Марказий Осиё ягона электр энергия бозорига қадам ташлади

25.01.2026 | 18:002 дақиқа

Марказий Осиё давлатлари ўртасида электр энергия савдосини бирлаштиришга қаратилган йирик минтақавий дастурга халқаро молиявий қўллаб-қувватлаш берилди.

Марказий Осиё ягона электр энергия бозорига қадам ташлади

Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши Марказий Осиёда электр энергия бозорини ривожлантириш ва энерготизимларни интеграция қилишга қаратилган REMIT дастурини тасдиқлади. Ушбу ташаббус 10 йилга мўлжалланган бўлиб, умумий молиялаштириш ҳажми 1 млрд доллардан ошиши кутилмоқда. Дастур минтақада илк бор ягона электр энергия бозорини шакллантиришни мақсад қилган.

REMIT доирасида давлатлар ўртасида трансчегаравий электр энергия савдосини кенгайтириш, электр узатиш тармоқларининг ўтказиш қувватини ошириш ва минтақавий интеграция учун институционал асос яратиш режалаштирилган. Банк маълумотларига кўра, бу қадам Марказий Осиё энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Дастур уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек минтақавий мувофиқлаштириш-диспетчерлик маркази «Энергия» 143,2 млн доллар миқдорида грант ва имтиёзли молиялаштириш олади. Бу маблағлар инфратузилмани модернизация қилиш ва бозор механизмларини ишга туширишга йўналтирилади.

Инвестиция ва талаб ўсиши

Молиялаштиришнинг асосий қисми Халқаро тараққиёт ассоциацияси ресурслари ҳисобидан таъминланади. Қўшимча 3,2 млн доллар Марказий Осиё учун сув-энергетика дастури фонди орқали ажратилади. Ушбу фонд Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия билан ҳамкорликда бошқарилади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда электр энергияга бўлган талаб 2050 йилга бориб уч баробарга ошиши мумкин. Ҳозирча давлатлар ўртасидаги электр энергия савдоси умумий талабнинг атиги 3 фоизини ташкил этмоқда, бу эса интеграция салоҳияти юқори эканини кўрсатади.

Ҳозирги пайтда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши умумий ишлаб чиқаришда тахминан 4 фоизга тенг. REMIT дастури ўзаро тўлдирувчи ресурслардан фойдаланишни назарда тутади: Қирғизистон ва Тожикистон гидроэнергетикаси, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги иссиқлик электр станциялари, шунингдек минтақанинг қуёш ва шамол энергетика салоҳияти.

Иқтисодий самара

Жаҳон банкининг баҳолашича, кейинги ўн йил ичида электр энергия савдоси ҳажми йилига 15 минг GWhʼгача етиши мумкин. Бу кўрсаткич миллионлаб истеъмолчилар эҳтиёжини қоплаш имконини беради.

Биринчи босқичнинг ўзида 900 MW атрофида янги қувватларни интеграция қилиш режалаштирилган бўлиб, бу 700 млн долларга яқин хусусий инвестицияларни жалб этиши мумкин. Банк Марказий Осиё бўйича директори Нажи бен Ҳассиннинг таъкидлашича, 2050 йилгача энергетик интеграция минтақада 15 млрд долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид