 2025 йил 14 октябрдаги қарори билан «Humans» МЧЖ банкрот деб топилган ҳамда унга нисбатан фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатишга доир иш юритиш бошланиши ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган эди.





