Logo

Марказий Осиёда ўзаро савдо 25 фоизга ўсди: Қозоғистон ва Ўзбекистон — мутлақ етакчи

Бугун 07:182 дақиқа

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, жорий йилнинг январ–июл ойларида Марказий Осиё давлатларининг ўзаро савдо ҳажми 8,1 миллиард долларни ташкил этди.

Марказий Осиёда ўзаро савдо 25 фоизга ўсди: Қозоғистон ва Ўзбекистон — мутлақ етакчи © Ijtimoiy tarmoqlar

Марказий Осиё давлатлари ўзаро савдо алоқаларини тобора кенгайтирмоқда. Минтақавий бозорда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзининг мутлақ етакчилигини сақлаб турибди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ривожланиш динамикасига бағишланган шарҳида маълум қилинди.

Жорий йилнинг январ–июл ойларида минтақанинг бешта давлати ўз қўшниларига жами 8,1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,4 фоизга кўп. Ушбу экспорт ҳажмининг 80 фоиздан ортиғи айнан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Минтақадаги энг йирик экспортчи мақомини ҳамон Қозоғистон эгаллаб турибди. Етти ой ичида у қўшни давлатларга 4,5 миллиард долларлик товарлар етказиб берган ва бу умумий минтақавий экспортнинг 55,9 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон эса 2 миллиард долларлик кўрсаткич билан минтақавий савдода 24,7 фоизлик улушга эга. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш бутун минтақадаги энг йирик савдо оқими бўлиб қолмоқда.

Бошқа йўналишларда ҳам ўсиш кузатилмоқда

Қолган икки томонлама савдо йўналишларида ҳам ижобий ўсиш қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан савдоси 50 фоиздан кўпроққа, Тожикистон билан эса 45 фоизга ошган.

Бир неча йиллик чегара чекловлари ва иқтисодий муносабатларнинг совишидан сўнг, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажми ҳам 3,3 баробарга ўсди.

Мазкур даврда Қирғизистон қўшниларга 523 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, импорт ҳажми 1,5 миллиард долларни ташкил этган.

Тожикистон қўшниларига сотганидан кўра кўпроқ маҳсулот сотиб олмоқда: Марказий Осиёдан импорт 35 фоизга ўсиб, 1,2 миллиард долларга етган бўлса, экспорт 6,2 фоизга ошиб, 209 миллион долларни ташкил қилган. Тожикистоннинг минтақавий савдосининг қарийб 94 фоизи айнан Қозоғистон ва Ўзбекистон билан амалга оширилади.

Туркманистоннинг савдо ҳамкорлари тақдим этган маълумотларга қараганда, бу мамлакат қўшни давлатларга 844 миллион долларлик товар экспорт қилган. Унинг ҳам асосий минтақавий бозорлари Ўзбекистон ва Қозоғистон бўлиб қолмоқда.

Маълумот ўрнида, «Евроосиё тараққиёт банки» ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йил якунлари бўйича 12,3 миллиард долларга етган. Бу 2020 йилдаги кўрсаткичлардан қарийб икки баробар кўп.

Мавзуга оид

Марказий Осиёда ўзаро савдо 25 фоизга ўсди: Қозоғистон ва Ўзбекистон — мутлақ етакчи | Vaqt.uz