Мартда аҳоли энг кўп коммунал хизматлар ва озиқ-овқат қимматлашганини сезди

Ўзбекистонда март ойида сезилган инфляция пасайган бўлса-да, аҳоли асосан коммунал хизматлар ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари ошганини қайд этди.

Мартда аҳоли энг кўп коммунал хизматлар ва озиқ-овқат қимматлашганини сезди © Javhar Chorshanbiyeva

2026 йил март ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция февралга нисбатан 0,5 фоиз бандга пасайиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган сўровнома натижаларида маълумот берилган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори инфляция Тошкент шаҳрида қайд этилди — 13,3 фоиз. Энг паст кўрсаткич эса Наманган вилоятида кузатилиб, 10 фоизни ташкил этди.

1

Manba: Markaziy bank

Қимматлашган ва арзонлашган маҳсулотлар

Март ойида айрим озиқ-овқат ва хизмат турлари арзонлашган. Хусусан, мева-сабзавотлар, тухум, йўлкира ва ташиш хизматлари нархлари нисбатан пасайган. Шунингдек, ижара тўловларида ҳам маълум даражада тушиш кузатилган.

Айни пайтда, гўшт ва сут маҳсулотлари, электр энергияси ва табиий газ, шунингдек, кафе ва ресторан хизматлари нархининг ошганини қайд этганлар улуши ортиб борган.

2

Manba: Markaziy bank

Аҳоли гуруҳлари бўйича фарқлар

Сезилган инфляция даражаси турли ижтимоий гуруҳларда фарқ қилмоқда. Энг юқори кўрсаткич ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари орасида — 13,0 фоиз, энг паст кўрсаткич эса ташиш хизматлари ходимлари орасида — 10,2 фоиз бўлган.

3

Manba: Markaziy bank

Даромад даражаси юқори бўлган аҳоли орасида инфляцияни сезиш даражаси янада баланд бўлиб, ойига 30 млн сўмдан ортиқ даромадга эга гуруҳларда бу кўрсаткич 16,7 фоизни ташкил этган.

4

Manba: Markaziy bank

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда эканлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид