
МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?
Марказий банк 11 декабр куни, яъни эртага асосий ставкани эълон қилади. Vaqt.uz бир нечта иқтисодчиларнинг ушбу масала юзасидан билдирган фикр ва мулоҳазаларини жамлади.

11 декабр куни (эртага) Марказий банк асосий ставкани эълон қилади. Сўнгги марта 24 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда инфляция хавфлари, инфляцион кутилмалар юқорилиги ва нархлар кўтарилиши эҳтимоли инобатга олинган ҳолда асосий ставка 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилган эди.
Маълумот учун, асосий ставка охирги марта 2025 йил 20 мартда 0,5 фоиз бандга оширилган. Шундан бери ставкада ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.
Vaqt.uz бир нечта иқтисодчиларнинг асосий ставка бўйича эртанги қарори ҳақидаги прогнози ва мулоҳазаларини тўплади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров:
Отабек Бакиров ставка 60 фоиз эҳтимол билан ўзгаришсиз қолиши, 40 фоиз эҳтимол билан эса 0,5 фоиз бандга пасайиши мумкинлигини таъкидлади.
Унга кўра, қулай ташқи конъюнктура (ошаётган олтин ва мис нархи, импортнинг маъмурий жиловланиши) ҳамда сўм мустаҳкамланаётганига қарамай, ички омиллар барибир эҳтиёткорликни талаб қилади. Хусусан, кредит каналлари яна фаоллашмоқда, фискал рағбатлантириш давом этмоқда. Декабр–февралда энергетикадаги нобарқарорлик ва энергия нархлари таъсири ҳам инобатга олинса, пул-кредит шароитларини қаттиқ ушлаб туриш мақсадга мувофиқ. Бакировнинг фикрича, асосий ставкани баҳоргача ўзгаришсиз қолдириш тўғри бўлади.
Иқтисодчи Баҳодир Ғаниев:
Бугунги кунда инфляция 10 фоиздан паст, Марказий банкнинг 14 фоизлик ставкаси эса юқори даражада. Бу асосан инфляцияни жиловлаш ва пул массасининг кескин ўсиб кетишини чеклаш учун қўлланилади. Бироқ бундай юқори ставка иқтисодий ўсишни, айниқса хусусий сектор фаоллигини секинлаштиради.
Ғаниевнинг тахминича, эртага ставка пасайтирилиши мумкин. Лекин Марказий банк одатда ставкани бир мартада 2–3 фоизга туширмайди — энг кўпи 1 фоиз ёки ярим фоиздан босқичма-босқич туширади.
У иқтисоддаги инқирозсимон жараёнлар, ташқи бозорларда сотув билан боғлиқ қийинчиликлар, юқори тилла нархи орқали олинаётган қўшимча даромадлар каби омилларни ҳисобга олган ҳолда, ставкани камида 1 фоизга тушириш эҳтимоли бор, деб ҳисоблайди.
Унингча, оптимал ставка бугунги шароитда 10–11 фоиз атрофида бўлиши керак. Бу иш ўринлари яратилишини рағбатлантириши, бизнес фаоллигини ошириши ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар учун кредитдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаши мумкин.

Иқтисодчи Фозил Додиев:
Менимча, Марказий банк асосий ставкани ўзгартирмайди. Аммо инфляция даражасини тушириш учун асосий ставкани ошириш лозим. Чунки Марказий банк олдига инфляцияни 5 фоизга тушириш вазифаси қўйилган.
Унинг фикрича, асосий ставка амалда бозордаги фоиз ставкаларини кескин ўзгара олмайди, чунки пул-кредит сиёсати трансмиссия механизми самарали ишламайди.
Додиев таъкидлайдики, ставка пасайиши фақат макроиқтисодий барқарорлик таъминланганидан кейингина ижобий натижа беради. Агар инфляция пасайса ва асосий ставка шунга мос равишда камайтирилса, бу тадбиркорлар ва аҳоли учун кредитларнинг мавжудлигини оширади. Аммо ҳозирги шароитда инфляция, асосий ставка ва бозор фоиз ставкалари ўртасида катта фарқ бор.
Иқтисодчиларнинг умумий фикрига кўра, эртанги қарор инфляция динамикаси, бозордаги фаоллик ва ташқи иқтисодий шароитларга боғлиқ бўлади.
Иқтисодчи Миркомил Холбоев:
Валюта курсининг мустаҳкамланиши ҳамда нисбатан қаттиқ пул кредит шароитларида аҳолининг инфляцион кутилмалари пасаювчи тенденцияни намоён қилмоқда. Хусусан, октябрь ойида кутилмалар 11,7 фоизгача секинлашган (август ойига нисбатан -0,5 фоиз банд). Йил бошига нисбатан аҳолининг инфляцион кутилмалари 2,7 фоиз бандга секинлашган.
Ноябрь ойи ҳолатига асосий ставка ва умумий инфляция орасидаги ижобий фарқ 6,5 фоизни, базавий инфляция ва асосий ставка орасидаги ижобий фарқ 7,7 фоизни, аҳолининг инфляцион кутилмалари (октябрь) ва асосий ставка ўртасидаги ижобий фарқ 2,3 фоизни (тадбиркорлар кутилмаларида 3,9 фоиз) ташкил этмоқда.
Шунингдек, Марказий банк 5 фоизлик таргетга 2026 йилда эмас балки 2027 йилнинг иккинчи ярмида етишни мақсад қилган. Шу маънода юқоридаги тенденциялардан асосий ставкани бироз пасайтириш мумкин деган хулосага келиш мумкин.
Лекин 9 ойда ЯИМнинг реал ўсиши 7,6 фоизни ташкил этди (менинг ўйлашимча бу потенциалда сезиларли юқори). Иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми жудаям юқори 41,4 фоизда ўсмоқда. ойлик кўрсаткич бўйича сўнгги ойларда кредит ажратиш ҳатто тезлашган (сентябрда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоиз). Яъни инфляцион босимлар пасаяётган бўлса-да, иқтисодиёт ҳалигача ўзининг потенциалидан юқори ўсмоқда. Бу ўз навбатида инфляциянинг талаб омиллари сақланиб қолаётганлигини кўрсатади. Инфляцион босимларнинг пасайиши эса асосан реал валюта курсининг май ойидан кейинги даврда мустаҳкамланиши билан изоҳланиши мумкин. Бундай шароитда нейтрал фаза томон ҳаракатланишни бошлаш талаб инфляциясининг босимларини оширади.
Инфляция нуқтаи назаридан қараганда балки ставкани бироз тушириш керак деган хулосага келиниши мумкин лекин, иқтисодий ўсишнинг юқори сақланиб қолаётганлиги (инфляциянинг талаб омили) шароитида фоиз ставкасини пасайтириш фазасига ўтиш менимча энг тўғри қарор бўлмайди.
Менимча, эртага Марказий банк асосий ставкани катта эҳтимол билан 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдиради.
Теглар






